06.05.2024
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим тизими бўйича бўлган тақдимотда айтиб ўтилди.
Таълим доим ривожланиб, янгиланиб борадиган жараён. Бу йўналишдаги ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида, давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 февралдаги қарорига асосан, “Таълим соҳасида лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси тузилган эди. Ўтган вақт мобайнида ушбу офис томонидан вазирликлар билан бирга ўқув жараёнларини янги тамойиллар асосида ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим хизматлари сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш бўйича чора-тадбирлар ва истиқболли ташаббуслар ишлаб чиқилди.
6 май куни Президент ҳузурида олий таълим йўналишларини оптималлаштириш, қабул ва малака тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда бакалавриатда 306 та йўналиш, магистратурада 625 та мутахассислик бор. Лекин уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.
Шу боис таълимнинг халқаро таснифи, илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларда янги йўналишлар очиш бўйича таклифлар билдирилди.
Олий ўқув юртларида таълим жараёнларини рақамлаштирган ҳолда деканатлар ва бошқа маъмурий тузилмаларни оптималлаштириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Шу нуқтаи назардан, 1 сентябрга қадар ўқув жараёнларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, янги тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.
Кейинги асосий масала бу – олий таълимга қабул тизимини янада адолатли қилиш ва давлат грантларини иқтидорга йўналтириш. Ҳозирги қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласа-да, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин.
Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.
Яна бир янгилик: энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.
Давлатимиз раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини таъкидлади.
Малака талаблари бўйича ҳам долзарб масалалар кўп. Юртимиздаги айрим мезонлар халқаро стандартларга ва иш берувчи талабларига тўлиқ мос келмайди. Меҳнат бозорида мавжуд 8 мингга яқин ишчи касбдан 5 мингдан ортиғи бўйича малака стандартлари ишлаб чиқилмаган. Борлари ҳам аниқ ва сифатли эмас.
Шунингдек, малакани баҳолаш марказларида сертификатлаш йўлга қўйилмаган. Миллий малака тизимига доир жараён ва ҳужжатлар Электрон платформада юритилмайди.
Шу боис Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил қилиб, иш берувчилар билан бирга малака талабларини тўлиқ ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
– Бу аҳоли бандлигига бевосита дахлдор долзарб масала. Шунинг учун бу борада қонунлар ишлаб чиқиб, вазирлик ва идоралар масъулиятини белгилаш, ижроси устидан назоратни кучайтириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тақдимотда муҳандислик соҳасидаги таълим сифати ҳам таҳлил қилинди.
Мамлакатимизда йилига 3 мингдан зиёд саноат корхоналари ташкил этилиб, 146 минг иш ўрни яратилаяпти. Уларда йилига 25 мингдан зиёд муҳандис ва технологларга эҳтиёж бор.
Бу йўналишда 33 та давлат олийгоҳида кадрлар тайёрланса-да, таълим сифати талаб даражасида эмас. Илғор хорижий университетларда аллақачон тўхтатилган айрим фан ва мутахассисликлар ҳали ҳам ўқитилмоқда. Ўқув режа ва дастурларининг қарийб ярми меҳнат бозори ва халқаро стандартларга жавоб бермайди.
Мутасаддиларга ушбу таълим йўналишида кескин ўзгариш ясаш бўйича кўрсатмалар берилди.