02.05.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси Ижрочи котиби Татьяна Молчанни қабул қилди.
Суҳбат аввалида Татьяна Молчан Президентимизга БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Минтақа ва мамлакат миқёсидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўтган йил ноябрь ойида Боку шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари комиссия 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги муҳим ўрнини, унинг транспорт, инновация, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва гендер тенглик, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши масалаларидаги кўмагини қайд этди.
2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган СПЕКАни ривожлантириш концепциясини тез фурсатда қабул қилиш, дастурнинг Мақсадли жамғармасини ишга тушириш ва қатор концептуал ҳужжатларни тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.