15.04.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” вазирлар мулоқотининг иккинчи йиғилиши доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Суҳайл ал-Мазруий давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайҳ Муҳаммад Ол Мактум, вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва Абу-Даби амирлиги Валиаҳди Шайх Ҳолид Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошган.
“Яшил” энергетика, металлургия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникация каби тармоқларда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Трансафғон темир йўлининг техник лойиҳасини тайёрлаш ва қурилишини бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.