18.03.2024
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 март куни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида инвестициялар жалб қилиш ҳамда экспортни кўпайтириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ўтган йили юртимизда 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилиб, озиқ-овқат саноатида 86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, бунча маҳсулотда 5 миллиард долларлик экспорт қилиш мумкин эди. Лекин вазирлар ва ҳокимлар ишни тўғри ташкил қила олмагани, экспортчилар муаммосини ҳал қилмагани сабабли бу кўрсаткич 2 миллиард доллардан ошмаган.
Йиғилишда экспорт таркиби ва географияси таҳлил қилинди. Хусусан, ўтган бир йилда Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Колумбия, Индонезия каби 10 дан ортиқ янги бозорлар очилиб, уларнинг сони 85 тага етди. Лекин, экспортнинг 80 фоизи 5 та давлат бозорига тўғри келаяпти. Шунингдек, 10 турдаги маҳсулотнинг улуши жами мева-сабзавот экспортида 60 фоизни ташкил қилади.
Ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлашга 700 миллиард сўм, ишлаб чиқаришни кўпайтиришга 1 триллион сўм йўналтирилмоқда. Лекин натижа шунга яраша эмас. Бу борада 1 миллион гектар ғалладан бўшайдиган майдон, 508 минг гектар аҳоли томорқаси, 260 минг гектар одамларга бўлиб берилган ерлар имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим туманлар умуман мева-сабзавот экспорт қилмаган.
Давлатимиз раҳбари бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат экспортини жадал ошириш учун яна қандай шароит керак бўлса, кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
– Инфляцияни жиловлаш ва валюта барқарорлигини таъминлаш экспорт билан чамбарчас боғлиқ. Кўп маҳсулот етиштириш билан бирга экспортга қулайликларни кенгайтирмасак, натижа кутилгандек бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда экспортчи тадбиркорлар ва логистика корхоналари вакиллари иштирок этди. Президент улар билан мулоқот қилиб, муаммо ва ташаббусларини эшитди.
Жумладан, Германия, Венгрия, Польша, Испания, АҚШ ва Қозоғистондаги савдо уйларини тадбиркорлар бошқарувига бериш, Нагоя, Мерсин, Роттердам, Циндао, Клайпеда, Доҳа каби йирик порт шаҳарларда савдо уйи очиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Яқинда Юқори Чирчиқдаги Агрохизматлар марказида халқаро аккредитациядан ўтган илк хусусий лаборатория очилди. Бу йил 8 миллион доллар инвестиция ҳисобига Зангиота тумани, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида ҳам худди шундай замонавий лабораториялар ишга тушади.
Тошкент шаҳрида Референс лаборатория ташкил этилиб, хусусий лабораториялар ишининг халқаро стандартларга мослиги таъминланади. Бунга Жаҳон банкидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан 12 миллион доллар берилади. Бундан буён, халқаро тан олинган реагентлар импорт божидан озод қилинади, уларга мажбурий экологик сертификат олиш талаб этилмайди.
Мутасаддиларга бошқа лабораторияларни ҳам халқаро аккредитациядан ўтказиш, мева-сабзавот сифатига хорижий давлатларнинг миллий талабларини ўрганиб, юртимиз экспортчиларига етказиш бўйича топшириқ берилди.
Халқаро кўргазмаларда қатнашиш тизимини қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди. Бунда тадбиркорларнинг рейтинги асоси қилиб олинади. Юқори ва ўрта рейтингга эга бўлган тадбиркорлар учун кўргазмаларда қатнашиш харажати 100 фоиз олдиндан тўланади. Паст рейтинглилар кўргазмада иштирок этганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этгандан кейин, харажатининг 50 фоиз қисми қоплаб берилади.
Кўплаб экспортчи корхоналарни қийнаётган масала бу – айланма маблағ. Шу боис жорий йилда Бизнесни ривожлантириш банкидан ушбу мақсадлар учун 1,5 триллион сўм ресурс йўналтирилади. Бу маблағлар эвазига, экспортчи корхонага фермер ва тайёрлов омбори билан тузган шартнома суммасининг 50 фоизигача имтиёзли кредит берилади. Кредитлар 18 фоиз ставкада 6 ой имтиёзли давр билан 1,5 йил муддатга ажратилади.
Маълумки, мева-сабзавот саноат маҳсулотларига қараганда тез бузилади, сифатини йўқотади. Шу боис маҳсулот туридан келиб чиқиб, йўқотиш миқдори 10 фоизгача белгиланади. Ҳўл мева, шарбат, қандолат, мураббо, жем каби бир хил ҳароратда етказиш талаб этиладиган маҳсулотлар учун совутгичли юк контейнерлари олиб келинади.
Табиий йўқотиш ва сифат бузилишини камайтириш учун қадоқлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу йўналишда замонавий корхона ташкил қилиб, тажрибали дизайнерларни жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.
Аҳоли томорқалари ва экин ерларида сархил мева-сабзавотлар етиштирилади. Уларни нақд пулга сотиб олиб, экспортга тайёрлаб берадиган таъминотчилар кўп. Энди улар ўзини ўзи банд қилган шахслар каби фаолият юритади ва айланмасидан қатъий назар барча солиқлардан озод бўлади.
Йиғилишда озиқ-овқат саноатидаги имкониятлар ҳам таҳлил қилинди.
Жорий йил бу йўналишда камида 100 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 1 миллиард доллар экспорт қилиш, ҳудудий дастурлар доирасида 833 миллион долларлик 528 та лойиҳани ишга тушириш режа қилинган. Бу соҳадаги лойиҳаларга йўналтириш учун банкларга 310 миллион доллар маблағ тақсимланган. Ушбу чоралар орқали тайёр озиқ-овқат экспортини 200 миллион долларга олиб чиқиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалардан келиб чиқиб, мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспорти бўйича Бош вазир раҳбарлигида комиссия тузилиши белгиланди.
Шунингдек, экишдан бошлаб, маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва сотиш занжирини тўлиқ қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрланади. Қишлоқ хўжалиги экспорти билан шуғулланувчи 2 минг 362 та корхонага кўмаклашиш, уларнинг сафини кенгайтириш чоралари кўрилади. Экспортчилар билан доимий “мулоқот майдони” яратилиб, ҳудудларда мавжуд маҳсулотлар, ташқи бозордаги талаб ва нархлар тўғрисида маълумот алмашиб борилади.