12.03.2024
Президент Шавкат Мирзиёев 12 март куни жорий йилда уй-жойлар ҳамда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши бўйича йиғилиш ўтказди.
Халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида барча ҳудудларда янги уй-жойлар барпо этилмоқда. Шу билан бирга, одамларнинг харид имкониятини кенгайтириш учун тўрт йил олдин ипотека тизимининг бозор тамойилларига асосланган янги тартиби жорий қилинди. Унга мувофиқ, ўтган даврда барча манбалардан 100 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Буларнинг ҳисобига ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 250 минг оила янги бошпанали бўлди. Даромади юқори бўлмаган 45 мингта оилага бошланғич бадал ва фоиз тўлови учун 2,4 триллион сўмлик субсидиялар берилди.
Жумладан, ўтган йили мамлакатимиз бўйича 85 мингта ёки 2022 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп хонадон қурилди. Аҳолига 17 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.
Аҳоли сонининг ўсишини инобатга олиб, бундай ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, жорий йилги дастур доирасида 100 мингта уй-жой қуриш режалаштирилган.
Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Аввало янги уйларнинг сотув нархи ва сифатига эътибор қаратилиб, номутаносибликлар кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга қурилиш таннархини пасайтириш ва уйлар сифатини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Шу мақсадда, таклифни кўпайтириш учун кўп қаватли уй-жойлар қурилишига қўшимча ерлар аукционга чиқарилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари бу соҳада аҳоли ва қурувчилар учун қатор янги имкониятлар берилишини маълум қилди.
Бу йил ипотекани молиялаштириш учун барча манбалардан 22,5 триллион сўм йўналтирилади. Жумладан, ипотека кредитлари учун қарийб 10 триллион сўм, даромади юқори бўлмаган 20 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловини қоплаш учун 2,3 триллион сўм берилади.
Пудрат ташкилотларининг айланма маблағини кўпайтириш учун 500 миллиард сўм ресурс йўналтирилади. Бунда йиллик 16 фоиз ставкада 12 ойлик имтиёзли давр билан 18 ойга имтиёзли кредитлар ажратилади.
Бу мақсадларга банклар ҳам ўз маблағларини киритади.
Қурилиш ишлари ҳамда аҳолининг уй-жой сотиб олиши учун ҳам қўшимча енгилликлар яратилади. Хусусан, энди 5 қаватли уйларни барпо этишга камида “қониқарли” ва 9 қаватли уйларга “ўрта қониқарли” рейтингига эга бўлган пудратчилар жалб қилинади. Бу – қўшимча 2 мингга яқин пудратчига йўл очиб беради.
Турар жойлар қурилишида “яшил” стандарт жорий қилинади. У асосида бунёд этиладиган уй учун пудратчиларга кредитлар бир фоиз паст, яъни йиллик 15 фоиз ставкада берилади.
Пудратчиларга кредитлар бўйича кафиллик бериш ва фоиз харажатини қисман қоплашга Тадбиркорлик компанияси томонидан 200 миллиард сўм йўналтирилади. Уй қурилиши учун махсус техникалар импорти бўйича берилган божхона имтиёзи яна бир йилга узайтирилади.
Бундан буён ипотека кредитлари бўйича гаровга олинадиган уйни суғурталаш талаби бекор қилинади.
Камбағалликдан чиқариш дастурига кирган ва турар жойи ночор аҳволдаги оилаларга, “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида, ўз ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлашга 120 миллион сўмгача ипотека кредити ажратиш йўлга қўйилади. Бунда кредитнинг 15 фоизи ва дастлабки беш йилда фоиз ставкасининг 6 фоизгача банди бюджетдан қоплаб берилади.
Аҳолига бу борада кўмаклашишда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси муҳим ўрин тутади. Ўтган уч йилда унинг кредит портфели 3 триллион сўмдан ошди. Ушбу компания устав капиталини 100 миллион долларга етказиш, хорижий маблағлар жалб этишни кенгайтириш вазифаси белгиланди.
Йиғилишда “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Бугунги кунда ҳудудларда 38 та массив қурилиши бошланган. Жорий йилда яна 17 та массив бунёд этиш кўзда тутилган.
Лекин айрим жойларда кечикиш ҳолатлари бор. Масалан, Сурхондарё, Андижон, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида қурилиш ишлари ортда қолмоқда.
Шу боис ҳар бир массив кесимида манзилли рўйхатни тасдиқлаб, бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Давлатимиз раҳбари бунда асосий талаблар – сифат, муддат ва таннарх эканини таъкидлади.
Айрим ноинсоф қурувчилар харидорлар ишончини суиистеъмол қилаётгани қайд этилар экан, улушдорлик асосида уй-жой барпо этишда аҳолини ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ер аукционида қатнашадиган қурилиш ва пудрат ташкилотларининг молиявий салоҳиятига минимал талаблар жорий қилиниши белгиланди.
Баъзи ҳудудлардаги эски уйлар реновация асосида янгиланиб, одамларга замонавий шароитлар яратилиши қайд этилди.
Бош вазир ўринбосари ва вилоят ҳокимлари қурилиш ишларини ташкил қилиш режалари юзасидан ахборот берди.