19.02.2024
Президент Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар ҳамда келгуси режаларга оид тақдимот билан танишди.
Маълумки, жорий йилнинг 12-17 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши (COP-14) бўлиб ўтди. Унда 130 дан ортиқ давлатдан 2 мингга яқин иштирокчилар қатнашди.
Тадбир якунлари бўйича Конвенцияга аъзо давлатлар томонидан ижрога қаратилиши учун 2024-2032 йилларга мўлжалланган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари бўйича Самарқанд стратегик режаси тасдиқланди. Экологик боғлиқлик бўйича глобал ҳамкорлик (GPEC) ташаббуси ишга туширилди.
Ўзбекистон БМТ конвенциясига 2024-2026 йиллар учун президент сифатида сайланди. Тошкент шаҳрида Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN)нинг Марказий Осиёдаги илк ваколатхонаси очилди. Шунингдек, БМТ Атроф-муҳит дастурининг Ўзбекистонда ваколатхонасини очиш бўйича келишувга эришилди.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда Марказий Осиёда 6 та трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни барпо этишга қаратилган лойиҳани амалга оширишга келишилди. Марказий Осиё давлатлари ва халқаро ташкилотлар ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланди.
Давлатимиз раҳбари бу соҳадаги ҳамкорликни давом эттириб, Ўзбекистоннинг ҳаракатлар режасини ва янги грант лойиҳалар ишлаб чиқиш, халқаро экология ташкилотлари ва конвенция бош қароргоҳида соҳа ходимларининг малака ошириши бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди.
Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 205 миллион доллардан зиёд бўлиб, 6 йил давомида амалга оширилади. Бу маблағ ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, ўрмон хўжаликлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, барқарор бошқарувни жорий этиш, экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш каби мақсадларга йўналтирилади.
Хусусан, ўрмонларни тиклаш ва муҳофаза қилишда инновацион бошқарув тизими ҳамда ахборот технологиялар жорий қилинади. Деградацияга учраган ўрмон ерлари тикланади. Чегарадош ҳудудлардаги ландшафтни тиклаш бўйича қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ривожлантирилади.
Буларнинг натижасида, жумладан, 175 минг гектар ўрмонлар ва 38 минг гектар яйловларни қайта тиклаш, 19 минг гектарда агроўрмон ва 5 минг гектарда саноатбоп ўрмонлар барпо этиш, 63 километр эко йўлаклар ташкил қилиш кўзда тутилган.
Жорий йил 4 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Тақдимотда мазкур фармон ижроси доирасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Юртимизда йилига ўртача 6,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Сўнгги йилларда санитар тозалаш хизмати билан қамраб олинган маҳаллалар сони 90 фоиздан ошди. Лекин чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси юқори эмас. Ҳозирда бундай корхоналар 313 та холос.
Президент фармонида бундай фаолиятни янада рағбатлантириш чоралари белгиланган. Жумладан, 2024 йил 1 июндан бошлаб маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёни реализация қилиш фақат биржа орқали амалга оширилади. Чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади. Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида хусусий шериклик ривожлантирилади.
Чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганлик учун жарима миқдорини ошириш, чиқинди ташлаб кетилган жойни тозалаш ва олиб чиқиб кетиш мажбуриятини белгилаш чоралари кучайтирилмоқда.
Шунингдек, тақдимотда маиший чиқинди полигонларини оптимизация қилиш, чиқиндилардан маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, чиқинди полигонларини инвестициялар киритишга жозибадор қилиш учун уларнинг буфер ҳудудларига махсус иқтисодий зоналар режимини жорий этиш, чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ҳамда органик усулда ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича янги тизим йўлга қўйилади. Ушбу янги тизим бўйича биринчи пилот лойиҳа Андижон вилоятида амалга оширилади.
Жумладан, Андижон туманида 13 миллион доллар инвестиция эвазига органик чиқиндидан 100 минг тонна ўғит, Асакада чиқиндидан йилига 2 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарадиган лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Келгусида ушбу Андижон тажрибаси юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этилади.