19.02.2024
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚарориТуркман халқининг улуғ фарзанди Махтумқули Фироғий нафақат туркий халқлар, айни пайтда жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида алоҳида ўрин эгаллаган атоқли шоир ва мутафаккирдир.
Ҳассос сўз санъаткорининг чуқур гуманизм билан суғорилган асарлари мард ва матонатли, меҳнаткаш туркман халқининг эзгу қадриятлари ва олижаноб фазилатларини тараннум этиши, ҳамиша халқ билан ҳамдард бўлишга, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган мазмун-моҳияти билан барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат намунасидир.
Бу йил нуфузли халқаро ташкилот – ЮНЕСКО раҳнамолигида Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллик қутлуғ юбилей санаси дунё миқёсида кенг нишонланаётгани ҳам шоир адабий мероси жаҳон сўз санъатининг бебаҳо хазинасига айланиб, инсониятнинг маънавий оламини юксалтиришга хизмат қилиб келаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон дунёда Махтумқули асарлари энг кўп нашр қилинадиган ва ўқиладиган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилиши, албатта бежиз эмас. Юртимизда мумтоз шоирнинг шеърлари ва улар асосида яратилган қўшиқлар кириб бормаган бирор-бир хонадон, унинг номини билмайдиган бирор-бир ўзбек топилмайди. Махтумқули асрлар мобайнида халқимизнинг ўз шоирига айланган. Унинг шеърлари ўзининг теран фалсафий маъноси, халқона руҳи, юксак бадиияти билан бахши ва ҳофизларимиз, шоирларимизга илҳом бағишлаб, ҳамиша давраларда янграб, эл-юртимиз қалбида яшаб келади.
Махтумқулининг ўз даврида Хивадаги машҳур Шерғозихон мадрасасида таҳсил олгани, Алишер Навоийдек буюк сўз санъаткорини ўзига устоз деб билгани халқларимиз ўртасидаги чинакам дўстликнинг ажойиб намунасидир. Махтумқули Хивада жуда кўп устоз ва маслакдошлар, дўст-ёр ва мухлислар орттирган, бу ерда кечирган йилларини миннатдорлик билан эслаб, гўзал шеърлар битганини ўзбек китобхонлари яхши билади.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатлари тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Махтумқули Фироғийнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки қардош эл учун бирдек ардоқли бўлган шоирнинг баркамол асарлари мамлакатимизда мунтазам равишда, йирик ададларда нашр этилмоқда. Тошкент ва Хива шаҳарларида шоир хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари табаррук зиёратгоҳларга айланган.
Ўзбек халқининг Махтумқули Фироғий сиймосида қардош Туркманистон халқига, унинг бой тарихи ва маданияти, урф-одат ва қадриятларига ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин намунаси сифатида ҳамда шоир таваллудининг 300 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:
1. Маданият вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бадиий академия, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда жамоатчилик вакилларининг буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини мамлакатимизда кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмита (А.Н. Арипов) икки ҳафта муддатда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.
Чора-тадбирлар дастурида:
Махтумқули Фироғийнинг “Танланган асарлар”и ҳамда унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган илмий мақолалар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
давлат буюртмаси асосида Ўзбекистон ва Туркманистон кино усталари ҳамкорлигида Махтумқули Фироғийга бағишланган бадиий фильм яратиш;
шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида спектакль саҳналаштириш;
ёш хонандалар ўртасида “Махтумқули шеърлари билан айтиладиган энг яхши қўшиқлар ижрочиси” республика танловини ўтказиш;
Бадиий академиянинг марказий кўргазмалар залида ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик ва қардошлик алоқаларини тараннум этувчи тасвирий санъат асарлари кўргазмасини ташкил этиш;
Хива шаҳрида Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Махтумқули ижодининг ўзбек адабиёти ва санъатида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш;
мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;
2024 йил октябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Махтумқули Фироғий хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш тадбирлари кўзда тутилсин.
4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга ажратилган бюджет маблағлари, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев