15.02.2024
Давлатимиз раҳбари Андижон шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатини кўздан кечирди.
Мазкур муассаса ўтган йили 50 миллиард сўм давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилган. У 504 ўринга мўлжалланган бўлиб, 5-11 синфларда аниқ ва табиий фанларни чуқур ўқитишга ихтисослашган. Мактабга ўқувчилар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан имтиҳон асосида олинади.
Мактаб-интернатда 60 дан ортиқ ўқув ва компьютер хоналари, чет тили синфлари, лаборатория мавжуд. Шунингдек, 222 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали замонавий жиҳозланган.
Президентимиз шу ерда ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Мактабнинг юқори синфлари билан олийгоҳ дастурлари ўртасида узвийликни таъминлаш, бир-бирини такрорлайдиган дарсларга ёшларнинг вақтини кетказмасдан, кўпроқ амалиётга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Умуман, мактабларга таълим, тарбия ва маънавият бўйича янги муҳит олиб кириш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Андижон шаҳрида бунёд этилаётган Универсал спорт мажмуасини бориб кўрди.
Ҳозирда тўрт минг томошабинга мўлжалланган ёпиқ зал қурилган. Унда бир нечта спорт тури бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин бўлади. Жумладан, жорий йил кузда футзал бўйича жаҳон чемпионатининг айрим ўйинлари шу ерда ўтказилади.
Йирик мажмуада бассейн, кафе, ресторан ҳам бўлади. Машҳур спортчиларнинг маҳорат мактаблари учун ҳам шароит яратилади. Машғулотлар спорт федерациялари ва олий таълим масканлари билан боғланган ҳолда олиб борилади.
Мажмуани самарали эксплуатация қилиш, замонавий бошқарувни жорий этиш лозимлиги айтилди.