24.01.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифини ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашувдан бошлади.
Халқ йиғинлари уйида ўтган учрашувда кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
ХХР ҳукумати раҳбари икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Хитой муносабатлари барча соҳа ва йўналишларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини қайд этди.
Ўтган йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткични, шу жумладан юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига 20 миллиард долларга етказиш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди.
Инфратузилмани модернизация қилиш, саноат кооперациясини, қишлоқ хўжалигида технологиялар трансферини кенгайтириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Хитой компанияларининг мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиши истиқболлари кўриб чиқилди.
22 январь куни Урумчи шаҳрида ўтган биринчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлар форуми ва саноат кўргазмаси натижалари юқори баҳоланди.
Хитойда шу кунларда таълим форуми ва Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилаётгани қайд этилди. Томонлар авиақатновлар ва сайёҳлик алмашинувини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Якунда Президентимиз ХХР Давлат кенгаши Бош вазирини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.