17.11.2023
Қадрли ватандошлар!
Сиз, азизларни Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилгани ва юртимизда уран саноатига асос солинганининг 65 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бепоён Қизилқум бағридан қазиб олинаётган, дунё миқёсида юксак эътироф этилаётган олтин, табиий уран ва бошқа нодир қазилма бойликлар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини таъминлашда беқиёс стратегик аҳамиятга эга экани барчамизга яхши маълум.
Шу маънода, 40 дан ортиқ миллатга мансуб қарийб 50 минг нафар юқори малакали ишчи, муҳандис ва мутахассислар меҳнат қилаётган мазкур комбинат ва 3 йил олдин унинг таркибидан ажралиб чиққан “Навоийуран” корхонаси миллий саноатимиз фахри, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Кейинги йилларда соҳа ривожига қаратилаётган улкан эътибор ҳамда ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар жадал жорий этилаётгани туфайли комбинат олтин ишлаб чиқариш бўйича етакчи хорижий компаниялар орасида 7-ўриндан 4-ўринга кўтарилди. “Мурунтов” кони эса халқаро рейтингларда юқори поғоналарни эгаллаб келмоқда.
Қисқа муддатда комбинатда 23 та йирик инвестиция лойиҳаси, жумладан, 5, 6 ва 7-гидрометаллургия заводлари, 2-гидрометаллургия заводининг иккинчи навбати ишга туширилиб, 15 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилгани диққатга сазовордир. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бу йил олтин ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 25 фоиз, табиий уран 20 фоиз, кумуш эса 46 фоизга ошганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бугунги кунда Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича дунёда 5-ўринни эгаллаб турибди. “Навоийуран” давлат корхонаси ўз маҳсулотини юз фоиз экспортга йўналтирмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида янги қувватлар учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозлар ҳудуднинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда. Биргина Навоий машинасозлик заводида йилига ўртача 15 минг турдан зиёд импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар тайёрланаётгани буни тасдиқлайди.
Соҳа учун малакали муҳандис кадрлар етказиб бериш мақсадида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг моддий-техника базаси ва илмий-педагогик салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Мураккаб технологик жараёнларни асосан ана шундай олийгоҳларимизда таълим олган азму шижоатли ёшларимиз бошқараётгани барчамизни қувонтиради.
Ишчи ва хизматчилар меҳнатини рағбатлантириш, уларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини яхшилаш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Кўплаб кончиларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Бугунги байрам муносабати билан яна бир гуруҳ соҳа вакиллари фахрий унвон, орден ва медалларга сазовор бўлдилар. Уларни ана шундай юксак мукофотлар билан чин дилдан табриклаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилайман.
Ҳурматли дўстлар!
Биз “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида ушбу соҳада ҳам кўплаб ишларни амалга оширишни режа қилганмиз. “Оқтов” конини ўзлаштириш, кўплаб янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уран қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмини уч баробар кўпайтириш шулар жумласидандир.
Ўз ҳаётини шундай муҳим соҳага бағишлаган сиз, азизлар жамоаларингиздаги шонли меҳнат анъаналарини муносиб давом эттириш, мамлакатимиз кон саноати шуҳратини янада ошириш учун бундан буён ҳам катта куч-ғайрат билан меҳнат қиласизлар, деб ишонаман.
Сизларни бугунги қутлуғ айём билан яна бир бор табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, олижаноб фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти