03.11.2023
Ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелович!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Авваламбор, сиз, азизлар билан яна дийдор кўришиб турганимдан ғоят мамнунман.
Бугунги саммитни юксак даражада ташкил этгани учун Қозоғистон Республикаси Президенти, ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга чуқур миннатдорлик изҳор этаман.
Сўзимни буюк аждодимиз – қадимий турк давлати асосчиларидан бири Билга Хоқоннинг қуйидаги даъвати билан бошламоқчиман: “Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа – янада юксалгайсан!”
Ушбу ибратли сўзлар бугунги шиддатли замонда – Туркий давлатлар ташкилоти ўз фаолиятини тобора такомиллаштириб бораётган бир даврда албатта чуқур маънога эга. Тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган қардош халқларимиз овози эндиликда дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, дўст Қозоғистон элини яқинда кенг нишонланган мамлакат миллий байрами – Республика куни муносабати билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Шунингдек, Туркия Президенти, қардошим Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийларини ва бутун турк халқини Республика эълон қилинган куннинг қутлуғ 100 йиллик тантаналари билан самимий табриклайман.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Барчангиз яхши биласиз, туркий дунёда дўст Озарбайжон халқи ўзининг муносиб ўрни ва катта обрў-эътиборига эга. Сўнгги йилларда Озарбайжон халқи қадрли биродарим Илҳом Ҳайдарович етакчилигида оламшумул ютуқларни қўлга киритмоқда.
Тарихий адолат қарор топиб, мамлакатнинг ажралмас қисми бўлган Қорабоғ ҳудудини бунёдкорлик маконига айлантириш борасида улкан натижаларга эришилмоқда.
Мен август ойида Шуша ва Фузулий шаҳарларида бўлиб, кенг кўламли ўзгаришларга, замонавий инфратузилма барпо этилаётгани, вайрон бўлган маданий мерос объектлари қайта тикланаётганига шахсан гувоҳ бўлдим.
Озарбайжон халқини буюк ғалаба – мамлакат ҳудудий яхлитлиги тўлиқ тиклангани билан яна бир бор чин юракдан самимий табриклайман.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда. 160 миллион аҳолини қамраб олган Ташкилотимиз ҳудуди катта иқтисодий имкониятлар макони ҳамдир.
Бизнинг мамлакатимиз Ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик шериклик алоқалари ўрнатганини катта мамнуният билан айтиб ўтмоқчиман.
Ўтган йили “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида бўлган Самарқанд саммитида имзоланган ҳужжатлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон раислиги даврида юздан ортиқ турли тадбирлар ўтказилди, муҳим ташаббуслар илгари сурилди. “Туркий нигоҳ – 2040” концептуал дастури асосида амалий ҳамкорликнинг янги ва янада самарали механизмлари яратилди. Жумладан, Туркий давлатлар Касаба уюшмалари ташкилоти, Фазо тадқиқотлари академияси, Жўғрофий кенгаш, Қурғоқчиликни бартараф этиш институти, Нотариал идоралар уюшмаси каби янги тузилмалар иш бошлади. Қатор нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг турли ихтисослашган институтлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан яқин шериклик алоқалари ўрнатилди.
Глобал иқтисодий инқироз кучайиб бораётганига қарамасдан, олиб бораётган тизимли ишларимиз натижасида ўзаро савдо ҳажми ўсмоқда.
Ўзбекистоннинг раислиги даврида бизга фаол кўмак кўрсатган барча давлатларга ва Ташкилот Котибиятига яна бир бор миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Барчамиз гувоҳ бўлаяпмиз, бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олмоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келмоқда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаймоқда.
Айниқса, Яқин Шарқда узоқ вақтдан буён давом этаётган Фаластин-Исроил муаммосининг ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни жиддий хавотирга солмоқда. Қуролли тўқнашувда тинч аҳоли, айниқса, кексалар, аёллар ва болалар орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар сони кескин ортиб, низонинг кенг ёйилиб кетиш хавфи кучаймоқда.
Шу муносабат билан томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериб, ўт очишни тўхтатишга, гуманитар мақсадларда муросага келишга чақирамиз.
Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими – низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишдир.
Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга. Биз Ташкилотимиз доирасида бу борадаги якдил ва қатъий позициямизни бутун дунёга эълон қилишимиз зарур.
Ҳурматли саммит қатнашчилари!
“Туркий давр” шиори остида ўтаётган бугунги саммитимизда кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларимизни янада кенгайтиришга қаратилган қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчиман.
Биринчидан, Ташкилот доирасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлаш, биргаликда турли тўсиқларни самарали енгиб ўтиш бош мақсадимиздир.
Шу муносабат билан Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган “Туркий дунё хартияси”ни ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман. Ушбу ўзига хос рамзий қомусни соҳанинг етук олимлари ва экспертлар иштирокида тайёрлашни таклиф қиламан.
Иккинчидан, шу кунларда Туркий инвестиция фонди ўз ишини бошлайди. Давлатларимиз ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида кейинги босқичда Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини ҳам фаоллаштиришимиз керак. Ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштиришга тайёрмиз.
Учинчидан, Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллаймиз. Келгусида Марказ имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда, биргаликда савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур.
Тўртинчидан, глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб аҳамиятга эга.
Юк ташувларига ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш чораларини қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, қўшимча кўптармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган коридорларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш тарафдоримиз.
Давлатларимиз Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этишни ва бу тузилманинг дирекциясини юртимизда жойлаштиришни таклиф этамиз.
Бешинчидан, экология соҳасида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз.
Қадимдан аждодларимиз она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб яшаганлар. Афсуски, бугунги кунда табиатга нисбатан истеъмолчилик кайфияти кучайиб бормоқда. Иқлим ўзгаришлари туфайли юзага келаётган турли муаммолардан бутун инсоният қаттиқ азият чекмоқда. Бундай ҳолат барчамиздан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилмоқда.
Вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий экология форумининг тузилиши бу йўлда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Бундай таъсирчан механизм Ташкилотимиз фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган режаларимизга мосдир.
Олтинчидан, туркий цивилизацияни юксалтириш ғояси технологик тараққиёт ва илғор билимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бевосита боғлиқдир.
Ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшларимиз истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этишига ишончим комил. Бу йўлда уларга буюк аждодларимиз яратган илмий кашфиётлар ва маънавий мерос мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Таъкидлаш ўринлики, ўтган асрда яшаган жадид боболаримизнинг ибратли фаолияти, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш юзасидан аъзо мамлакатларда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида жорий йилнинг декабрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро анжуманда вакилларингизни фаол иштирок этишга таклиф этамиз.
Шу билан бирга, янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Минг йиллар давомида тарихи ва тақдири туркий элатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўпмиллатли Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталик ўрнатиш минтақамизда стратегик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий шартидир. Бироқ дунёнинг бошқа нуқталарида низо ва урушлар авж олаётган ҳозирги шароитда ушбу муаммо халқаро ҳамжамият эътиборидан тобора четда қолмоқда.
Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқишга чақирамиз.
Бизга минтақавий шериклик ва барча қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этадиган, тинч ва барқарор Афғонистон керак.
Биз илгари сураётган Трансафғон темир йўлини барпо этиш ташаббуси айнан мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Ўзбекистон афғон халқига бундан буён ҳам зарур ёрдамни бериб боради. Термиздаги логистика хаби орқали гуманитар кўмак кўрсатишни, таълим марказида эса афғон фуқароларини ўқитишни фаол давом эттирамиз.
Қадрли дўстлар!
Фурсатдан фойдаланиб, Давлат раҳбарлари кенгашида раисликни қабул қилиб олаётган Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга улкан зафарлар тилайман.
Бугун қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар ва қарорлар, жумладан, саммит декларацияси ҳамда Остона акти мамлакатларимизнинг ёрқин туркий келажак сари навбатдаги дадил қадамлари бўлишига ишонаман.
Ўз тарихи давомида кўп-кўп синовларни бошидан кечирган ва уларга биргаликда ечим топган қардош халқларимиз келгусида ҳам буюк ишларни амалга ошириши шубҳасиз.
Эътиборингиз учун раҳмат.