02.11.2023
Самарали Ўзбекистон-Франция саммити якунига етди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг Самарқанд шаҳрига икки кунлик ташрифи доирасида бир қатор икки томонлама тадбирлар бўлиб ўтди.
1 ноябрь куни давлат раҳбарлари Регистон майдонида самимий мулоқот қилиб, тунги Самарқанд бўйлаб сайр қилдилар, «Боқий шаҳар» мажмуасини бориб кўрдилар.
Бугун тор ва кенгайтирилган таркибда олий даражали мулоқотлар бўлиб ўтди, улар якунида давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олдилар. Қўшма баёнот қабул қилиниб, қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.
Давлат раҳбарлари Франциянинг етакчи компания ва банклари вакиллари иштирокидаги қўшма бизнес форуми очилишида иштирок этдилар.
Куннинг иккинчи ярмида Президентлар Самарқанддаги Конгресс марказида биргаликда дарахт экдилар, Ўзбекистоннинг маданий мероси кўргазмаси билан танишдилар. Француз альянсининг Самарқанддаги филиали очилиши бўлиб ўтди.
Франция делегацияси катта қизиқиш билан Самарқанднинг тарихий-меъморий дурдоналари билан танишди.
Ташриф тадбирлари якунлангач, аэропортда Президент Эммануэль Макронни Президентимиз Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. Давлат раҳбарлари самимий хайрлашдилар.