24.10.2023
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши шаҳридаги Ойдин маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши, ҳудуддаги ободлик ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан яқиндан танишди.
Бу ерда 11 мингга яқин аҳоли яшайди. Ҳудудда иккита мактабгача таълим ташкилоти, битта умумтаълим мактаби мавжуд. Жорий йилда яна учта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳаси, тикувчилик ва ҳунармандчилик яхши ривожланган. Хусусан, йигирмага яқин савдо дўкони, сартарошхона, умумий овқатланиш шохобчаси ва бошқа турдаги тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Уларда маҳаллий аҳоли, хусусан, ёшлар иш билан банд.
Жорий йилда маҳалладаги икки юз нафардан ортиқ ишсиз аҳоли доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди. Яна қарийб шунча фуқаро “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасалари орқали ўқитилди. Уларнинг 191 нафари ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида иш бошлаган.
Маҳалла фаоллари Президентга ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Бу ердаги кўп қаватли уйларда илгари тўртта оғир тоифадаги ширкат бўлган. Коммунал хизматларда муаммолар кўп эди. “Ойдин бошқарув сервис компанияси” ташкил этилиб, хизмат сифати яхшиланди.
Мавсум олдидан кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумига зарур чоралар кўрилди. Хусусан, ўнта уйнинг томи, юздан ортиқ йўлаклар таъмирланди, иссиқлик қувурлари изоляция қилинди.
Ҳудуд кўкаламзорлаштирилган. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида олти минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилган. Кўчалар асфальтланган, ёритгичлар ўрнатилган. Икки километрлик пиёдалар йўлакчаси ташкил этилган.
Қарши шаҳри масъуллари, маҳалла “еттилиги” ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Маълумки, юртимизда барча ижтимоий чора-тадбирлар маҳаллаларда, халқ билан биргаликда ташкил қилинмоқда. Бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилиб, энди янада кенг ваколат ва имкониятлар берилмоқда. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат тизимга солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” жорий этилмоқда. Келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими тўлиқ жорий қилинади. Бу – ҳар бир маҳалланинг 100 миллион сўмгача маблағи бўлади, дегани. Шунингдек, амалдаги учта платформа – “Онлайн маҳалла”, “Хотин-қизлар”, “Ёшлар портали” ўзаро интеграция қилиниб, ягона тизимда мужассамлаштирилади.
Президентимиз мазкур тизимни самарали ишлатиш, бундай кенг ваколат ва маблағлардан фойдаланиб, маҳалладаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади. Аҳолини тадбиркорликка, хотин-қизларни касб-ҳунарларга жалб этиб, даромадини ошириш, ёшлар учун маданий тадбирлар, мусобақалар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари маҳалладаги 11-уйда яшовчи Дилшод Набиев хонадонида меҳмон бўлди. Оила бошлиғи институтда ўқитувчи. Турмуш ўртоғи Ҳурриятхон билан икки фарзандни вояга етказмоқда. Улар ўз турмуши ва меҳнат фаолияти, болаларга берилаётган эътибор ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.
Президент маҳалланинг янги маркази – маҳалла гузари, хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўздан кечирди. Шу ерда нуронийлар билан мулоқот бўлди.