03.10.2023
Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Физикавий электроника соҳасидаги йирик олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Назар Юлдашевич Тўраев 2023 йил 3 октябрь куни 85 ёшида вафот этди.
Назар Тўраев 1938 йил 19 майда Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида туғилди. 1961 йили Самарқанд давлат университетини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида кичик илмий ходим лавозимида бошлади. Заҳматкаш олим ўзининг 60 йиллик меҳнат фаолияти давомида Ядро физикаси институти аспиранти, Электроника институти илмий котиби, Тошкент политехника институти кафедра мудири, Термиз давлат университети ректори, Фанлар академиясининг “ФАНУМ” илмий-ўқув маркази директори каби масъул лавозимларда самарали фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз илм-фан соҳасини тараққий эттириш, етук кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
У 1968 йилда номзодлик, 1981 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.
Назар Тўраев мамлакатимиз ва халқаро илмий жамоатчилик ўртасида физикавий электроника йўналишида мактаб яратган олим сифатида катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлди.
Фидойи олимнинг физикавий электрониканинг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб мақолалари, монография ва ўқув-методик қўлланмалари чоп этилган.
Меҳрибон ва жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан асосларидан сабоқ берган. Унинг раҳбарлигида 10 нафардан ортиқ фан доктори ва 20 нафарга яқин фан номзодлари тайёрланди.
Назар Тўраев жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. 1990-1995 йилларда мамлакатимиз парламенти депутати сифатида миллий мустақиллигимизнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда жонбозлик кўрсатди.
Академик Назар Тўраевнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Назар Тўраевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш. Мирзиёев, Т. Норбоева, Н. Исмоилов,
А.Арипов, Б. Юлдашев