19.09.2023
18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳридаги ўзига ажратилган қароргоҳда Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди.
Глобал иқтисодий вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди. ХВФ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, шу жумладан жорий йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган икки томонлама учрашувда эришилган келишувлардан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Фонд раҳбари Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастури натижаларига юқори баҳо берди ҳамда мамлакатимиздаги самарали янгиланишларни илгари суришда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув чоғида ХВФнинг юртимиз молия соҳаси барқарорлигини комплекс таҳлил қилиш, иқтисодий сиёсатни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда консалтинг кўмагини кўрсатиш ҳамда мамлакатимиз идоралари мутахассисларининг салоҳиятини ошириш дастурини амалга оширишдаги иштирокига доир масалалар муҳокама қилинди.