02.09.2023
Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди. Қабр пойига гул қўйиб, Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиб, давлат бошқарувини янгидан қурган, тарихимизнинг мураккаб ва оғир даврларида барқарорликни сақлаб, халқимиз манфаатларини таъминлаган.
Президент Шавкат Мирзиёев унинг бу хизматларини муносиб қадрлади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш бўйича кўп ишлар қилинди. Юртимиздаги йирик мажмуалар, шаҳарлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил қилинди, Самарқандда мақбара барпо этилди.
Фидойиларини эъзозлайдиган халқимиз Биринчи Президентимизни ҳурмат билан ёдга олади. Ушбу хотирлаш маросими ҳам ўтганлар ёдига ҳурмат, ёш авлодга ибрат мактабидир.
Маросимда парламент ва ҳукумат аъзолари, жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Тадбир якунлангач, давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.