31.08.2023
Кўп миллатли халқимиз ҳаётидаги муҳим сана – давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, таниқли сиёсат, жамоат ва дин арбобларидан табриклар келмоқда.
Хорижий ҳамкорлар ўз қутловларида кейинги йилларда демократик янгиланишлар ва миллий тараққиёт йўлидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга оширишда, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва обрўсини юксалтиришда эришилган улкан муваффақиятларни алоҳида қайд этган.
Таъкидланганидек, яқинда бўлиб ўтган муҳим сиёсий воқеа – янгиланган Конституциянинг қабул қилингани халқимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ортга қайтмас ислоҳотларни сўзсиз қўллаб-қувватлаётганидан далолатдир.
Табрикномаларда давлатимиз раҳбарига янги муваффақиятлар ҳамда Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилинг.
Мамлакатингиз иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда эришган ютуқлар барчага маълум, Ўзбекистон жаҳон майдонида катта нуфузга эга, халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишда муҳим роль ўйнамоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида муваффақиятли ривожланмоқда. Москва ва Тошкентнинг МДҲ, ШҲТ, БМТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалардаги ҳамкорлиги яхши самара бермоқда.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан конструктив икки томонлама алоқаларни барча соҳаларда, дўст халқларимиз фаровонлиги учун, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида бундан буён ҳам изчил ривожлантириб боришимизга ишонаман.
Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг барча фуқароларига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Владимир Путин,
Россия Федерацияси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Сиз ва қардош Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларимни йўллашдан бениҳоя мамнунман.
Бу йил Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён алоҳида муҳим йил бўлди. Мамлакатингизда янги Конституция бўйича референдум ва муддатидан олдин Президент сайлови муваффақиятли ўтказилиб, Ўзбекистоннинг юксалиши ва бардавом тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Сизнинг раҳнамолигингиз остида Янги Ўзбекистон барпо этилишида янада катта ютуқларга эришилишига ишонаман.
Жорий йилнинг май ойида Сиз “Марказий Осиё–Хитой” саммитида иштирок этдингиз ва Хитойга давлат ташрифини амалга оширдингиз. Биз Хитой-Ўзбекистон умумий тақдир ҳамжамиятини барпо этиш ва мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришдик.
"Бир макон, бир йўл" учинчи халқаро ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун жорий йил октябрь ойида яна Хитойга келишингизни интиқлик билан кутиб қоламан.
Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаман. Сиз билан ўрнатилган ҳамкорлик муносабатларимиз ва шахсий дўстлигимизни юксак қадрлайман. Давлатларимизнинг ҳар томонлама стратегик шериклигининг барқарор ва изчил ривожлантириш ҳамда хитой-ўзбек ҳамжамиятининг қурилишига янги туртки бериш учун Сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрман.
Биродар Ўзбекистон халқига фаровонлик ва бахт-саодат тилайман!
Эҳтиром ила,
Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Мамлакатингизнинг Мустақиллик куни муносабати билан Америка Қўшма Штатлари халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига энг эзгу тилакларимизни йўллайман.
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик шериклик халқларимиз ва бутун дунё халқлари учун янада тинч ва фаровон келажакни яратишга ёрдам берди.
Биз биргаликда минтақавий таҳдидларга, жумладан, тажовузкор экстремизм, гиёҳванд моддалар ва одам савдосига қарши курашишда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимизни ривожлантирмоқдамиз.
Биз икки давлат ўртасида инклюзив иқтисодий ўсишга кўмаклашиш мақсадида савдо ва сармоявий алоқаларимизни чуқурлаштирмоқдамиз.
Биз умумий қадриятларимиз, жумладан, мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилмоқдамиз. Қўшма Штатлар минтақавий мулоқотни чуқурлаштириш, гендер тенглигини таъминлаш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда қатъий бўлган Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этади.
Келгусида ҳамкорлигимиз ва биргаликдаги ишимиз янада чуқурлашишини интиқлик билан кутиб қоламан. Сизга ушбу байрамни шодлик ва хотиржамлик ила ўтказишингизни тилаб қоламан.
Ҳурмат билан,
Жозеф Байден,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари, азиз қардошим!
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан шахсан ўзим ва халқимиз номидан Сиз, Жаноби Олийларини ва Ўзбекистон халқини чин қалбимдан муборакбод этаман.
Мустақилликка эришганидан буён кун сайин тобора тараққий этаётган дўст ва қардош Ўзбекистоннинг оқилона раҳнамолигингиз остида қўлга киритган муваффақиятлари ва халқаро саҳнада эгаллаган нуфузли ўрни Туркия учун ифтихор манбаидир.
Қисқа вақт мобайнида кенг қамровли стратегик ҳамкорлик даражасига етган ҳамда минтақамизда намуна бўладиган муносабатларимизни ўртамиздаги бирдамлик руҳида янада мустаҳкамлаш борасидаги иродамизни яна бир бор таъкидлаш фойдадан ҳоли эмас, деб ўйлайман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва бахт саодат, дўст ва қардош ўзбек халқига фаровонлик, омонлик тилакларимни етказаман.
Режеп Таййип Эрдоған,
Туркия Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Қозоғистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан Сизни ва қардош Ўзбекистонни Мустақиллик куни билан қутлайман.
Суверен Ўзбекистон тарихидаги ушбу муҳим кун халқингизнинг бирдамлиги, мардлиги ва бунёдкорлигини ифода этади, республиканинг давлатчилигини янада мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли тараққиётини таъминлашда беқиёс аҳамиятга эга.
Ишончим комил, мамлакатингиз Сиз белгилаб берган стратегик йўналишдан қатъий бориб, кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишларни рўёбга чиқарар экан, барқарор ўсиш йўлидан дадил ҳаракатини давом эттиради.
Халқларимизнинг туб манфаатларидан, кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналаридан келиб чиқиб, мен Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштиришга устувор эътибор бермоқдаман.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан кўп қиррали ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини қардош халқларимиз равнақи ҳамда Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида рўёбга чиқара олишимизга ишонаман.
Ушбу файзли кунда Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, масъулиятли давлат фаолиятингизда янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига бахт-саодат ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Қасим- Жомарт Тоқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович,
Сизни ва қардош Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32-йиллиги билан табриклашга ижозат бергайсиз.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатда улкан муваффақиятларга эришди ва халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллади.
Ишончим комил, Сизнинг оқилона раҳбарлигингизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар қардош Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий жиҳатдан янада ривожланишига, унинг фаровонлиги йўлида қўйилган марралар эришилишига хизмат қилади.
Мустақиллик йилларида мамлакатларимиз дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида кенг қамровли стратегик шерикликни ривожлантиришда яхши натижаларга эришди.
Ўртамиздаги ишончли муносабатлар бундан буён ҳам давлатларимизнинг мустаҳкамланиши ва ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилади, деб ишонаман.
Ушбу ёқимли фурсатдан фойдаланиб, Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, Ўзбекистон халқига эса – фаровонлик ва равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Садир Жапаров,
Қирғиз Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Қадрли Шавкат Миромонович!
Тожикистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан Сизга, бутун Ўзбекистон Республикасининг дўст халқига мамлакатингиз миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан самимий табрикларимиз ва эзгу тилакларимизни йўллаш менга катта мамнуният бағишлайди.
Мустақиллик туфайли қардош Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётда, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашда катта муваффақиятларга эришди.
Бу ютуқларнинг барчаси кўп жиҳатдан Сизнинг Ўзбекистон халқи томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган муваффақиятли давлат сиёсатингиз билан боғлиқ.
Ўзбекистон билан стратегик шерикли ва иттифоқчиликни кенг миқёсда ва ҳар томонлама ривожлантириш Тожикистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларида марказий ўринни эгаллайди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишларида – сиёсат, савдо ва иқтисодиёт, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида барқарор ривожланиш суръати таъминланди.
Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан биз, азалий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига, мавжуд салоҳиятга таянган ҳолда Тожикистон-Ўзбекистон конструктив ҳамкорлигини қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам илгари сурамиз.
Чин қалбимдан Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва барча ишларингизда янги муваффақиятлар, дўст Ўзбекистон халқига эса мусаффо осмон, фаровонлик ва бардавом тараққиёт тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Эмомали Раҳмон,
Тожикистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан Сизга ва мамлакатингиз қардош халқига самимий табриклар ва энг эзгу тилакларни йўллаш мен учун шараф.
Бугун Ўзбекистон Республикаси сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда тараққиёт ва равнақ йўлидан дадил бормоқда.
Яқин қўшнимизнинг ютуқларидан хурсандмиз.
Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги бугунги икки томонлама муносабатлар конструктив ва барқарор тусга эга эканини мамнуният билан қайд этмоқчиман. Улар кўплаб йўналишларда ривожланмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Туркманистон билан Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик муносабатлари халқларимиз фаровонлиги йўлида ривожланиши ва мустаҳкамланишига қатъий ишонаман.
Ушбу ёқимли имкониятдан фойдаланиб, Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Ўзбекистон Республикасининг қардош халқига эса тинчлик-осойишталик, бардавом равнақ ва тараққиёт тилаб қоламан.
Чуқур ҳурмат ила,
Сердар Бердимуҳамедов,
Туркманистон Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизга ва Сиз орқали қардош Ўзбекистон Республикаси халқига мамлакатингизнинг Мустақиллик куни муносабати билан самимий қутловларим ва энг эзгу тилакларимни билдириш мен учун шараф.
Ўтган йилларда Ўзбекистон давлати ўз тараққиётида катта муваффақиятларга эришди. Бугун мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган мисли кўрилмаган янгиланишлар амалга оширилмоқда.
Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда янги мазмун билан бойиб бораётганини мамнуният билан таъкидлайман. Ишонтириб айтаманки, биз Туркманистон-Ўзбекистон муносабатларига алоҳида аҳамият қаратамиз ҳамда уларни сифат жиҳатидан янада юқори даражага олиб чиқишга тайёрмиз.
Ушбу ёқимли фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик, тараққиёт ва бардавом равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат ила,
Гурбангули Бердимуҳамедов,
Туркман халқининг миллий етакчиси,
Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Қардош Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан Сизга ва Сиз орқали халқингизга самимий табрик ва энг эзгу тилакларимни билдираман.
Бугун Сизнинг раҳбарлигингиз ва чуқур ўйланган сиёсатингиз туфайли Ўзбекистон, давлатчилик анъаналари ва тамойилларига содиқ қолган ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан олға бормоқда. Айниқса, мамлакатингиз эришаётган муҳим ютуқларни, халқаро майдонда эришган нуфузини, Сизнинг раҳбарлигингиз остида йилдан йилга катта муваффақиятларни қўлга киритаётганини кўриш бизга мамнуният бағишлайди.
Минтақада рўй бераётган жараёнлардаги фаол иштироки ва позицияси туфайли Ўзбекистон энг нуфузли халқаро ташкилотларнинг учрашувлари ва саммитларини юқори даражада ўтказмоқда.
Озарбайжон ва Ўзбекистонни ҳақиқий дўстлик ва қардошлик ришталари боғлаб турибди.
Мустаҳкам асосга қурилган, фақат олдинга қараб ривожланаётган, аниқ мазмун билан бойиб бораётган икки томонлама муносабатларимиз ва стратегик шериклигимиздан хурсандмиз.
Ўртамиздаги очиқ ва фаол сиёсий мулоқот, олий даражадаги ўзаро ташрифларимиз, мунтазам учрашувлар, имзоланган ҳужжатлар, муваффақиятли амалга оширилган қўшма лойиҳалар, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия фаолияти ҳамкорлигимизнинг ижобий суръатини таъминлаш ва шерикликнинг янги йўналишларини белгилашда муҳим ўрин тутмоқда.
Бир неча кун аввал Озарбайжонга амалга оширган давлат ташрифингиз Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатлари тарихида янги саҳифа очди ҳамда стратегик шериклигимизнинг ҳар томонлама ривожланишига кучли суръат бағишлади.
Ишончим комил, саъй-ҳаракатларимизни давлатлараро муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларини ривожлантиришга қаратиб, халқаро ташкилотлар, айниқса Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги муваффақиятли биргаликдаги фаолиятимизни давом эттирамиз ва кенгайтирамиз.
Ушбу муҳим кунда Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига абадий тинчлик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Илҳом Алиев,
Озарбайжон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович, қадрли қардошим!
Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами – Мустақиллик куни билан чин дилдан муборакбод этаман.
Сизнинг доно раҳбарлигингиз туфайли республикангиз кенг кўламли ислоҳотлар йўлидан дадил бормоқда, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши юксалмоқда, халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланмоқда.
Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ва Президент сайлови натижалари Сиз Ўзбекистонни модернизация қилиш бўйича танлаган йўл нақадар тўғрилигини исботлади.
Ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга ва қардош Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, равнақ, кўзланган марраларга эришишда муваффақиятлар тилайман.
Ҳурмат билан,
Нурсултон Назарбоев,
Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Президент Жаноблари!
Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами муносабати билан Сизни ва ўзбек халқини ўзим ҳамда ватандошларим номидан чин юракдан табриклайман.
Сўнгги ойларда Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар юқори даражадаги кўплаб ташрифлар орқали ҳам янада фаоллашди.
Сизнинг жорий йил май ойида Берлинга қилган ташрифингизни алоҳида таъкидламоқчиман. Мен ушбу ташрифни мамнуният билан эслайман. Шунинг учун мен тез орада яна учрашиш ва фикр алмашинувимизни давом эттириш имкониятидан жуда хурсанд бўлар эдим.
Иқлим инқирози ва йирик глобал чақириқлар шароитида фаоллашган Германия-Ўзбекистон ҳамкорлиги алоҳида муҳим аҳамиятга эга.
Қайта сайланганингиздан сўнг ҳукуматингизнинг ислоҳотлар курсини давом эттириш истагингиздан мамнунман ва бу борада Сизга муваффақиятлар тилайман. Сизни ишонтириб айтаманки, Германия Сизни ҳамкор сифатида қўллаб-қувватлашда давом этади.
Сизга энг эзгу тилакларимни, ўзбек халқига эркинлик, хавфсизлик ва фаровонликдаги осойишта келажак тилайман.
Франк-Вальтер Штайнмайер,
Германия Федератив Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Сизга ва бутун Ўзбекистон халқига табрикларим, бахт-саодат ва равнақ тилакларимни катта мамнуният билан йўлламоқдаман.
Ўзбекистон халқи учун алоҳида аҳамиятга эга ушбу кунда Франция мамлакатингиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқ эканини тасдиқлайман.
Жорий йилда мамлакатларимиз 1993 йил 27 октябрь куни имзолаган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг ўттиз йиллиги ҳам нишонланмоқда. Ўтган даврда Франция-Ўзбекистон дўстлиги анча мустаҳкамланди, буни яқин ойларда Луврда ва Араб дунёси институтида ташкил этилган ҳамда Ўзбекистоннинг бой маданий меросини намойиш этган, юртдошларимнинг Ўзбекистонга қизиқишини оширган ва юртингизга ташриф буюришга ундаган ажойиб кўргазмалар ҳам тасдиқлади.
Франция компаниялари иштирокидаги, айниқса сув таъминоти, қайта тикланувчи энергия, коммунал хизмат ва туризм соҳаларидаги бир қатор лойиҳалардан мамнунман. Франция Сиз бошлаган кўплаб ислоҳотларни кузатмоқда, қонун устуворлигини ва мамлакатингизнинг демократик асосларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
Яқин фурсатда таклифингизга жавобан глобал шериклигимизни юқори даражада ривожлантиришни давом эттириш учун Ўзбекистонга ташриф буюришимга умид қиламан.
Ҳурматли Президент жаноблари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилинг.
Чуқур ҳурмат билан,
Эммануэль Макрон,
Франция Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари!
Ҳиндистон Ҳукумати, халқи ва шахсан ўз номимдан Ўзбекистон Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига қизғин табрикларим ва эзгу тилакларимни йўллайман.
Ҳиндистон ва Ўзбекистон Республикаси тарихий, тамаддуний ва маданий ришталар билан боғланган. Биз умумий минтақамизнинг тинчлиги, хавфсизлиги, тараққиёти ва фаровонлиги учун умумий манфаатдор томон ва табиий ҳамкорлармиз ҳамда биргаликда бу йўналишда ҳал қилувчи роль ўйнашимизга ишонаман. Ўзбекистон халқи томонидан Сизга берилган янги мандат туфайли муносабатларимиз янада янги ҳаётий кучга эга бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлиқ ва омонлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламан.
Жаноби Олийлари, юксак эҳтиромларимни қабул қилгайсиз.
Драупади Мурму,
Ҳиндистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу,
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик байрами муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига энг самимий табрикларимиз ва эзгу тилакларимизни изҳор этишдан бағоят мамнунмиз.
Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик, Қардош Ўзбекистон Республикаси халқига эса янада юксалиш ва фаровонлик тилаймиз.
Сиз, Жаноби Олийлари саломларимиз ва эҳтиромларимизни қабул қилгайсиз.
Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,
Икки Муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига ўзимнинг энг самимий табрик ва қизғин тилакларимни йўллаш шарафига муяссарлигим мени чексиз қувонтиради.
Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, бахт–саодат, дўст Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва халқига доимий равнақ ва тараққиёт тилаб қоламан.
Камоли эҳтиром ва эзгу тилаклар ила,
Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён,
Бирлашган Араб Амирликлари Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Миср Араб Республикаси номидан Сиз, Жаноби Олийлари ва дўст Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни муносабати билан табриклашдан мамнунман.
Миср Ўзбекистон билан ўтган йил давомида муваффақиятли ривожланиб бораётган икки томонлама муносабатларни юксак қадрлайди. Мамлакатларимиз доимо ўзаро ишонч, умумий қадриятлар ва манфаатларга эга бўлган соҳаларда доимий мувофиқлаштиришга асосланган ҳамкорлик муносабатларини сақлаб келмоқда.
Шунингдек, Миср Марказий Осиёдаги муҳим ва қадрли ҳамкор сифатида Ўзбекистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлаб, икки дўст халқларимиз фаровон келажаги йўлида янада кўпроқ ҳамкорликка эришиш учун барча даражаларда яқин алоқаларни давом эттиришимизга чин дилдан умид қиламан.
Ҳурматли Президент, Жаноби Олийлари Сизга бахт-саодат, дўст Ўзбекистон халқига тараққиёт ва фаровонлик тилаб қоламан.
Энг самимий эҳтиромимни қабул этгайсиз,
Абдулфаттоҳ ас-Сиси,
Миср Араб Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларини ҳамда дўст ва биродар мамлакатингиз халқини чин юракдан табриклайман.
Маданий муштараклик ва ўхшаш қадриятларнинг мавжудлиги ҳамда олий даражадаги делегациялар алмашинуви ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишида сезиларли ўрин тутди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида икки давлат ўртасида ўзаро манфаатларни таъминлаш ҳамда минтақа ва жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлидаги алоқаларнинг янада ривожланишига гувоҳ бўламиз, деб умид қиламан.
Қодир Эгамдан Сиз, Жаноби Олийларига соғлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса бахт-саодат ва фаровонлик тилаб қоламан.
Сайид Иброҳим Раисий,
Эрон Ислом Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Сиз, Жаноби Олийларига Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан энг самимий тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Ўзбекистон Венгриянинг нафақат сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкори, балки чинакам дўстидир. Венгрия-Ўзбекистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз халқларимиз манфаатларига мослигига қатъий ишонаман. Ўтган даврда бир неча бор шахсан учрашганимиз ҳамда Сиз, Жаноби Олийларини ва рафиқангизни Будапешт шаҳрида қабул қилганимдан мамнунман.
Ишонтириб айтаманки, ҳукуматим стратегик мулоқотни юқори даражада давом эттиришга ҳамда икки томонлама муносабатларимизни мустаҳкамлаш хизмат қиладиган барча ташаббусларга бундан буён ҳам содиқ бўлади.
Сизга мустаҳкам соғлик, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.
Виктор Орбан,
Венгрия Бош вазири
***
Қуйидагилар ҳам ўз табрикларини йўллаган:
Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко,
Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири Дубай амирлиги ҳокими Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Мансур бин Зоид Ол Наҳаён,
Қатар Давлати Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний,
Қатар Давлати Амири ўринбосари Абдулла бин Ҳамад Ол Соний,
Ўмон Султони Ҳейсам бин Тариқ,
Венгрия Президенти Каталин Новак,
Япония Императори Нарухито,
Индонезия Республикаси Президенти Жоко Видодо,
Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб,
Бельгияликлар Қироли Филипп,
Руминия Президенти Клаус Вернер Йоханнис,
Словения Республикаси Президенти Наташа Пирц Мусар,
Чехия Республикаси Президенти Петр Павел,
Фаластидан Давлати Президенти Маҳмуд Аббос,
Швейцария Конфедерацияси Федерал Президенти Алан Берсе,
Эстония Республикаси Президенти Алар Карис,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бош котиби Сергей Лебедев,
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин,
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев,
Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброхим Тоҳа,
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусрав Нозирий.
Қутловлар келишда давом этмоқда.