29.08.2023
Давлатимиз раҳбари Сергели туманидаги Янги Бунёдобод маҳалласида бўлиб, шароитларни кўздан кечирди.
Бу ерда 6 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 13 та кўп қаватли уй, мактаб, болалар ва ўсмирлар спорт мактабида барча шароитлар яратилган. Маҳалланинг драйвери – хизмат кўрсатиш. Яқинда маиший хизмат шохобчалари, тикувчилик корхонасини ўз ичига олган иш маркази барпо этилди. Уларда маҳаллий ёшлар фойдали меҳнат билан банд.
Президент тикувчилик корхонасидаги аёллар билан суҳбатлашди. Унинг раҳбари аёллар тадбиркорлигига берилаётган имкониятлар туфайли янги ускуналар олган, фаолиятини кенгайтирган.
– Биз нима учун хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратамиз? Чунки бу оилага, фарзандларимизга, келажак авлодларимизга эътибордир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Фуқаролар йиғини биноси замонавий қиёфага эга. Бу ерда кутубхона, тил ўрганиш тўгараклари ҳам бор. Маҳалла ҳудуди ободонлаштирилган. Ўйин ва спорт майдончалари таъмирланган. Икки йилда маҳаллада биронта жиноят содир этилмаган.
Маҳалла раиси ва фаоллари билан суҳбатда ёшлар бандлигини таъминлаш, маданий тадбирлар ва мусобақалар ташкил этиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳақида сўз борди. Туман раҳбарларига ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларни кўпайтириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича кўрсатмалар берилди.