02.08.2023
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида бўлди.
Татаристон Республикаси билан ҳамкорликдаги мазкур технопарк ўтган йил 23 март куни очилган эди. Бугунги кунда 10 миллион долларликдан зиёд 5 та корхона ишга туширилган. Жорий йил якунига қадар қиймати 18 миллион доллар бўлган яна 8 та лойиҳа амалга оширилади.
Хусусан, “Родиум Полимер” масъулияти чекланган жамияти томонидан кўпиклантирилган полипропилен маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Кореялик ишбилармонлар билан биргаликда амалга оширилган бу корхонада йилига 2 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2 миллион долларлик экспорт қилинади.
Шу ерда Тошкент вилоятидаги янги саноат, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа мажмуаларини ишга тушириш маросими бўлди. Булар – Оҳангарон туманидаги “Ташкент Конч цемент”, Қуйи Чирчиқ туманидаги “Ташкент коттон текстиль”, Юқори Чирчиқ туманидаги “Азия Ташкент Текстиль”, “Салюбрис Вита”, Ангрен шаҳридаги “Ангрен каолин”, “Централ Азия Кемикалс”, Нурафшон шаҳридаги “Агро Нью Дрип”, Чирчиқ шаҳридаги “Шарқ Тюбс”, Паркент туманидаги “Самсарак файз” ва “Шабнам Элегант”лардир. Бу корхаларда цемент, ип-калава, тўқимачилик, фармацевтика, бойитилган каолин, кимё маҳсулотлари, томчилатиб суғориш шланглари, рангли металлар ишлаб чиқарилади. Умуман, мазкур корхоналарда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.
Шундан сўнг, Президент раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоалоқа орқали уни Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари ҳам кузатиб борди.
Ўтган йилда Тошкент вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш ҳажми 135 фоизга ўсиб, 480 миллион долларни ташкил қилгани таъкидланди. Шунингдек, ўтган олти ойда инвестиция дастурлари доирасида 240 миллион долларлик 322 та лойиҳа ишга туширилиб, 8 мингта иш ўрни яратилган.
Лекин айрим туман ва шаҳарларда фақат кичик ва ўрта лойиҳалар билан чекланиб қолинмоқда. Мисол учун, Ўртачирчиқ, Чиноз, Қибрай, Тошкент, Янгийўл туманлари ва Нурафшон шаҳрида бирорта ҳам йирик лойиҳа йўқ.
Шу боис ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига йил якуни билан камида 100 миллион доллардан тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Жорий йилнинг олти ойида вилоятда 440 миллион долларлик экспорт қилинган. Саноат ва хизмат соҳаси кўрсаткичлари ҳам ошган. Лекин айрим туман ва шаҳарлар кесимида олганда, тушган. Бу йил қурилиши режа қилинган 114 та кўп қаватли уй-жойлардан ҳозиргача атиги 9 таси фойдаланишга топширилган.
Бу борада камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбарлар лавозимидан озод қилинди.
Президент жойларда солиқ базасини кенгайтириш учун мавжуд имкониятларни санаб ўтди. Ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилишга алоҳида солиқчи масъул бўлиши белгиланди. Солиқ идораларини коррупциядан холи тузилмага айлантириш, ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфасини яхшилаш долзарблиги таъкидланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва имтиёзли ресурсларнинг етиб боришини осонлаштириш чоралари белгиланди. Унга кўра, эндиликда ҳоким ёрдамчилари ўзини ўзи банд қилганларнинг кичик ва ўрта бизнесга ўтишига кўмаклашади.
Бунинг учун Япония тажрибаси асосида ҳудудларда бизнес-инкубатор ва акселераторлар тизими жорий этилади. Бунда, салоҳиятли тадбиркорларга дастлабки айланма маблағлари учун “улушдорлик” капитали берилади.
“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури асосида 400 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Йиғилиш якунида тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.