19.07.2023
Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим!
Муҳтарам делегациялар раҳбарлари!
Ҳурматли Бош котиб жаноблари!
Барчангизни бугун “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” олий даражадаги биринчи саммитида кўриб турганимдан ғоят мамнунман.
Мўътабар бўлган Макканинг рамзий дарвозаси – гўзал ва бетакрор Жидда шаҳридаги тарихий учрашувимизни анчадан бери кутаётган эдик.
Ушбу нуфузли анжуманимизни ўтказиш ташаббуси билан чиққани ҳамда тадбир юксак савияда ташкил этилгани учун Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Бин Абдулазиз Ол Сауд Аъло Ҳазратлари ҳамда Валиаҳд, Вазирлар Маҳкамаси раиси, биродаримиз Муҳаммад Бин Салмон Ол Сауд Ҳазрати Олийлари номларига билдирилаётган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқларини азалдан яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва урф-одатлар, энг муҳими, муқаддас ислом динимиз чамбарчас боғлаб туради.
Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришда буюк мутафаккир ва аллома боболаримизнинг беқиёс хизматлари борлигини фахр билан эслаймиз. “Барча муҳаддисларнинг пешвоси” – улуғ аллома Имом Бухорий ана шундай сиймолардан биридир.
Мусулмон дунёсидаги олтита буюк муҳаддиснинг икки нафари минтақамизда туғилиб камол топгани, қадимий Бухоро эса “Қуббатул Ислом” номи билан шуҳрат қозонганидан ғурурланамиз.
Маълумки, тўққизинчи аср бошида Аббосийлар давлати пойтахтидаги “Донишмандлар уйи” деб ном олган академияда Марказий Осиёлик 200 дан ортиқ алломалар илмий фаолият олиб борганлар.
Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби улуғ алломаларимиз эса бебаҳо илмий асарларини айнан гўзал ва мукаммал араб тилида яратиб, бутун дунёда шон-шуҳрат қозонганлар.
Ҳозирда пойтахтимизда сақланаётган муқаддас Мусҳафи шариф – Усмон Қуръони ўлкамиз ва араб диёрлари ўртасидаги алоқалар қадимий ва теран илдизларга эга эканидан далолат беради.
Бу каби ибратли мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Биз бундай буюк умумий тарихимиз ва меросимиз замонавий муносабатларимизга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши учун барча кучимизни сафарбар этишга тайёрмиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Атрофдаги хавф-хатарларга қарамай, минтақаларимиз тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келмоқда.
Улкан иқтисодий, табиий ва интеллектуал ресурсларга эга бўлган Кўрфаз давлатларининг глобал барқарорлик ва энергетик хавфсизликни таъминлашдаги ўрни беқиёсдир.
Айни пайтда Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари бир-бирларига ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарамоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Кўрфаз мамлакатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан таъкидлайман. Бугунги кунда юртимизда етакчи компания ва банкларингиз билан амалга оширилаетган умумий лойиҳалар портфели 20 миллиард доллардан ортди.
Ижобий тажрибаларимиздан келиб чиқиб, минтақаларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни қуйидаги йўналишларда кенгайтиришни таклиф этамиз.
Биринчидан. Биз сиёсий соҳада кенг қамровли алоқаларни турли форматларда ривожлантириш тарафдоримиз.
Биродар давлатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштириш мақсадида келгусида кўп томонлама Дўстлик, минтақалараро боғлиқлик ва ҳамкорлик битимини ишлаб чиқиш масаласини биргаликда ўргансак, маъқул бўлар эди.
Иккинчи йўналиш – юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликдир.
Биз инновациялар, “сунъий” интеллект, “яшил иқтисодиёт”, рақамлаштириш, “ақлли қишлоқ хўжалиги”, нано ва биотехнологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик платформалари ва ишчи механизмларини яратишимиз керак.
Шу муносабат билан, мамлакатларимиз бизнес вакиллари иштирокида Қўшма инвесторлар кенгашини таъсис этишни ва унинг дастлабки йиғилишини Самарқандда ўтказишни таклиф этаман.
Минтақамизда Кўрфаздаги ҳамкорларимиз билан тузилган инвестиция фондлари салоҳиятидан унумли фойдаланиш ва етакчи банкларингиз фаолиятини кенгайтириш истагидамиз.
Шунингдек, “яшил энергетика” лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш мақсадида алоҳида “Йўл харитаси” ни қабул қилиш муҳим, деб ҳисоблайман.
Бугунги кунда мамлакатимизда АCWA Power, Мasdar, Мubadala, TACA, Nebras Power каби етакчи компаниялар билан умумий қуввати 15 гигаваттдан ортиқ қуёш ва шамол станцияларини барпо этиш ҳамда энергияни сақлаш лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз.
Келгуси ойда Саудия Арабистони билан “яшил” водородни ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳага тамал тошини қўямиз.
Учинчи йўналиш – савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш.
Кўрфаз давлатлари билан эркин савдо режимини жорий этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш долзарбдир.
Бу борада кўп томонлама Савдо битимини қабул қилиш масаласини экспертларимиз ишлаб чиқиши лозим.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун Кўрфаз давлатларига органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш механизмларини татбиқ этишга тайёрмиз.
Транспорт ва транзит соҳасида Ўрта транспорт коридорида энг мақбул тарифларни қўллаш, мавжуд мультимодал йўлаклардан кенг фойдаланиш ва тўғридан-тўғри авиақатновларни мақсадли субсидиялаш ёрдамида кўпайтиришни таклиф этаман.
Кўрфаз давлатларини энг яқин ва қулай йўл орқали минтақамиз билан боғлайдиган Трансафғон темир йўлини қуриш стратегик лойиҳасида сизларни фаол иштирок этишга чорлаб қоламан.
Ушбу йўл транспорт харажатлари ва юкларни етказиб бериш муддатларини икки баробарга қисқартириш имконини беради.
Бу йўналишларда аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, амалга ошириш мақсадида савдо ва транспорт вазирларимизнинг мунтазам мулоқотини йўлга қўйиш умумий манфаатларимизга хизмат қилади.
Кейинги муҳим йўналиш – экология ва иқлим ўзгаришлари масаласи. Глобал Иқлим саммити бу йил Дубайда бўлиб ўтиши Кўрфаз давлатларининг мазкур йўналишда эришаётган ютуқлари халқаро эътирофидир.
Шунингдек, Саудия Арабистонининг “Яқин Шарқ яшил ташаббуси” минтақа экологик тизимини тубдан яхшилашга салмоқли ҳисса қўшаётгани таҳсинга сазовордир.
Юртимизда очилаётган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида биргаликда халқаро тадқиқотлар дастурини тайёрлаш ғоямизни маъқуллайсизлар, деб ишонаман.
Эътиборингизни бешинчи йўналиш – туризм соҳасига қаратмоқчиман. Кўрфаздан сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида биз бу давлатлар аҳолисига визасиз тартибни жорий этганмиз.
“Кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини ва туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш, қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш айни муддао бўлар эди.
Бундан ташқари, минтақаларимиз етакчи сайёҳлик операторлари форумини 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрида ўтказишни таклиф этаман.
Гуманитар йўналишда давлатларимизда миллий маданият ҳафталиклари, маданий мерос кўргазмаларини ташкил этиш орқали биродар халқларимизни янада яқинлаштирган бўлар эдик.
Ҳозир Ўзбекистонда юз мингдан зиёд нодир қўлёзмалар сақланмоқда. Бу борада Ўмон Султонлиги кўмагида пойтахтимизда йирик лойиҳа амалга оширилганини биз миннатдорлик билан таъкидлаймиз.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Биз дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатлари билан биргаликда курашишимиз ва бу борада Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалий қадамлар қўйишимиз керак.
Умуман олганда ушбу ташкилотнинг масъулияти ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблайман.
Терроризм, экстремизм, радикализм ва наркотрафикка қарши курашиш, ёшларимизни бу каби хавф-хатарлар Интернет ва бошқа воситалар орқали тарқалишидан асраш борасида алоқаларимизни кучайтиришни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.
Диққатингизни Афғонистон муаммосига қаратишни истар эдим. Бу юртда тинчлик ўрнатмасдан, нафақат минтақамиз, балки глобал хавфсизликни ҳам таъминлаш мумкин эмас.
Шу маънода, Қатар ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан май ойида Доҳада ўтказилган махсус вакиллар илк учрашувлари натижаларини ижобий баҳолаймиз.
Умуман олганда, бизнинг минтақаларимиз ташаббускор бўлиб, катта-катта минбарлардан Афғонистон муаммоларига бутун дунё эътиборини жалб этишимиз, афғон халқи ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшишимиз керак.
Муҳтарам саммит иштирокчилари!
Бугунги мулоқотимиз, билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар алоқаларимизнинг катта салоҳиятини кўрсатди.
Минтақаларимиз энди учрашмоқда ва катта ҳамкорлик эшигини очмоқда. Бунинг учун биродаримиз Валиаҳд Муҳаммад Ол Сауд Ҳазрати Олийларига яна бир бор алоҳида ташаккур айтаман.
Бу каби очиқ ва самарали учрашувларни изчил давом эттириш учун навбатдаги саммитимизни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиламан.
Ҳеч шубҳасиз, бугунги тарихий саммитимиз натижалари Кўрфаз ва Марказий Осиё минтақалари ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Эътиборингиз учун раҳмат.