Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқи
15.06.2017
Шу йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
* * *
Ассалому алайкум, муҳтарам юртдошлар!
Аввало, шу улуғ айём кунларида – муборак Рамазон ойида сиз, азизлар билан кўришиб турганимдан хурсанд эканимни билдириб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Қадрли дўстлар!
Бугун сизлар билан – эл-юртимиз ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлган дин арбоблари, илм-фан, маданият намояндалари, жамоатчилик вакиллари билан муҳим бир масалани муҳокама қилиш учун шу муҳташам залга йиғилдик.
Кун тартибига қўйилган масала, яъни, ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда қандай улкан аҳамият касб этаётгани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ.
Нега деганда, айнан шу масалалар бизнинг бугунги ва эртанги кунимизни, фарзандларимиз, набираларимиз тақдири ва келажагини, бир сўз билан айтганда, ҳаёт-мамотимизни ҳал қилиши ҳеч кимга сир эмас.
Ҳар бир онгли инсонни чуқур ўйлантириб, ташвиш ва хавотирга соладиган бу масалалар ҳақида сўз юритишдан аввал ҳозирги вақтда шу йўналишда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга, дастур ва лойиҳаларга қисқача тўхталиб ўтиш, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади.
Бугунги кунда она юртимиз, Ўзбекистонимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани ва уни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фаол иш олиб борилаётганидан сизлар албатта хабардорсиз.
Таъкидлаш керакки, ушбу стратегия барча соҳа ва тармоқларда ҳаётимизга чуқур кириб, амалий ҳаракатларимиз мезонига айланиб бормоқда. Айниқса, 2017 йилнинг юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилингани бу борада катта аҳамият касб этади.
Шу йўлдаги амалий қадамлар сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда Виртуал қабулхонаси ташкил этилди.
Бу тузилмалар ўтган қисқа даврда эл-юртимиз ўртасида фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжларини қонуний асосда ҳал қилишда муҳим роль ўйнайдиган институтга айланиб бораётганини алоҳида қайд этиш керак.
Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари ўз фаолиятини бошлаганидан буён ўтган давр мобайнида мамлакатимиз бўйича қарийб 890 мингга яқин фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Ушбу мурожаатларнинг 93 фоизи ўрганилиб, тегишли жавоб қайтарилди.
Мурожаатларнинг қолган қисми эса, айни пайтда мутахассислар томонидан кўриб чиқилмоқда. Алоҳида таъкидлаш зарурки, фуқароларимиздан келиб тушаётган мурожаатларнинг қарийб 80-90 фоизи асосли ва ўринли бўлиб, улар йиллар давомида эътибор қаратилмасдан, тўпланиб қолган муаммолар эканини таҳлиллар кўрсатмоқда.
Буларнинг барчаси, очиғини айтадиган бўлсак, катта-кичик бўғиндаги раҳбарлар, давлат ва хўжалик органлари ходимлари халқ билан мулоқот қилишни деярли унутиб қўйганини, бу масала жамиятимизда нақадар долзарб бўлиб турганини кўрсатади.
Шу муносабат билан мен яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш – бу вақтинчалик кампания эмас, балки давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, доимо эътиборимиз марказида турадиган масаладир.
Шу борада яна бир муҳим институт – Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси хизмати тузилганини қайд этиш лозим.
Ҳозирги кунда ушбу хизмат ходимлари томонидан жойларда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сайёр қабуллар ташкил этилиб, аҳолининг мурожаатлари маҳаллий давлат бошқаруви идоралари вакиллари иштирокида кўриб чиқилиб, қонуний ҳал қилинаётгани ҳам сизларга маълум.
Бу ҳақда албатта кўп гапириш мумкин. Лекин ана шу ишларимиз, ислоҳотларимизнинг барча-барчаси улуғ ва ягона бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, халқимизнинг тинчлиги, осойишталигини асраш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашдан иборат.
Бугун сизлар билан шу йўналишда олиб бораётган ишларимизни атрофлича таҳлил қилиб, уларни танқидий баҳолаб, ўз ечимини кутаётган долзарб вазифаларни белгилаб олишимиз зарур.
Сизларга яхши маълум, бизнинг давлатимиз кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, халқимизга азалдан хос бўлган бағрикенглик анъаналари муҳим роль ўйнамоқда.
Ана шу ҳақиқатнинг тарихий тасдиғи сифатида бир мисол келтирмоқчиман. Самарқанд шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур даврида бунёд этилган, Дониёр пайғамбар номи билан аталадиган мақбара ислом, христиан ва яҳудийлик дини вакиллари томонидан бирдек эъзозланади.
Эл-юртимиз неча асрлардан буён бу қутлуғ қадамжони асраб-авайлаб, обод қилиб, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келмоқда.
Шу биргина мисолнинг ўзи олижаноблик, эзгулик ва том маънодаги бағрикенглик фазилати халқимиз табиати, менталитети асосини ташкил этишидан далолат беради.
Бизнинг Конституциямиз ва қонунларимизда, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларимиз тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани кафолатлаб қўйилган. Уларга ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш, ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган.
Биз бугун амалга ошираётган Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишида ҳам миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича энг муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Юртимизда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 138 та миллий маданий марказ катта роль ўйнамоқда.
Ана шу марказлар фаолиятини янги босқичга кўтариш, хорижий мамлакатлар билан маданий дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида биз яқинда муҳим бир қарор қабул қилдик. Унга биноан Республика байналмилал маркази негизида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.
Эндиги вазифа – мазкур қўмита олдига қўйилган долзарб масалаларни самарали ҳал қилиш, унинг фаолиятини талаб даражасида ташкил этишдан иборат.
Азиз дўстлар!
Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилди. Жумладан, муқаддас динимиз, миллий қадриятларимизни, буюк азиз-авлиёларимизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича жуда кўп иш қилинди ва қилинмоқда.
Қиёслаш учун фақатгина баъзи бир мисолларни келтирмоқчиман.
Агар собиқ мустабид тузум даврида юртимизда 80 га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 минг 42 тани ташкил этмоқда.
Ўша қарамлик йилларида Ўзбекистонда саноқли кишиларгина ҳаж қилиш имкониятига эга бўлган эди, холос. Мустақиллик йилларида эса ҳар йили 5 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж зиёратига бориб келади. Жорий йилда 7200 нафар фуқароларимиз муборак ҳаж сафарини амалга ошириш имконига эга бўладилар.
Бунинг учун барчамиз Оллоҳга шукрона келтириб, сиз, муҳтарам уламолар, имом-хатиблар, жамоатчилик вакиллари билан бирга динимиз тарихи, буюк алломалар ва азиз-авлиёларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттиришимиз керак.
Кейинги вақтда мен жойларда бўлиб, ҳудудларимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишар эканман, шундай бир фикрга ишонч ҳосил қиляпманки, биз ҳали юртимизни, унинг ўзига хос тарихи, маданияти, улуғ олиму уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганганимиз йўқ.
Мисол учун, Қашқадарё заминида буюк аллома, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу Муин Насафий бобомиз яшаб ўтганлар. У киши узоқ муддат Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми, яъни исломий эътиқод поклиги масаласида 15 га яқин китоб ёзганлар. Ана шу китобларида, бундан минг йил олдин дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатганлар.
Биз сайловолди учрашувларида ваъда қилган эдик. Ҳаммангиз “ойнаи жаҳон” орқали кўрдингиз, буюк ҳадисшунос аллома Исо Термизий бобомизнинг Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги мангу оромгоҳларини ҳар томонлама обод қилиб, у ерда алоҳида илмий марказ барпо этдик.
Худо хоҳласа, Насафий бобомиз зиёратгоҳида ҳам ана шундай муаззам мажмуа барпо этамиз, бу улуғ зотнинг китобларини таржима қилиб, нашрдан чиқарамиз.
Мана шундай савобли ишларни Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қадамжолари бўйича, Тошкентда Имом Термизий номидаги масжид ва Сузук ота мақбараси бўйича бошлаб юборганимиздан сизлар албатта хабардорсиз, деб ўйлайман.
Шу билан бирга, очиқ тан олиш керак, тарихий-диний меросимизни ўрганиш, тиклаш ишлари ҳамма жойда ҳам талаб даражасида эмас.
Яқинда Бухоро вилоятида сафарда бўлганимизда, машҳур Мир Араб мадрасасини кўриб, тўғриси, анча хижолат бўлдим. Неча замонлардан буён халқимизга, динимизга хизмат қилиб келаётган, нафақат юртимиз, балки мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган қанчадан-қанча уламоларни камолга етказган бу муқаддас даргоҳ ачинарли ҳолга тушиб қолгани албатта афсуслидир.
Бугунги кунда мазкур диний ўқув масканининг нуфузи ва мақомини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бу ердаги қадимий биноларни тубдан таъмирлаш, ён-атрофдаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай эзгу ишларимиз қаторида биз ҳозир яна бир йирик лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб боряпмиз.
Маълумки, бизнинг минтақамиз, авваламбор, бугунги Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади.
Халқимизнинг ана шундай бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида биз азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини барпо этишга қарор қилдик.
Нега деганда, “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида мана шундай марказни ташкил этишни бугун даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ушбу марказни машҳур Хастимом мажмуаси ҳудудида ташкил этиш, бу ерда юртимиздан етишиб чиққан буюк ислом олимлари, аллома ва мутафаккирлари, жаҳон маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган улуғ шоир ва адиблар, рассом ва хаттотларга оид бой маълумотларни мужассам этиш кўзда тутилмоқда.
Марказ аввало меъморий ва бинокорлик нуқтаи назаридан ниҳоятда улуғвор, муҳташам ва ноёб бўлиши лозим. Ушбу мажмуа ўзида нодир экспонатларга бой музей ва кутубхонани мужассам этади. Шу билан бирга, бу ерда кенг кўламда илмий-тадқиқот ишлари ҳам олиб борилади.
Бу масканга ташриф буюрувчилар бир вақтнинг ўзида ислом оламининг ўнлаб энг ёрқин намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти билан танишиш имконига эга бўлади.
Масалан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби азиз-авлиёларимиз, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари аллома ва мутаффакирлар, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб каби мусаввирларнинг бебаҳо меросидан намуналар, улар таваллуд топган ва фаолият кўрсатган тарихий шаҳарлар манзаралари турли ноёб экспонатлар орқали акс эттирилади.
Бизга ватандош бўлган ҳар бир аллома ва мутафаккирнинг ҳаёти ва фаолиятига экспозицияда алоҳида бир бўлим бағишланади.
Ўзбекистонда уларнинг шарафига барпо этилган меъморий ёдгорликлар макетлари, қўлёзма ва босма асарлар, хаттотлик намуналари, ўша даврдаги амалий санъат буюмлари ва бошқа экспонатлар шу бўлимларда намойиш этилади.
Ўз вақтида Соҳибқирон Амир Темур бобомиз юртимизга олиб келган муқаддас Қуръони каримнинг Усмон нусхаси мазкур музейнинг марказида нур сочиб, бутун зални чароғон этиб туради.
Азиз дўстлар, фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ана шу савобли ишда ўз таклиф ва маслаҳатларингиз билан фаол иштирок этишга чақираман.
Сизларга яхши маълумки, турли давр ва шароитларда тақдир тақозоси билан юртимиз тарихи ва маданиятига, динимизга оид кўплаб ноёб қўлёзмалар ва архив ҳужжатлари четга олиб кетилган. Улар бугунги кунда хорижий давлатларнинг фонд ва музейлари, илмий-маърифий муассасаларида сақланмоқда. Ушбу ноёб тарихий ашёлар ва санъат асарлари нафақат халқимизнинг нодир дурдонаси, балки жаҳон аҳамиятига молик йирик коллекциялар ҳисобланади.
Чет элларда сақланаётган маданий бойликларимизни аниқлаш ва уларни ҳар томонлама ўрганиш, имкон қадар мамлакатимизга олиб келиш мақсадида кейинги даврда бирмунча ишлар амалга оширилди. Лекин ҳаммамиз тушунамизки, бу ишларни жамоатчилик асосида ҳал қилиб бўлмайди. Бу масалани давлат сиёсати даражасига кўтариш зарур.
Бу эса тегишли молиявий ва ташкилий ресурсларни, соҳага юқори илмий салоҳиятли кадрлар ва мутахассисларни жалб қилишни талаб этади.
Бу муҳим вазифани амалга ошириш учун биз ҳозирги вақтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида марказ тузиш бўйича қарор лойиҳаси устида ишлаяпмиз.
Бундан асосий мақсад шуки, тарихимиз, маданиятимиз, динимизга алоқадор бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, уларни тўплаб, халқимизни, ёшларимизни таништириш, бизнинг қандай буюк ва бетакрор меросимиз борлигини англатиш, фарзандларимизни шу улуғ меросга муносиб этиб тарбиялашдан иборат.
Бизнинг ана шундай ишларимиз нафақат юртимизда, балки чет элларда ҳам жиддий қизиқиш уйғотмоқда.
Дунёдаги, мусулмон оламидаги нуфузли халқаро ташкилотлар, катта обрў-эътиборга эга бўлган расмий шахслар бу борада биз билан ҳамкорлик қилиш истагини билдиришмоқда.
Сизларга маълумки, 2016 йил октябрь ойида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказилган учрашувида Ўзбекистон томонидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар марказини тузиш тўғрисида ташаббус илгари сурилган эди.
Яқинда Саудия Арабистонига сафаримиз пайтида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Ислом тараққиёт банки ўртасида айни шу масала бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур банк президенти Бандар Ҳажар жаноблари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, “Ислом тараққиёт банки – бу Ўзбекистоннинг банки”, деб айтдилар. Бу сўзлар бутун ислом уммати, ислом жамоатчилигининг Имом Бухорий юртига, унинг авлодларига бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми ифодаси, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Саудия Арабистонида ўтказилган халқаро саммитда катта-катта давлатлар, араб, мусулмон мамлакатлари ва АҚШ раҳбарияти бир фикрга алоҳида урғу беришди. Яъни, улар жаҳолатга қарши маърифат, таълим-тарбияни кучайтириш билан курашиш зарур эканини таъкидлашди.
Бу фикрлар диний масаладаги бизнинг ёндашувимиз билан уйғун ва ҳамоҳанг экани айниқса эътиборлидир. Жумладан, АҚШ Президенти Дональд Трамп жаноби олийлари ҳам шу борада аниқ ва конструктив таклифларни илгари сурди.
Мен Президент сифатида Америка халқи ва ўз номимдан кафолат бераман, биз терроризм ва экстремизмга қарши қаттиқ кураш олиб борамиз, бу йўлда, қайси дин вакили бўлишимиздан қатъи назар, барчамиз бирлашишимиз зарур. Ер юзида тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифамиз бўлиши керак, деди АҚШ Президенти.
Саммит минбаридан янграган бундай гаплар албатта бизга ҳам маъқул бўлди. Шу нуқтаи назардан қараганда, биз бугунги кунда ижтимоий-маънавий ҳаётимизни ривожлантириш борасида амалга ошираётган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз, бунинг учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятларини сафарбар этишимиз шарт. Чунки ҳозирги вақтда дунё миқёсида ҳукм сураётган таҳликали вазият, сиёсий ва иқтисодий инқирозлардан ташвишга тушмаётган бирорта давлат ёки жамият йўқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Айниқса, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммолар, айрим минтақаларда иқтисодий ночорлик, ишсизлик, қашшоқлик кучайиб бораётгани бутун инсониятни қаттиқ хавотирга солмоқда.
Ана шундай ўта мураккаб ва қалтис шароитда қандай йўл тутиш, қандай қилиб тинчлик ва осойишталикни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш мумкин, деган савол барчамизни жиддий ўйлантириши зарур.
Айниқса, кейинги пайтда турли мамлакатларда содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг ижрочилари қаторида миллатимизга мансуб кимсалар ҳам борлиги халқимизда афсус ва надомат уйғотмоқда.
Тинчлик ва осойишталикни, инсонийликни ҳамма нарсадан устун қўядиган халқимиз бундай шахсларни, уларнинг қилмишларини кескин қоралайди. Уларни ўзбек деган номга номуносиб деб ҳисоблайди.
Ҳозирги вақтда ёшлар, айниқса, чет элда ишлаб, ҳалол меҳнат билан даромад топаман, деб юрган фуқароларимиз терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолмаслиги учун биз барча чораларни кўряпмиз.
Авваламбор, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият беряпмиз. Бизнинг мақсадимиз улар билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, умумий муаммоларни биргаликда ечишдан иборат.
Шу мақсадда, мана, Туркманистон ва Қозоғистон Республикасига қисқа муддатда икки марта ташриф билан бордик. Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистонига ташрифларимиз ҳам самарали бўлди.
Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида меҳнат миграцияси бўйича муҳим келишувга эришдик. Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ: одам қаерда бўлса ҳам ишлаши, оиласи, бола-чақасини боқиши керак. Лекин у ҳалол меҳнат қилиши, қонуний йўл билан даромад топиши лозим. Бунинг учун давлатимиз барча шароитларни яратиб беришга тайёр.
Аммо яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмасдан, эгри қадам босадиган, эл-юртимизга иснод келтирадиган кимсалар – уларни нонкўр десак, тўғри бўлади – бундай шахслар билан бошқача иш олиб борамиз. Буюк шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек, “Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса, жазо топқусидур”.
Муҳтарам дўстлар!
Бугунги кунда ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун энг асосий масала бўлиб турибди.
Шу муносабат билан мен Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ва Андижон вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда айтган баъзи фикрларимни бугун сизларнинг олдингизда такрорлашни ўринли, деб биламан.
Биз кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқяпмиз. Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб бошқа кўчаларга кириб кетаёган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Яъни, ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди.
Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз, бунинг шукронасини қилиб, фарзандларимизни ҳам бундай неъматнинг қадрига етадиган инсонлар этиб тарбиялашимиз керак эмасми?
Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф. Шунинг учун соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилишни аввало кимдан сўраймиз? Сиз, азизлардан сўраймиз. Шу борада барчамиз кимдан ибрат оламиз? Сиз, азизлардан.
Шунинг учун ҳам сизларнинг катта билимингиз, обрў-эътиборингизни инобатга олиб, мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг.
Агар маҳаллангизда бирорта бола зарарли диний оқимга кириб қолган бўлса, уни нотўғри йўлдан қайтаришга ҳаракат қилинг.
Аввало, улар билан гаплашиб, бу – ота-боболаринг йўли эмас, бу йўлдан қайт, ҳақиқат мана бу ёқда, тинчлик ва эзгулик йўлидан бориб, ҳеч ким кам бўлмаган, деб уларни соғлом эътиқодга ишонтириш керак. Билим билан, ақл ва маърифат, намунали ишлар билан ишонтириш керак. Тарихдан, бугунги ҳаётимиздан олинган ҳаётий, таъсирчан мисоллар билан инонтириш керак.
Бундай тарғибот, бундай ташвиқот сизларнинг қўлингиздан албатта келади.
Йўлдан адашган болани дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билишимиз керак. Унга бутун қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни шу бола билсин. Зора, шунда уларнинг ҳам қалб кўзи очилса, тўғри йўлга қадам қўйса...
Бир боланинг йўлдан адашиши – бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак. Биз эса, афсуски, улардан ўзимизни олиб қочамиз. Тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз, у фалончининг акаси ёки ўғли, деб уларнинг нафратини баттар авж олдирамиз, айбсиз одамларни ашаддий душман қиламиз.
Натижада нима бўлади? Кулфат камайиш ўрнига кўпаяди. Бошқа оилалар ҳаётига ҳам кириб боради.
Бугун шу масалани кўндаланг қўядиган вақт келди.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Олижаноб кишилар узрни қабул қилур”, деб таъкидлаган эканлар. Халқимиз – мард ва олижаноб халқ. Ким чин дилдан узр сўраса, тавба қилса, албатта гуноҳидан кечади. Шунинг учун ҳозирги кунда қанча адашганларни кечириб, тўғри йўлга соляпмиз. Бирини ўқишга, бирини ишга, бирини касбга қайтаряпмиз.
Минг афсуски, зарарли диний оқимга кирган болани "Бу – қўшнининг боласи, бошқа қишлоқ ёки туманнинг боласи", деб лоқайд бўлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Кимдир четга чиқиб, экстремистларга қўшилиб юрган бўлса, баъзи раҳбарлар, у Фарғонадан эмас, Андижондан, Қашқадарёдан эмас, Самарқанддан, деб бепарво бўлмоқда. Лекин у Ўзбекистон фарзанди, Ўзбекистон фуқароси-ку!
Шу муносабат билан бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистонда давлат давлатчилигини қилади, қонун устувор бўлади. Худога шукур, давлат раҳбари сифатида буни таъминлашга менинг кучим ҳам, билимим ва салоҳиятим ҳам албатта етади. Бу ҳақиқатни ҳеч ким, ҳеч қачон эсидан чиқармасин.
Халқимизда “Икки кеманинг бошини тутган ғарқ бўлади”, деган мақол бор. Қайси раҳбар, қайси имом-хатиб у томонга ҳам, бу томонга ҳам ёқаман, деб иш кўрмоқчи бўлса, қаттиқ адашади. Бизга бундай иккиюзламачи, мунофиқ одамлар мутлақо керак эмас.
Мусулмончилик ҳар биримизнинг юрагимизда, виждонимизда бўлиши лозим. Инсон имон-эътиқодли бўлса, юртига содиқ бўлиб хизмат қилса, у ҳақиқий ватанпарвар бўлади.
Агар у эътиқодсиз бўлиб, чаласавод бўлиб, хиёнат қилиб, боя айтганимдек, икки томон билан ҳам “ўйин” қиламан, бу давлат кетса, анавилар келиб қолса, улар билан ҳам тил топишаман, деб найранг қиладиган бўлса, билиб қўйинглар, бундай “номер”лар бизга ўтмайди.
Албатта, ашаддий террорчи ва экстремистлар ўз йўлидан қайтмайди. Уларнинг мияси, бутун ҳужайраси заҳарланиб, қўли қонга ботиб бўлган. Уларга гап уқтириб, инсофга чақиришнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ.
Шунинг учун ҳам ҳар қайси маҳалла, ҳар бир туман ва вилоят ўз ҳудудидан чиққан, чет элларда террорчи гуруҳлар сафида юрган ашаддий экстремистларни Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариш ҳақида Ўзбекистон Президентига таклиф киритиши зарур.
Бу масалани аввало чуқур ўрганиш керак, айби исботланган тақдирда мен уларни Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилишга тайёрман. Оқни – оқ, қорани – қора, дейдиган вақт келди. Бизга бундай нонкўрлар керак эмас.
Айни вақтда бу масала бўйича жойлардаги ижро органлари, ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам ўз муносабатини ўзгартириши лозим.
Адашганлар ҳақида гапирганда, жамоатчилигимиз, имом-хатибларимиз, керак бўлса, туман ҳокимига бориб, "Бу йигитга иш беринг, уй беринг, у ўзи асли ёмон одам эмас экан, кимнингдир ноинсофлиги, адолатсизлиги туфайли шу кўйга тушибди", деб айтишдан қўрқмасин.
Бугунги йиғилишда иштирок этаётган ва вилоятларда ўтирган барча раҳбарлар ҳам бу гаплардан албатта хулоса чиқариши керак.
Бугун қанча ёшлар сохта алдовларга учиб, ўз умрини хазон қилаётганини ўйлаб, тўғриси, тунлари ухламасдан чиқаман. Ўзингиз айтинг, азиз биродарлар, бу аччиқ ҳақиқат юрагимизга ханжар бўлиб санчилиши керак эмасми?
Ахир, кечагина шу ёшлар, ўзимизнинг қоракўзлар, биримизнинг маҳалладошимиз, биримизнинг ўғлимиз, биримизнинг қизимиз ёки жиянимиз эди-ку! Улар қачон адашди, қачон нотўғри йўлга кириб кетди?
Биз нега ғафлатда қолдик? Қачон, қаерда хатога йўл қўйдик? Фарзандларимиз қачон бегоналарнинг қўлига ўтиб кетди? Нима жин урдию улар ўз ота-онаси, ўз юртининг душманига айланиб қолди?
Бугун бу мудҳиш бало-қазонинг олдини олмасак, бор кучимизни шунга сафарбар этмасак, эртага кеч бўлади.
Юртимизда яшаётган, оиласини, фарзандларининг эртанги кунини ўйлайдиган ҳеч бир инсон, дин арбоблари, жамоатчилик вакиллари бу ҳаёт-мамот масаласидан четда турмаслиги керак.
Мана, ўзингиз кўряпсиз, Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливия каби давлатларда нима бўляпти? Яна қандай мисоллар керак ўзи? Бу фожиалар барчамизнинг кўзимизни очиши зарур эмасми?
Қуръони каримда айтилган “Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг”, деган ҳикматли сўзлардан ҳаммамиз хулоса чиқаришимиз лозим. Бизнинг бепарволигимиз, лоқайдлигимиз фақат фожиа келтиради. Болаларимиз, оиламиз, бутун юртимиз бошига фалокат келтиради. Айтинглар, ўзини инсон деб биладиган, виждони, имони бор ҳеч бир одам буни истайдими? Йўқ, албатта.
“Бола ота-она қўлида бир омонатдир”, дейди буюк алломаларимиз. Болаларимиз, уларнинг тақдири, келажаги ҳақиқатан ҳам жуда омонат эканини бугунги ҳаёт ҳар томонлама исботламоқда.
Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас.
Биз, кўпинча болам мактабда, ўқишда ёки чет элда ишлаяпти, деб хотиржам юрибмиз. Лекин бизнинг бундай соддалигимиз, бепарволигимиздан душманлар маккорлик билан фойдаланмоқда. Бизнинг жону жаҳонимиз бўлган фарзандимиз душманлар қўлида қуролга айланиб қолса, бунинг учун аввало ким айбдор? Ўзимиз эмасми?
Шунинг учун мактаб, лицей ва коллежлардаги, олий ўқув юртларидаги таълим-тарбия, биринчи навбатда, давомат масаласига ниҳоятда жиддий эътибор беришимиз шарт.
Биронта ўқувчи ёки талаба узрсиз ўқишга келмай қўйса, таълим маскани ҳам, оила ҳам, маҳалла, ҳокимият идоралари ҳам бу тўғрида бонг уриши, сергак тортиши, буни фавқулодда бир ҳол деб баҳолаши керак.
Ана шундай назорат тизими самарали ва ўзаро боғлиқликда ишлайдиган бўлса, албатта биз вазиятни қўлга олиб, уни ижобий томонга ўзгартира оламиз.
Шунинг учун ҳам биз туманларда ҳокимлар ҳамда ички ишлар бўлими бошлиқларининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимини ташкил этдик.
Кейинги йилларда халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган даъватга бугун “Ўз болангни ўзинг асра!” деб қўшимча киритиш вақти келди, деб ўйлайман.
Адашган ёшларни тарбиялашимиз, керак бўлса, жазони ўташ жойларига ҳам бориб, улар билан гаплашишимиз лозим. Чин дилдан тавба қилиб, ота-онаси, оиласи бағрига, тўғри йўлга қайтишни ният қилган одамларга амалий ёрдам беришга мен давлат раҳбари сифатида доимо тайёрман.
“Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, ички ишлар идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар бу масала бўйича бевосита жавобгар бўлиб, иш самарадорлигини тубдан оширишлари, мутлақо янги тизимга ўтишлари зарур.
Бу борадаги энг муҳим вазифалар ҳақида гапирганда, қуйидагиларни алоҳида таъкидлашни истардим.
Биринчидан, жойларда махсус ҳисобга олинган фуқароларнинг турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммоларини ўрганиш, ушбу тоифа шахслар нега радикаллашиб кетганининг сабабларини ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш лозим.
Ана шу ишларнинг натижалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятида қўллаш учун аниқ тавсия ва таклифлар ишлаб чиқишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Агар биз шу йўналишдаги ишларни аввалгидек давом эттирадиган бўлсак, яъни, умумий профилактика ишларини ёшлар радикал диний оқим аъзосига айланганидан сўнг ўтказадиган бўлсак, бундай хавф-хатарга қарши ҳеч қачон самарали кураша олмаймиз.
Қисқача айтганда, узоқни кўзлаб, керак бўлса, ҳаётда бир қадам олдинда юриб, бизни доғда қолдирмоқчи бўлганларнинг ҳийла-найрангларини аввалдан билиб, биринчи зарбани улар эмас, биз беришимиз зарур. Шунда давлатнинг – давлат, жамиятнинг – жамият экани бор кучи ва қудрати билан намоён бўлади.
Иккинчидан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли ходимлари учун малака ошириш ўқувларини ташкил этиш керак. Бу ўқувларда уларни диний экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг иш усули, ғаразли ғоя ва мақсадлари билан таништириб бориш зарур.
Адашган шахслар билан ишлайдиган мутахассис, у маҳалла маслаҳатчиси, имом-хатиб ёки профилактика инспектори бўладими, аввало бузғунчи кучлар қандай ғояларни илгари сураётганини билиши керак.
Акс ҳолда у ана шу ғоялар хато экани, дину диёнатимиз, элу юртимиз манфаатларига зид келишини тушунтириб беролмайди. Бундай ҳолатда қандай қилиб адашган кимсани тўғри йўлга ишонтириш мумкин?
Учинчидан, ҳокимларнинг ёшлар билан ишлаш ҳамда жамоатчилик ва диний ташкилотлар, шунингдек, хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари аввало ўзлари ташаббус кўрсатиб, турли сохта ваъдалар, ҳавойи гаплар ортидан эргашган фуқароларимизнинг хонадонларига кириб боришлари керак. Улар билан суҳбат ўтказишлари, иссиқ-совуғи, ташвиш ва муаммоларидан хабардор бўлишлари лозим. Уларнинг кундалик режасида ҳар куни қайси диний оқим аъзоси билан учрашиш, диний-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бўлган хонадоннинг масаласини ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар акс этиши шарт.
Агар биз ёлғон ғояга алданганларни ўз ҳолига ташлаб қўядиган бўлсак, эртага четда пайт пойлаб турган қабиҳ ёв келиб, уни ўз ортидан етаклаб кетмаслигига ким кафолат беради?
Бугунги кунда диний экстремистик оқим аъзоларининг фарзандларини жамоат ишларига, дунёвий турмуш тарзига, хусусан, фан ва касб-ҳунар тўгараклари, санъат фестиваллари, спорт мусобақаларига жалб қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Буни албатта қониқарли деб бўлмайди. Нега деганда, бир-икки марта номига тадбир ўтказиш билан иш битмайди. Бу йўналишда ҳар куни, ҳар соатда, доимий ва тизимли равишда иш олиб бориш керак. Буни маънавий ҳаёт, ғоявий-мафкуравий иш деб қўйибди. Бу бизга ғалла ёки чигит экиш эмас, уруғни тупроққа ташладик, бўлди, энди кутамиз, деб қараб ўтирсак.
Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди.
Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади, айтинглар? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз керак. Мана, гап нима ҳақида кетяпти!
Бунинг учун ўзини жамиятимиз, ёшларимиз маънавияти, ғоявий-мафкуравий тарбияси учун масъул деб билган инсонлар – бу маҳалла ёки диний ташкилотлар бўладими, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки катта таъсир кучига эга ижодкор зиёлилар бўладими – уларнинг барчаси айниқса фаол бўлишлари лозим.
Афсуски, биз бу масалаларда ухлаб ўтирибмиз. Гапнинг очиғи шу: ухлаб ўтирибмиз. Душман эса ўз ишини қиляпти. Баъзи ўринларда ҳатто мақсадига ҳам эришяпти.
Агар бу сўзларим кимгадир қаттиқ ботса, нотўғри бўлса, марҳамат, буни ҳам очиқ айтинглар. Мен эшитишга тайёрман.
Яна бир масала – эл-юртга пешво бўлиб юрадиган муҳтарам имом-хатибларимиз юксак маънавияти, одоб-ахлоқи билан аввало ўзлари бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатмас экан, уларнинг ваъзхонлиги одамларга чивин чаққандек ҳам таъсир қилмайди.
Холисона айтганда, барча имом-хатибларимиз шу талабларга жавоб бера оладими?
Тўртинчидан, ҳар бир маҳаллада маҳалла раиси, маслаҳатчилар, участка инспектори ва имом-хатибнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш фурсати етди.
Имом-хатиблар кенг жамоатчилик орасида мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай барқарор ва осойишта муҳит осмондан тушмаётганини тарғиб этиш, ота-боболаримиз минг йиллардан буён пок сақлаб келаётган ислом дини ҳар қандай зўравонликка, бузғунчиликка, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишга мутлақо қарши эканини оят ва ҳадислар асосида, жонли мисоллар ёрдамида таъсирчан етказиб беришлари зарур.
Муқаддас Қуръони каримда мусулмонларга қарата фирқаларга бўлинманг, деган мазмундаги кўрсатмалар бор. Бу турли оқимларга бўлиниб, одамларни тўғри йўлдан адаштиришга динимиз мутлақо қарши эканига яққол далил эмасми?
Бешинчидан, бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ.
Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин.
Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан. Лекин тарбия дегани фақат мактаб тарбиясидан иборат эмас. Ҳозир ҳаммамиз бор айбни мактабга ағдаришга ўрганиб қолганмиз.
Маҳалла, оила, кенг жамоатчилик-чи? “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақолнинг ҳақиқий маъносини англайдиган вақт келди. Англаб, шу асосда яшайдиган вақт келди.
Лекин бугунги кунда маҳалладаги, айниқса уюшмаган ёшларнинг тақдири билан ким қизиқяпти? Болалар кимлар билан ҳамсуҳбат бўлаётгани, ўқишга қачон бориб, қачон келаётганини ким назорат қиляпти?
Ёшлар, хусусан, ўсмирлар орасида безорилик, жиноятлар сони ортишига қандай омиллар сабаб бўляпти?
Баъзи ёшларимиз учун меҳр-оқибат, ахлоқ-одоб тушунчалари бутунлай бегона бўлиб бораётгани, уларда бефарқлик, масъулиятсизлик, меҳнат қилмасдан кун кўришга интилиш каби иллатлар пайдо бўлаётгани – аччиқ бўлса-да, ҳақиқат.
Бунинг тасдиғини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Айрим ёшларнинг қисқа ёки узоқ вақт чет элга, меҳнат сафарига бориб келиб, ўз эътиқодини хато деб ҳисоблаб, бизга буткул ёт бўлган оқимлар, ғоя ва тушунчаларни олиб келаётгани ҳам – бор гап. Айни ҳақиқат бу. Бундай ҳолатлар барчамизни ташвишга солиши шарт.
Ёки турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди.
Ёш оилалар орасида арзимас сабаблар билан ажралишлар кўпайиб бормоқда. Бегуноҳ болалар етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолмоқда.
Яна бир нохуш ҳолатни бугун афсус билан айтмоқчиман: оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда.
Сизлар яхши биласизлар, Қуръони каримда “Ўзингизни ноҳақ ўлдирмангиз” деб буюрилади. Муборак ҳадисларда ўз жонига қасд қилганлар ҳеч қачон жаннатга тушмаслиги ҳам баён қилинади.
Шунга қарамасдан, аёлларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари барҳам топмаётган экан, биз аввало бунинг сабабларини бартараф этиш ҳақида ҳар томонлама ўйлашимиз, жумладан, аҳолимиз, аёлларимиз ўртасида динимизнинг бу кўрсатмаларини тушунтиришимиз лозим.
Шу ўринда яна бир нозик масала бўйича алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Баъзан ҳаётда "ЗАГС", яъни, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсуски, учраб турибди.
Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида кундошлик туфайли бутун бир оила бошига тушган фожиаларни жуда таъсирчан тасвирлаб бергани наҳотки сабоқ бўлмаган бўлса?
Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади.
Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди.
Ҳурматли имом-хатиблар, сизлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатни кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай катта муаммо олиб келаётганини лоақал тасаввур қиласизларми ўзи?!
Ҳозирги кунда ҳаётимизда авж олаётган ана шундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Бу қонунда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай муллага, агар у валломат бўлсаям, жиноий жазо бериш кўзда тутилади.
Олтинчидан, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда жамоатчилик назоратини тизимли йўлга қўйиш энг мақбул йўлдир. Бу – жаҳон тажрибасида синовдан ўтган йўл.
Давлат қачон ўз вазифасини муваффақиятли адо этади? Қачонки давлат идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатилган бўлса.
Афсуски, ҳозирги кунда жамоатчилик назоратининг таъсири амалда сезилмаяпти. Одамлар орасида ҳалигача боқимандалик кайфияти ҳукм сурмоқда. Давлат бор-ку, боқсин-да, деган кайфиятлардан, афсуски, тўлиқ қутула олмаяпмиз.
Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи кейинги пайтда қарийб барча ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ана шу муаммоларни биргаликда ечмасак, четдан келиб ҳеч ким уларни ҳал қилиб бермайди.
Ҳаммангиз биласиз, ҳозирги пайтда бирор-бир ташкилотга битта қўшимча штат бериш қанчалик қийин. Аммо биз жамиятимиз, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ўйлаб, ички ишлар тизими, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармаларига, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатига, Хотин-қизлар қўмитасига қўшимча штатлар бердик, уларнинг иш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширдик.
Энди улардан маънавий-маърифий тадбирларнинг натижаси бўйича, жумладан, адашганларни тўғри йўлга солиш бўйича амалий ишларни кутишга ҳақлимиз.
Қадрли юртдошлар!
Бугунги учрашувимиздан фойдаланиб, сизлар билан яна бир масала ҳақида фикрлашиб олмоқчиман.
Сизларга яхши аёнки, мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида динимиз равнақи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк азиз-авлиёлар, аллома зотлар хотирасига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари, илмий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг қошида ислом динининг алоҳида йўналишлари бўйича илм олишга, мутахассис бўлишга тайёрлаб борадиган илмий мактаблар ташкил этсак, нима дейсизлар?
Масалан, Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади.
Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади.
Куни кеча Имом Бухорий бобомиз ёдгорлик мажмуасида бўлганимда бу масаланинг нақадар муҳим ва долзарб эканини айниқса чуқур ҳис этдим.
Айни вақтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг тасарруфидаги ташкилотлар ва имом-хатибларга қулайликлар яратиш учун қуйидаги масалаларни кўриб чиқишимиз зарур, деб ўйлайман.
Биринчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид ва таълим муассасаларининг нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритишини инобатга олиб, улар томонидан тўланадиган ягона ижтимоий тўловнинг миқдорини қайта кўриб чиқиш зарур.
Иккинчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси қошида фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув марказининг фаолиятини кучайтириш, унинг илмий салоҳиятини, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишимиз ва амалга оширишимиз зарур.
Учинчидан, мамлакатимизда маърифий йўналишдаги нашрларга берилган имтиёзларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси ҳамда диний-маърифий нашрлар учун ҳам жорий этиб, уларга ҳам солиқ ва мажбурий ижтимоий тўловлар бўйича белгиланган имтиёзлар бериш адолатдан бўлади, деб ўйлайман.
Тўртинчидан, “Ўзбекистон” телеканали орқали бериладиган “Ҳидоят сари” маърифий дастури ва “Зиё” студияси кўрсатувларини, ўйлайманки, юртимизда кўпчилик катта қизиқиш билан томоша қилади. Ана шу кўрсатувлар ижодкорларининг самарали меҳнатини инобатга олиб, уларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Юртимиз остонасига бостириб келаётган ёвуз хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга маърифат билан қарши курашишда, ҳеч шубҳасиз, дину диёнатимиз йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз, муҳтарам домла-имомларимиз, барча диний ходимларнинг ўрни ва таъсири беқиёс.
Сизлар инсон туғилганида чақалоққа азон айтишдан то уни сўнгги йўлга кузатишгача – бир умр у билан бирга бўласизлар. Яъни, ҳаётимиздаги барча яхши-ёмон кунларда доимо биз билан биргасиз.
Биз сизларнинг одамларни меҳр-оқибатга, ҳалолликка чақириш, ёшларни ахлоқ-одоб руҳида тарбиялаш, оилалар, маҳаллаларда тинчлик, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган савобли ишларингиз учун барчангиздан миннатдормиз.
Айни пайтда бугун замон шуни талаб қиляптики, бу борадаги фаолиятимизни янада кучайтирмасак, унинг самарасини оширмасак, шунча қилган саъй-ҳаракатларимиз бекор кетади. Бундан буён ҳар бир имом-хатиб фаолиятига у иш олиб бораётган тумандаги диний вазиятга қараб баҳо берилади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Шайхонтоҳур тумани ва Андижон вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда муҳокама қилинган масалалар ва уларнинг ечими бўйича бошланган ишларни мамлакатимиз миқёсида кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Мен ўзим кўп жойларда эшитаман, имом-хатибларимизнинг маъруза ва суҳбатлари, афсуски, кўпинча фақат тор диний мавзу билан чекланиб қолади.
Ҳолбуки, одамларимизда шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғусини, соғлом эътиқодни кучайтиришга асос берадиган жуда кўп мисолларни бугунги ҳаётимиздан истаганча келтириш мумкин.
Мисол учун, биргина “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида 300 дан зиёд чора-тадбир белгиланган бўлиб, уларнинг ижроси учун 37,7 триллион сўм ва 8,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаш кўзда тутилган.
Дастур доирасида 2017 йилда қишлоқ жойларда 15 мингта янги намунадаги арзон, такрор айтаман, арзон уй-жойлар барпо этилади. Ўзингиз яхши тушунасиз, бу дунёда уйга муҳтож бир одамга бошпана қуриб бериш ҳам динимизда катта савоб иш деб баҳоланади.
Шу маънода, бундай олижаноб анъаналар халқимиз ҳаётида ҳеч қачон тўхтаб қолмагани, давлатимиз томонидан бугунги кунда янада кенг миқёсда давом эттирилаётганини айтиб ўтиш жоиз, деб ўйлайман.
Юртимизда тадбиркорлик соҳасида яратилаётган қулай шароитлардан фойдаланиб, ёшларни ўз мустақил ишини очишга даъват қилиш – бу ҳам динимиз буюрган яхши амаллардан бири.
“Дилинг – Оллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин” деган даъват буюк Баҳоуддин Нақшбанд бобомиз томонидан айни шу мақсадда айтилган, десак, ўйлайманки, адашмаган бўламиз.
Мана, бу йил қишлоқ жойларда яна бир ибратли тажрибани бошладик. Яъни, ғалладан бўшайдиган 1 миллион 15 минг гектар ерда такрорий экинлар экиш учун рухсат беряпмиз. Бу ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп. Мақсад – ер бекор турмасин, одамлар даромад олсин.
Албатта, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Буларнинг барчаси халқимиз учун, унинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қаратилганини англаш албатта қийин эмас.
Энг муҳими, улар муқаддас динимиз даъват этадиган эзгу ишларга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг эканини сиз, азизлар айниқса чуқур тушунасиз ва қадрлайсиз, деб ўйлайман.
Азиз дўстлар!
Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан мамлакатимиз мустақиллигини барча соҳаларда мустаҳкамлаш, хусусан, муқаддас динимизни тиклаш, унинг поклигини сақлаш, жамиятимизда диний бағрикенглик, миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтиришда улкан ишлар амалга оширилганини барчамиз яхши биламиз.
Бугун, Оллоҳ розилиги йўлида, халқимизнинг улуғ фарзанди Ислом Каримов хотирасига бағишлаб юртимизнинг барча вилоятларида ифторлик маросимлари ташкил этилмоқда.
Шу фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларнинг барчангизни кечки пайт “Наврўз” мажмуасига таклиф этишга ижозат бергайсиз. Тутган рўзаларингиз даргоҳида қабул бўлсин.
Қадрли ва муҳтарам ватандошлар!
Биз ўз йўлимизда қандай хавф-хатарга дуч келмайлик, уни фақат мустаҳкам иродамиз, дину диёнатимиз билан енга оламиз.
Биз қандай маррага эришмоқчи бўлсак, унга фақат она юртимизга меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик билан эришамиз.
Биз эркин ва фаровон келажагимизни қурмоқчи бўлсак, фақат мард ва олижаноб халқимиз билан бирга барпо этамиз.
Ишончим комил, бу ҳақиқатни бугун барчамиз чин юракдан ҳис қилиб турибмиз. Истардимки, шу буюк туйғу амалий ишларимиз, фаолиятимизда асосий мезон бўлсин.
Шу йўлда Оллоҳ таоло барчамизга доимо мададкор бўлсин, куч-ғайрат ато этсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.