13.07.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Фуат Октай бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Фуат Октай Ўзбекистон етакчисига унинг Президент сайловидаги ишончли ғалабаси муносабати билан қардош Туркия Президенти ва халқининг самимий табрикларини етказди.
Туркия томони Ўзбекистон Президентининг аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган прагматик сиёсатини юксак баҳолаши ва тўлиқ қўллаб-қувватлаши қайд этилди.
Музокаралар чоғида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ҳамда олий даражада қабул қилинаётган қарорлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларини ташкил этиш ва тегишли “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан эришилган келишувларни олқишлади.
Шунингдек, учрашувда ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва авиақатновларни кўпайтириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, қўшма маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш бўйича мувофиқлашган чоралар кўрилиши муҳим экани таъкидланди.