27.06.2023
Қадрли дўстлар!
Бугун юртимизда кенг нишонланаётган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан сиз, азизларни, муҳтарам фахрийларимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бу айём нафақат ўз ҳаётини шу соҳага бағишлаган фидойи инсонлар, балки уларнинг машаққатли ижод ва меҳнат маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, тингловчи ва томошабинлар, бутун жамиятимиз учун ҳам қадрлидир.
Мана шундай кунларда миллий матбуотимизнинг тамал тошини қўйган жадид боболаримизнинг: “Матбуот фикрлар тилмочи, миллат ва эл-юрт ривожи йўлида хизматчи, одамлар онгу шуурининг қуёши, ҳар кимнинг виждонига тутилган кўзгу бўлмоғи лозим” деган фикрлари ҳозирги кунимиз учун ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашимиз табиийдир.
Маърифатпарвар аждодларимизнинг бу олижаноб орзу-интилишлари фақатгина мустақиллигимиз туфайли рўёбга чиқди.
Кейинги йилларда юртимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар натижасида оммавий ахборот воситаларини эркин фикр минбарига, халқимиз манфаатларининг фаол ҳимоячисига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин, ижтимоий муҳит яратилди.
Биз мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласини инсон қадрини улуғлаш, демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми деб биламиз.
Янгиланган Асосий қонунимизда ушбу йўналишдаги конституциявий қоидалар янада мустаҳкамлаб қўйилгани бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз бардавом эканини кўрсатади.
Ҳозирги кунда юртимизда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради. Анъанавий нашрлар билан бирга интернет нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 745 тага етгани ва ўқувчилар оммасини тобора кўпроқ ўзига жалб этаётганини қайд этиш лозим.
Давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар таркибида ахборот хизматлари йўлга қўйилгани халқ билан мулоқотни кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг очиқлик борасидаги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Жумладан, яқинда биринчи марта ўтган йил якунларига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида амалга оширилган ишларни баҳолаш бўйича Очиқлик индекси натижалари эълон қилингани бу йўлдаги муҳим қадам бўлди.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқаро ахборот маконига ҳам дадил кириб бормоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда бир қатор хусусий телестудияларнинг кўрсатувлари жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлатларига узатилмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ўз хабарларини 10 та хорижий тилда тарқатмоқда.
Кейинги вақтда юртимизда китобхонликни оммалаштиришдек эзгу ишга нашриёт-матбаа соҳаси ходимлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Сўнгги йилларда республика нашриётлари томонидан 132 миллион нусха бадиий китоб ва бошқа адабиётлар чоп этилгани китобсевар халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг онгу тафаккурини юксалтиришда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз.
Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу соҳа учун уч йил муддатга даромад солиғи бўйича имтиёзлар берилгани уларнинг иқтисодий ҳолатини барқарорлаштиришда катта мадад бўлмоқда.
Азиз дўстлар!
Бугунги шиддатли даврнинг ўзи барча соҳалар қатори ахборот йўналишида ҳам олдимизга ўта долзарб вазифаларни қўймоқда.
Ҳозирги вақтда ер юзининг турли бурчакларида юз бераётган, барчамизни ташвиш ва хавотирга солаётган воқеаларни ҳисобга оладиган бўлсак, глобал дунёда ахборотлашув жараёнларининг таҳдидли жиҳатлари ҳам борлиги ва улар тобора кучайиб бораётганидан кўз юмолмаймиз.
Дунёнинг айрим минтақа ва ҳудудларида оммавий ахборот воситалари муайян сиёсий кучлар қўлида информацион урушни авж олдиришга, жамоатчилик фикрини чалғитишга, оқни – қора, қорани – оқ деб кўрсатишга хизмат қилаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади.
Ахборот маконидаги устунлик кўп нарсани ҳал этадиган бугунги мураккаб вазиятда халқимиз сиз, азизларни демократик матбуотнинг асосий шарти ва талаби бўлган холислик, ҳаққонийлик, миллий манфаатларимизга содиқлик каби принципларга амал қилиб, ўз билим ва салоҳияти, ўткир қалами ва ҳароратли сўзи билан жамоатчиликка ижтимоий жараёнлар моҳиятини англаб етишга кўмаклашадиган, уларни бузғунчи ахборот хуружларидан ҳимоя қиладиган фидойи инсонлар деб билади.
Биз жамият ҳаётида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, бюрократия ва коррупция каби иллатларга қарши курашишда, аввало, сиз ҳурматли журналист ва блогерлар, айниқса, миллий медиа маконимизга янги ғоя ва ташаббуслар билан кириб келаётган истеъдодли ёшларимизга таянамиз.
Шу боис кенг миқёсда фикрлайдиган, она тили билан бир қаторда хорижий тилларни, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, юксак малакали, ватанпарвар журналист кадрларни тайёрлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Қорақалпоқ давлат университети, Бухоро давлат университети каби таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича юзлаб мутахассислар тайёрланаётгани ҳам шундан далолат беради.
Ушбу олий таълим даргоҳларида талаба ёшларимиз босма оммавий ахборот воситалари ва ноширлик иши, аудиовизуал журналистика, интернет журналистикаси ва менежменти, медиа назарияси ва амалиёти, ҳарбий ва спорт журналистикаси, рақамли медиа, халқаро муносабатлар сингари йигирмадан зиёд таълим йўналишлари бўйича юқори малакали профессор-ўқитувчилардан маҳорат сирларини ўрганаётгани айниқса эътиборлидир.
Биз Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш вазифасини ўз олдимизга қўйган эканмиз, бу борадаги миллий анъаналаримиз билан бирга ривожланган давлатлар тажрибасини ҳам ҳар томонлама ўрганишимиз, оммавий ахборот воситалари бўйича дунёдаги етакчи олийгоҳлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва медиа компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришимизни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.
Шу сабабли оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолади.
Бу соҳада олдимизда турган вазифаларни аниқ белгилаб олиш ва амалга оширишда ҳозирги вақтда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси томонидан тайёрланаётган Миллий маъруза катта амалий аҳамият касб этади, деб ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз ва жамиятимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини рағбатлантириш, соҳанинг моддий-техник ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканини яна бир бор таъкидлайман.
Сизларни қутлуғ касб байрамингиз ҳамда яқинлашиб келаётган улуғ айём – Қурбон ҳайити билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, ижодий фаолиятингизда янги ютуқлар, хонадонларингизга бахт-саодат ва файзу барака тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти