06.12.2016
Мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғибот қилиш, туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш мақсадида:
1. Қуйидагилар ўрта муддатли истиқболда туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсадли вазифалари ва устувор йўналишлари этиб белгилансин:
туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини шакллантириш ва изчил амалга ошириш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, ушбу соҳани барча ҳудудларни ва ўзаро боғлиқ тармоқларни комплекс равишда жадал ривожлантиришнинг етакчи кучига айланиши лозим бўлган иқтисодиётни диверсификациялаш, таркибий ўзгартириш ва барқарор ривожланишнинг қудратли воситасига айлантириш, яратиладиган ялпи ички маҳсулотда, маҳаллий бюджет даромадларида туризмнинг улушини кўпайтириш, иш билан бандликни таъминлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
туризм индустрияси субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни шакллантиришга йўналтирилган туризм фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, туризмнинг ривожланишидаги барча тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, виза ва рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини, паспорт ва божхона назоратини соддалаштириш, туризм соҳасини давлат томонидан бошқариш ва бозорга хос тарзда тартибга солиш механизмини мақбуллаштириш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш ва туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, туризм соҳасида статистик ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш;
туризм хизматларини ташкил этишда, энг аввало, туристлар жойлаштириладиган жойларда, овқатланиш пунктларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишда, туризм объектларига ташрифларни уюштиришда туристлар ва экскурсантларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
мамлакатда туризмни жадал ривожлантириш, мавжуд улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, анъанавий маданий-тарихий туризм билан биргаликда туризмнинг бошқа салоҳиятли турларини – зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик туризми ва бошқа турларини жадал ривожлантириш, болалар, ўсмирлар ва ёшлар туризмини, оилавий туризмни, кексалар учун ижтимоий туризмни ривожлантириш ҳисобига туризмнинг ижтимоий аҳамиятини кучайтириш, ҳудудларда янги туризм йўналишларини ташкил этиш, уларни паспортлаштириш, туризм йўналишлари ва туризм объектлари бўйича ягона миллий реестрларни шакллантиришга йўналтирилган ички, кириш ва чиқиш туризмини комплекс ривожлантиришнинг миллий ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
туризм фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни, биринчи навбатда, БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО), хорижий мамлакатларнинг туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлари – туризм хизматлари минтақавий ва жаҳон бозорларининг фаол иштирокчилари билан ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг туризм соҳасида тартибга солувчи универсал халқаро конвенциялар ва битимлардаги иштироки, туризм фаолияти амалиётига халқаро ва давлатлараро стандартлар ва нормаларни жорий этиш;
республиканинг барча минтақаларида замонавий жаҳон стандартларига, туристларнинг эҳтиёжлари ва талабларига жавоб берадиган туризм индустрияси объектларини – меҳмонхоналарни ва жойлаштиришнинг шу каби воситаларини, умумий овқатланиш объектларини, транспорт-логистика тузилмаларини, ахборот марказларини, маданият ва спорт муассасаларини жадал ривожлантириш, асосий туризм йўналишлари бўйича йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини, йўлбўйи инфратузилмасини жадал қуриш ва реконструкция қилиш, ушбу мақсадлар учун хорижий инвесторларни кенг жалб этиш;
халқаро туризм ривожланиши тенденцияларини ва замонавий маркетинг воситалари қўлланилишини ҳисобга олган ҳолда, рақобатбардош туризм маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқиш, уларни ички ва халқаро туризм бозорларида тарғибот қилиш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш, қулай туризм ахборот муҳитини ташкил этиш ва ривожлантириш, кенг реклама-ахборот фаолиятини амалга ошириш, мамлакат ҳудудларида туризм ахборот марказлари ва чет элда туризм ваколатхоналари очиш, Интернет тармоғидан фаол фойдаланиш, ҳар йили Тошкент халқаро туризм ярмаркасини ўтказиш йўли билан туризм соҳасида мамлакатимизнинг ижобий қиёфасини шакллантириш;
туризм тармоғи учун, айниқса менежмент ва маркетинг соҳасида малакали кадрларни сифатли тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, гидлар (экскурсия етакчилари) тайёрлаш, туризм фаолияти субъектлари ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.
2. Тугатилаётган “Ўзбектуризм” Миллий компанияси негизида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига қуйидаги функциялар:
туризм туроператорлик фаолиятини лицензиялаш;
Ўзбекистон Республикаси сертификатлаштириш бўйича миллий органи – “Ўзстандарт” агентлиги билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорликда туризм фаолияти субъектлари томонидан кўрсатиладиган туроператорлик (туризм маҳсулотлари) хизматлари ва меҳмонхона хизматларини мажбурий сертификатлаш, шу жумладан турли ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги меҳмонхоналарнинг (мотелларнинг) таснифини белгилаш;
сертификатланадиган туризм хизматларининг норматив ҳужжатларда белгиланган мажбурий талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича инспекция назоратини амалга ошириш юклансин.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаш тизимида аккредитация қилинган туризм хизматларини сертификатлаш бўйича органлар ҳам туризм хизматларининг айрим турларини сертификатлаш субъектлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органлари, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда ушбу Фармонда белгиланган туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсадлари ва устувор вазифаларидан келиб чиқиб, ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепциясини, шунингдек 2017-2021 йилларда Концепцияни амалга оширишга доир аниқ чора-тадбирлар Дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Белгилансинки, 2017 йил 1 январдан бошлаб:
фақат туризм фаолиятини ташкиллаштиришни таъминлайдиган туризм корхоналари – туризм операторлари, туризм агентликлари, экскурсия ташкилотлари, туризм фирмалари туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи юзасидан лицензияланадилар;
туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олишда туризм хизматлари сертификати билан тасдиқланган туристлар ва экскурсантларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфсизликни таъминлаш тизимининг мавжудлиги мажбурий лицензия талаби ва шарти ҳисобланади;
меҳмонхоналарда ва жойлаштиришнинг шу каби воситаларида туризм хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга лицензия мавжуд бўлиши бўйича талабни бекор қилган ҳолда, туризм фаолияти билан боғлиқ бўлган субъектлар – меҳмонхоналар, мотеллар, кемпинглар ва жойлаштиришнинг шу каби воситалари томонидан кўрсатиладиган туризм хизматлари мажбурий сертификатланади. Бунда 2018 йил 1 январдан бошлаб хорижий туристларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари ва автотранспорт корхоналарини мажбурий сертификатлаш жорий этилади;
гидлар (экскурсия етакчилари), кузатиб борувчи-йўриқчиларнинг хизматлари фақат улар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бериладиган малака сертификати олгандан кейин жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг ходимлари томонидан амалга оширилиши мумкин;
туризм корхоналари туризм фаолияти субъектлари билан фақат уларда мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда улар томонидан хорижий туристларга туризм хизматлари кўрсатиш юзасидан шартномалар (битимлар) тузиш ҳуқуқига эга.
5. Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва виза тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида 2017 йил 1 апрелдан бошлаб:
туризм мақсадида Ўзбекистон Республикасига 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун;
55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикасига келувчи Бельгия Қироллиги, Индонезия, ХХР (туристлар гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг фуқаролари учун виза режими бекор қилинсин.
Белгилансинки:
2017 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу бандда кўрсатиб ўтилган хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикасига киришда 50 АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджетига ўтказиладиган кириш йиғими тўлайдилар;
кириш йиғими тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат мамлакатга кириш учун асос ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда 2017 йил 1 мартгача бўлган муддатда хорижий фуқаролар томонидан кириш йиғими тўланиши тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2017 йил 1 январгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун:
барча мамлакатлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона туризм визаларини жорий этиш;
халқаро аэропортларда ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида визаларни олиш, шу жумладан транзит визаларни олиш тартибини сезиларли равишда соддалаштириш;
хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар олиш тартиб-таомилини соддалаштириш ҳамда уларга жисмоний шахсларнинг даромадларидан солиқ тўлаш бўйича имтиёзлар бериш;
визаларни расмийлаштириш ва бериш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, шу жумладан, Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармасига ва Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига ташриф буюрмасдан виза олишга ҳужжатларни топшириш ва сўровномаларни тўлдиришда онлайн тизимдан фойдаланиш, шунингдек 2018 йилдан бошлаб электрон визалар тизимини жорий этиш бўйича аниқ таклифлар киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари ҳузуридаги савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилар зиммасига миллий туризм маҳсулотларини тарғибот қилиш ва Ўзбекистон Республикасига туристлар оқими кўпайишида кўмаклашиш мажбуриятини юкласинлар.
8. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:
2017 йил 1 апрелгача бўлган муддатда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларининг халқаро аэропортларида республикага келувчи (кетувчи) хорижий туристлар учун “яшил йўлак” божхона назорати тизимини, паспорт ва божхона назоратидан ўтишнинг, багажни олишнинг, транспорт хизмати кўрсатишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар;
республика аэропортлари ва вокзалларида хорижий фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда паспорт назоратидан ўтиш жараёнини тезлаштириш мақсадида резидентлар ва норезидентлар томонидан ушбу тартиб-таомилдан алоҳида-алоҳида ўтишни ташкил этсинлар;
хорижий туристларни кутиб олувчи ёки кузатувчи туризм фаолияти субъектлари ходимларига режим ва қўриқлаш чоралари талабларига риоя этган ҳолда белгиланган тартибда берилган махсус рухсатномалар бўйича аэропортлар ва вокзаллар биноларига кириш ҳуқуқини берсинлар;
аэропортларда ва темир йўл вокзалларида қулай туризм ахборот маконини, шу жумладан туризм-ахборот пунктлари фаолиятини, туризм навигация тизимини, йўналиш олиш белгиларини ўрнатиш ва бошқа шу каби тадбирларни ташкил этиш ва ривожлантириш ҳисобига йўловчиларга, шу жумладан бепул асосда кўрсатиладиган хизматлар даражаси ва сифатини ошириш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга оширсинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда меҳмонхоналарда ва бошқа жойлаштириш жойларида яшовчиларни электрон шаклда Интернет тармоғи орқали ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастурини яратсин.
10. 2017 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги тартиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳмонхоналарда ва бошқа жойлаштириш жойларида хорижий фуқароларга ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий турар жойига эга бўлмаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, жойлаштириш бўйича хизматларга шу жумладан туризм фаолияти субъектлари орқали ҳақ тўлаш фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади, улар учун тўлов республиканинг таклиф этувчи давлат ва бюджет ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда туризм йиғими хизматларга ҳақ тўланган валютада тўланади;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан туризм операторларига тўловни нақд эркин алмаштириладиган валютада тўлашга рухсат этилади ва бу тўловлар кейинчалик туризм хизматлари учун хорижий шерикларга нақдсиз тўлов учун инкассация қилинади;
туризм операторлари улар томонидан кўрсатиладиган туризм хизматлари учун тушадиган хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинади;
меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш жойлари хорижий фуқароларга кўрсатиладиган туризм хизматлари учун тушадиган хорижий валютадаги тушумнинг 25 фоизини белгиланган тартибда мажбурий сотадилар;
туристларни қабул қиладиган туризм операторлари, шунингдек уларнинг ходимлари туристлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бузилганлиги учун жавобгарликдан озод қилинади, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлишига доир тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидалар бундан мустасно.
11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тижорат банклари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тавсия қиладиган туризм инфратузилмаси объектларининг валюта тўловларини қабул қилиш терминаллари билан жиҳозланишини таъминлаш тавсия этилсин.
12. Юридик шахслар белгиланган тартибда сертификатланган камида 4 юлдузли даражадаги меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширганда улар юридик шахсларнинг фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғидан, шунингдек ягона солиқ тўловидан 5 йил муддатга озод қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, туризм фаолияти субъектлари томонидан туристларни ташиш учун мўлжалланган, сиғими 9 кишидан ортиқ бўлган янги автотранспорт воситалари сотиб олинганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғим сотиб олинган автотранспорт воситалари қийматининг 3 фоизи миқдорида ундирилади.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбектуризм” Миллий компаниясини ташкил этиш тўғрисида” 1992 йил 27 июлдаги ПФ-447-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2016 йил 2 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
"Ўзбекистон Республикасининг
туризм соҳасини жадал ривожлантиришни
таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига
Ўзбекистон ноёб бир мамлакат бўлиб, унинг ҳудудида энг қадимги тамаддун ва маданиятлар юзага келган, ривожланган, ўз жозибадорлиги жиҳатидан дунёдаги дам олиш ва саёҳатлар учун энг яхши масканлардан қолишмайдиган улкан туризм салоҳиятига эгадир. Бугунги кунда мамлакатимизда 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорликлар ва улуғвор ҳамда бетакрор архитектура намуналари мавжуд. Мамлакатнинг сўлим қўриқхоналари ва миллий боғлари унинг бой ва ранг-баранг табиати дурдоналаридир. Мамлакатда миллий маданият, санъат ва ҳунармандчиликнинг кўп асрлик анъаналари авайлаб асраб келинди ва ривожлантирилмоқда. Жаҳонга машҳур миллий таомларимиз ва пазандачилик соҳасидаги анъаналаримиз Шарқ меҳмондўстлигининг рамзи ҳисобланади.
Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмаси, туризм хизматлари сифати ва унинг даражаси, шунингдек тармоқни бошқариш тизими глобаллашув ва кескин рақобат шароитида замонавий талабларга мос келмайди. Туризмнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан орқада қолмоқда.
Ваҳоланки, туризм индустрияси жаҳон иқтисодиётининг энг жадал ривожланиб бораётган тармоқларидан бири ҳисобланади, туризмнинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 10 фоиздан кўпроқни ташкил этади, тармоқда жаҳондаги меҳнатга қобилиятли аҳолининг 8 фоизга яқини иш билан банд, туризм хизматлари жаҳон экспортининг 7 фоиздан кўпроғини ташкил этади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган Фармони туризм тармоғини жадал ривожлантиришни таъминлашга, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини беришга, уни мамлакат иқтисодиётини барқарор ўстиришнинг, минтақаларда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишда туризм ролини кучайтиришнинг қудратли воситасига айлантиришга қаратилгандир.
Фармонда туризм соҳасида давлат сиёсатининг сифат жиҳатдан янги босқичга ўтишини белгилаб берадиган ушбу тармоқни тубдан ислоҳ қилиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар назарда тутилади, қуйидаги асосий мақсадли вазифалар ва устувор йўналишлар белгиланади:
туризм индустрияси субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, туризмни ривожлантиришдаги барча тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, виза ва рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини, паспорт ва божхона назоратини соддалаштириш;
туризм хизматларини ташкил этишда туристлар ва экскурсантларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
туризмнинг янги салоҳиятли турлари – зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик, болалар, ёшлар ва оилавий туризмни жадал ривожлантириш;
туризм соҳасида халқаро ва миллий ташкилотлар, йирик хорижий брендлар ва компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, туризм хизмати кўрсатишнинг илғор жаҳон сифат стандартларини жорий этиш;
республика минтақаларида туризм инфратузилмасининг замонавий объектлари, энг аввало меҳмонхоналар, транспорт-логистика тузилмалари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, ушбу мақсадлар учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш;
рақобатбардош туризм маҳсулотларини ишлаб чиқиш, минтақаларда янги туризм йўналишларини яратиш, уларни жаҳон туризм бозорларига олиб чиқиш;
туризм тармоғи учун малакали кадрларни сифатли тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш.
Давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, юқорида кўрсатиб ўтилган мақсадли вазифалар ҳамда устувор йўналишларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекстон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди, унинг минтақаларда бўлимлари ва ваколатли вакиллари фаолият олиб боради.
Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг фаолияти энг аввало назорат ва маъмуриятчилик вазифаларини амалга оширишга эмас, балки туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаоллигини кучайтиришга бутун чоралар билан кўмаклашишга, туризмни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган барча ғовлар ва тўсиқларни бартараф этишга, туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантиришга йўналтирилади.
Фармонда туризм соҳасида лицензия бериш, сертификатлаштириш ҳамда бошқа рухсатномалар бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган давлат томонидан бошқариладиган бир қатор принципиал янги механизмлар белгилаб қўйилди.
Жумладан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб туризм фаолиятига лицензия бериш вазифаси Вазирлар Маҳкамасидан янги ташкил қилинган давлат қўмитасига ўтказилади, бунда меҳмонхоналар ва одамлар яшайдиган бошқа жойларнинг лицензия олишлари тўғрисидаги талаб бекор қилинади. Ўз навбатида 2018 йилдан бошлаб хорижий туристларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари ва автотранспорт корхоналарини хорижий туристларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мажбурий сертификатлаш жорий этилади.
Хорижий туристлар учун мамлакатимиз жозибадорлигини ошириш мақсадида давлатнинг виза сиёсатини тубдан либераллаштиришни назарда тутувчи Фармоннинг энг муҳим жиҳати қуйидагилардан иборатдир:
2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб 15 та давлат, шу жумладан Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония каби давлатларнинг туристлари, шунингдек 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи 12 давлат, шу жумладан Бельгия, Индонезия, ХХР (туристлар гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг фуқаролари учун виза режими бутунлай бекор қилинади;
барча мамлакатлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона туризм визалари жорий этилади, визалар олиш, шу жумладан виза олиш сўровномаларини тўлдиришнинг онлайн тизимидан фойдаланган ҳолда олиш тартиби сезиларли равишда соддалаштирилади, шунингдек 2018 йилдан бошлаб электрон визалар тизими жорий этилади.
Мазкур тартиб-қоидалар Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ижобий қиёфасини юқори даражага кўтариш, мамлакатга туристлар оқимини талай даражада кўпайтириш, шунингдек, мазкур соҳадаги ишбилармонлик фаолиятини кучайтириш имконини беради.
Аэропортлар, вокзаллар ҳамда давлат чегараси орқали бошқа ўтиш пунктларида хизмат кўрсатиш сифати ва савиясини тубдан ошириш хорижий туристларнинг мамлакатга келишларида қулай шарт-шароитлар яратилишининг муҳим омили ҳисобланади. Фармонда шу мақсадларда қуйидагилар назарда тутилади:
2017 йилнинг 1 апрелигача Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларининг халқаро аэропортларида хорижий туристлар учун “яшил йўлак” божхона назорати тизимини, паспорт ва божхона назоратидан ўтишнинг, багажни олишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш ҳамда транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш;
аэропортлар ва вокзалларда резидентлар ва норезидентларнинг паспорт назоратидан алоҳида-алоҳида ўтишларини ташкил қилиш;
аэропортлар ва темир йўл вокзалларида қулай туризм ахборот маконини, шу жумладан туризм-ахборот пунктлари фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш.
Юқорида кўрсатиб ўтилган тадбирларни амалга ошириш асосий транспорт узелларида хизматлар кўрсатиш сифатининг энг илғор жаҳон стандартларига мос келишини таъминлашга, мамлакат халқаро аэропортлари ва вокзалларининг рейтингини оширишга қаратилгандир.
Туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаоллигини янада рағбатлантириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, туризм ташкилотларига қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш Фармоннинг яна бир муҳим хусусиятидир. Жумладан:
туризм операторлари улар томонидан кўрсатиладиган туризм хизматлари учун тушадиган хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинади;
меҳмонхоналар хорижий валютадаги тушумнинг фақат 25 фоизини белгиланган тартибда мажбурий сотадилар;
хорижий фуқаролар томонидан меҳмонхоналар хизматига ҳақ тўлаш эркин айирбошланадиган валютада амалга оширилади, улар учун тўлов республиканинг давлат ва бюджет ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ҳоллар бундан мустасно;
юридик шахслар камида 4 юлдузли даражадаги меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширганда улар юридик шахсларнинг фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғидан, шунингдек ягона солиқ тўловидан 5 йил муддатга озод қилинади;
туризм фаолияти субъектлари томонидан сиғими 9 кишидан ортиқ бўлган янги автотранспорт воситалари сотиб олинганлиги учун Республика йўл жамғармасига йиғим автотранспорт воситалари қийматининг максимал даражадаги 20 фоизи эмас, балки 3 фоизигача миқдорда ундирилади.
Фармонда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига манфаатдор идоралар билан биргаликда 3 ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш Концепциясини, шунингдек 2017-2021 йилларда Концепцияни амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар Дастурини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш вазифаси топширилган.
Фармонни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Қарорда давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилган, давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси ва Низоми тасдиқланди, шунингдек миллий туризм маҳсулотини хорижга намойиш қилиш, туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш ва туризм хизматларини сертификатлаш бўйича бир қатор идоравий ташкилотлар тузилди.
Мазкур Фармонни амалга ошириш иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга, таркибий ўзгартиришлар ва диверсификация қилишга, барча минтақаларни ва турдош тармоқларни комплекс равишда илдам ривожлантиришнинг етакчи кучи бўлиш имкониятига эга мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантиришни таъминлашга, шунингдек Ўзбекистоннинг жозибадор туризм маркази сифатидаги ижобий қиёфасини шакллантиришга бутун чоралар билан кўмаклашади.