25.05.2023
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Олий даражадаги Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилиши иштирокчиларини қутлашдан мамнунман.
Ҳамкасбларимнинг сўзларига қўшилган ҳолда, Россия Федерацияси Президенти ҳурматли Владимир Владимирович Путинга ушбу учрашувимизни ташкил этгани учун миннатдорлик билдираман.
Ҳеч шубҳасиз, Россиянинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига самарали раислиги мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали шерикликнинг янги йўналишларини илгари суришга хизмат қилади.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ўзбекистон ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат сифатида Бирлашма доирасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кўп томонлама тадбир ва лойиҳалардаги фаол иштирокини давом эттирмоқда.
Биринчидан, савдо муносабатларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, янги ўсиш нуқталари ва имкониятларни излаш бўйича биргаликда самарали ишлар олиб борилди. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайди. Барқарор ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам кузатилмоқда.
Иккинчидан, биз саноат кооперацияси соҳасида жиддий ютуқларга эришдик. Фақатгина кейинги йилларда юртимизда Бирлашма таркибидаги мамлакатларнинг компаниялари иштирокида устувор тармоқларда юзлаб лойиҳа ва корхоналар ишга туширилди.
Учинчидан, ишбилармонлар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш учун, жумладан, мамлакатларимиз ҳудудларининг мавжуд салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, самарали платформалар яратилди.
Анъанавий тус олган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасини бунга мисол сифатида келтирмоқчиман. Апрель ойида ушбу кўргазма учинчи бор Тошкентда муваффақиятли ўтказилди, унда мамлакатларимизнинг икки мингдан зиёд компаниялари иштирок этди. Кўргазма якунлари бўйича умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган инвестиция битимлари ва савдо шартномалари имзоланди.
Тўртинчидан, биз институционал механизмларни мустаҳкамлаяпмиз – Евроосиё иқтисодий комиссияси билан яқин ва конструктив ҳамкорликни ривожлантиряпмиз, ЕОИИ органларининг тадбирларида фаол иштирок этмоқдамиз.
Уч йилга мўлжалланган Биргаликдаги ишлар режаси доирасида қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш, иқтисодиётни тартибга солиш борасида тажриба алмашиш, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича 200 дан зиёд тадбирлар ўтказилди.
Ўзбекистон савдо тартиботларини соддалаштириш бўйича ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология ва туризм соҳаларидаги алоҳида дастурлар ва тармоқ лойиҳаларида иштирок этишни бошлади.
Яқин истиқболдаги режаларимиздан қўшма Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини шу йилнинг август ойида ўтказиш ўрин олган.
Шу билан бирга, жорий вазият таҳлили йўлимизда тўсиқ бўлаётган бир қатор омиллар ва ҳал қилинмаган масалалар ҳам борлигини кўрсатмоқда. Бу ўринда кузатувчи давлатларнинг Бирлашма доирасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини рўёбга чиқариш механизмлари йўқлиги ҳақида сўз бормоқда.
Бундан ташқари, ЕОИИ мамлакатларидаги савдога, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, энергия ресурслари ва бошқа хомашё товарларини етказиб беришга нисбатан чекловларни қўллаш билан боғлиқ масалалар тартибга солинмаган.
Транспорт ва логистика соҳасида амалга ошириш ташаббуси илгари сурилган, хусусан, сифатли ва ҳамёнбоп озиқ-овқат маҳсулотларини жадаллаштирилган тартибда ўзаро етказиб бериш лойиҳалари кутилган натижасини ҳали бераётгани йўқ.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда.
Мазкур саммит амалий ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш ва биргаликдаги ҳаракатларимизни мунтазам келишиб бориш учун имкон яратади, деб умид қиламан.
Биринчидан. Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасида савдо айланмаси ҳажмини тубдан ошириш учун савдо тартиб-тамойилларини соддалаштириш ва зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга тайёр.
Техник тўсиқларни бартараф этиш ва мувофиқлик сертификатларини ўзаро эътироф этиш тўғрисида битимнинг қабул қилиниши бунга имкон беради, деб ҳисоблаймиз.
Шу мақсадда Ўзбекистонда ЕОИИ нормаларини миллий техник регламентлар билан уйғунлаштириш бўйича тайёргарлик ишлари тўлиқ якунига етказилди.
Шунингдек, миллий валюталарда ўзаро ҳисоб-китобларни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттираяпмиз.
Иккинчидан. Божхона маъмурчилиги, санитария, фитосанитария ва ветеринария назорати, шунингдек, товарлар келиб чиқишини сертификатлаш бўйича электрон платформалар ва онлайн-тизимларнинг интеграцияси, фикримизча, иқтисодий ҳамкорликни ва ишбилармонлар мулоқотларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бу ташаббусни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш учун экспертлар даражасида батафсил маслаҳатлашувларни ўтказишга тайёрмиз.
Учинчидан. Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш Евроосиё маконида янги иш ўринларини яратиш ва саноат хабларини шакллантиришнинг муҳим омили, деб ҳисоблаймиз.
Кооперация лойиҳаларини амалга оширишни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган кўп томонлама дастурларда иштирок этишдан манфаатдормиз. Бу ўринда сўз қайта суғурталаш фаолияти соҳасида бизнес-ҳамжамият ташаббуслари ва миллий тараққиёт институтларининг амалий ҳамкорлиги ҳақида бормоқда.
Бизнес даражасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини йўлга қўйиш учун ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятига қўшилиш режалаштирилган.
Тўртинчидан. Транспорт ва транзит соҳасида ўзаро ҳамкорлик бизнинг шериклигимизда стратегик йўналиш ҳисобланади. Ҳозирги шароитда муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича биргаликдаги ишларимизни кучайтириш ва барқарор логистика занжирларини яратиш муҳимдир.
Шимол – Жануб халқаро йўлакларини ва Хитойни минтақамиз, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғловчи бошқа магистралларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаймиз.
Тариф сиёсати масалаларида яқин мувофиқлаштириш тарафдоримиз.
Шунингдек, Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўли қурилишини амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси ишига қўшилишга таклиф этамиз.
Бешинчидан. Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим деб ҳисоблаймиз.
Шу нуқтаи назардан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари импорти ўрнини давлатларимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан фаол эгаллашни рағбатлантириш, “яшил” йўлаклар, шу жумладан, “Евроосиё агроэкспресси”нинг тўлақонли фаолиятини таъминлаш, илмий-амалий тадқиқотларни биргаликда олиб бориш ва инновацияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш, мамлакатларимиз агробизнес вакиллари кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимдир.
Ушбу мақсадларда шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги вазирлари, етакчи ишлаб чиқарувчилар ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилувчилар иштирокида “ЕОИИ плюс” форматида Аграр форум ўтказишни таклиф этамиз.
Олтинчидан. Ўзбекистон юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда янада кенг ҳамкорлик қилиш, олий ўқув юртлари ва профессионал таълим марказлари ўртасида шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этишдан ҳам манфаатдордир.
Муҳандислик-техник ихтисосликлар бўйича талаб юқори бўлган кадрларни биргаликда тайёрлаш юзасидан “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
ЕОИИ доирасидаги кўп томонлама шериклик бўйича дастур ва лойиҳаларда Ўзбекистоннинг иштирокини қўллаб-қувватлаётгани учун ҳамкасбларимга яна бир бор миннатдорлик билдираман.
Бугунги йиғилиш натижалари мамлакатларимизнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари, шакл ва механизмларини ривожлантиришга хизмат қилишига ишонаман.
Эътиборингиз учун раҳмат.