17.05.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрига ташриф доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассони қабул қилди.
Учрашув бошида давлатимиз раҳбари банк раҳбарияти ва жамоасини Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши 70 та мамлакатдан 2,5 минг нафардан зиёд делегат иштирокида Ўзбекистонда муваффақиятли ўтказилаётгани билан самимий табриклади.
Ушбу тадбир глобал иқтисодиёт истиқболларини кенг муҳокама ва чуқур таҳлил қилиш, уни барқарор ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлишига ишонч билдирилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги самарали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
2017 йилдан буён банк мамлакатимизга 3,3 миллиард евро инвестиция киритди, лойиҳалар портфелининг 55 фоизи хусусий секторга тўғри келмоқда. Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги етакчи ҳамкори ҳисобланади ва амалиётлар ҳажми бўйича биринчи бешликка киради.
Банкнинг кўмаги ва фаол иштироки билан Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди. Инвестиция ва банк-молия соҳаларида йирик битимлар амалга оширилди. Етакчи молиявий институт экспертлари “яшил” иқтисодиёт, коммунал соҳа ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, экология ва бошқа устувор йўналишлардаги ислоҳотларга кўмаклашмоқда.
Янги узоқ муддатли Шериклик стратегиясини тайёрлаш ва бойитиш масалалари диққат марказида.
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хусусийлаштириш ва иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини, “яшил” ва инновацион технологияларни жорий қилиш ҳамда “Яшил шаҳарлар” дастуридаги иштирокни кенгайтириш борасидаги дастур ва лойиҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олинди.
Марказий Осиёда минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо Самарқанд шаҳрида банк бошқарувчиларининг йиллик учрашувини ташкил этиш ва муваффақиятли ўтказишда кўрсатилган кўмак учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Томонлар мамлакатимиздаги ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон ва ЕТТБ стратегик ҳамкорлигининг янги кун тартибини биргаликда амалга оширишга тайёр эканини таъкидладилар.