15.05.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари Туркия етакчисини мамлакатда президентлик ва парламент сайловлари муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлади. Уларнинг якунларига кўра, сайловчиларнинг кўпчилиги амалдаги Президент ва Республика иттифоқи овоз берган.
Овоз бериш натижалари қардош Туркия халқи Президент Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида амалга оширилаётган сиёсий янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганидан далолат экани алоҳида таъкидланди.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини тайёрлаш бўйича фаол ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.