12.05.2023
Давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманидаги нодавлат таълим муассасасини бориб кўрди.
Минг ўринли бу мактаб инглиз тили, шарқ тиллари ва аниқ фанларни ўргатишга ихтисослашган. Муассасада ўқув ва компьютер хоналари, STEM лабораторияси, кутубхона, ошхона, спорт зали, бассейн мавжуд.
Мактабдаги ўқув ва машғулотлар мамлакатимизда ёшларни камида иккита хорижий тил ва битта ҳунарга ўргатиш талабига мос. Махсус жиҳозланган хоналарда ўқувчилар тикувчилик, дурадгорлик, компьютер сирларини ўрганмоқда. Ёшларнинг қизиқишларига мос турли тўгараклар ҳам ташкил этилган.
Президентимиз ушбу мактаб тажрибаси асосида кичик ҳудудда кўп ўқувчи ўринларини яратиш, нодавлат мактабларда таълим сифатини назорат қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Ўқувчилар билан мулоқотда билим энг яхши инвестиция экани, давлат ёшларнинг зўр мутахассис бўлиб, келажакда йўлини топиши учун барча шароитларни яратиши қайд этилди.