26.04.2023
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониЁшларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари, ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, доимий иш билан ҳамда муносиб даромад олишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, 2023 йил 1 майдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўловчилар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилади.
Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қоплаб берилади.
2. Белгилансинки, иш берувчиларга ижтимоий солиқ суммасининг қоплаб берилиши 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратиладиган трансфертлар ҳисобидан амалга оширилади.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йил ва 2025 йил учун Давлат бюджетини шакллантиришда ижтимоий солиқ ҳисоботи ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан топширилишини инобатга олиб, 2024 йил ва 2025 йилнинг I чорагида иш берувчиларга ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш харажатларини алоҳида қаторда режалаштиришни назарда тутсин.
4. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ушбу Фармон мақсади ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида кенг ёритиш ишларини ташкил этсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 июлдаги “Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 460-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ