29.03.2023
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориҚишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, аграр секторда қишлоқ хўжалиги техникасига бўлган талабни қондириш, қишлоқ хўжалиги корхоналарини маънан ва жисмонан эскирган техникалар ўрнига замонавий ва ресурс тежамкор техникалар билан таъминлашни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари харидини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги ягона тартиби 2023 йил 1 апрелдан бошлаб жорий қилинсин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 ноябрдаги “Чирчиқ шаҳрида қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластерини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-7-сон қарорида назарда тутилган субсидиялар барча маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи корхоналарга татбиқ этилади;
қишлоқ хўжалиги корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари ҳамда уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2025 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва утилизация йиғимидан озод қилинади ҳамда тадбиркорлик субъектларига эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади;
халқаро молия институтлари томонидан лизинг компанияларига ажратилган маблағлар доирасида ўзини ўзи банд қилган шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатларини лизингга беришга рухсат этилади;
2. 2023-2024 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаси харидини молиялаштириш учун жами 2,6 триллион сўм йўналтирилсин, шундан:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 июлдаги ПҚ-335-сон қарорига асосан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун тижорат банкларига жойлаштирилган 100 миллион АҚШ долларидан 2022 йилда ўзлаштирилмасдан қолган 670 миллиард сўм (59 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги маблағ техника хариди учун 10 фоиз ставкада 10 йилга кредит ажратиш учун;
800 миллиард сўм (70 миллион АҚШ доллари) – халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун лизинг ташкилотларига жойлаштириш ҳисобига;
1,1 триллион сўм (100 миллион АҚШ доллари) – халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун тижорат банкларига жойлаштириш ҳисобига.
Бунда:
хизмат кўрсатадиган тижорат банклари томонидан лизинг ташкилотларига кредит ажратилишида гаров таъминоти сифатида лизингга бериладиган техникалар ва суғурта полиси қабул қилиниши мумкин;
халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан харидорларга қишлоқ хўжалиги техникалари лизинг маржаси йиллик 3 фоиздан ошмаган ставкада 10 йилгача бўлган муддатга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буюртмаси асосида лизингга берилади.
3. Тижорат банкларига лизинг компанияларига қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш учун қарз маблағларини гаров таъминоти сифатида сотиб олинадиган қишлоқ хўжалиги техникасини, кредитнинг бутун даври учун қарз маблағларини қайтармаслик хатарларидан 100 фоиз гаров сифатида суғурта полисини ёки учинчи шахсларнинг кафиллигини қабул қилиш орқали ажратиш тавсия этилсин.
Марказий банк Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда тижорат банклари томонидан гаров таъминоти сифатида қабул қилинадиган суғурта компаниялари томонидан тақдим этиладиган қарз маблағларини қайтармаслик хатарларидан суғурта полиси (шартномаси)нинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этсин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда суғурта бозорини такомиллаштириш, хавф-хатарларни тўғри баҳолаш, айниқса, бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун ресурслар ҳисобига кредитларга нисбатан суғурта операциялари устидан пруденциал назоратни кучайтириш бўйича таклиф киритсин.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳар йили 1 октябрга қадар маҳаллий ва жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда кейинги йил учун қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришнинг мақсадли параметрларини ишлаб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилишини таъминласин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар йили тақдим этиладиган қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришнинг мақсадли параметрлари ва етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги техникалари турларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришнинг молиялаштириш манбаларини уларни ажратиш даврлари кесимида шакллантирсин ҳамда Жамғармадан маблағлар ажратилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари иловага мувофиқ 2023 йил 1 апрелдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров, иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Д.Кудбиев ва қишлоқ хўжалиги вазири А.Б.Воитов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ