24.03.2023
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориСўнгги йилларда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, давлат активларини хусусийлаштириш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтириш, самарасиз ишлаётган ва истиқболсиз корхоналарни тугатиш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, охирги уч йилда устав фондида давлат улуши мавжуд 300 га яқин хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) ва 1 600 дан ортиқ кўчмас мулк объектлари хусусийлаштирилди, 650 дан ортиқ корхоналар тугатилди ва 160 таси қайта ташкил этилди.
Хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокини янада қисқартириш мақсадида:
1. Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда –Давактив агентлиги) томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, давлат иштирокидаги корхоналар билан биргаликда 30 мингдан ортиқ давлат муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг тизим корхоналари ҳамда кўчмас мулк объектлари таҳлил қилиниб, уларни қисқартириш бўйича таклиф ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қуйидагилар:
оммавий савдолар орқали тўлиқлигича сотиладиган 1 001 та корхонанинг акция пакетлари (улушлари) рўйхати 1-иловага мувофиқ;
акция пакетлари “битта акция – битта лот” тамойили асосида халқ IPOсини ўтказиш тартибида оммавий савдолар орқали сотиладиган 40 та корхоналар рўйхати 1а-иловага мувофиқ;
оммавий савдолар орқали сотиладиган 1 046 та давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;
муниципал мулк объектларини белгилаш мезонлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, мазкур қарорга 1а-иловадаги давлат акция пакетларини сотиш доирасида:
энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида профессионал ташкилотлар савдо жараёнларини ташкил этиш учун жалб этилиши мумкин;
маҳаллий инвесторларга “E-auksion” электрон савдо платформаси, шу жумладан, мобил иловаси орқали реал вақт режимида уларни идентификация қилиш, инвестиция воситачилари билан шартнома тузиш ва депо ҳисобрақамини очиш имконияти яратилади;
акцияларни сотиб олишда “E-auksion” электрон савдо платформасида барча инвестиция воситачилари ва уларнинг мижозлари иштирок этиши учун тенг шароитлар яратилади;
акцияларни сотиб олиш учун электрон аризалар маҳаллий инвесторнинг ўзи томонидан ёки инвесторлар номидан ҳаракат қилувчи инвестиция воситачиси орқали берилиши мумкин;
онлайн аукционлар якунларига кўра олди-сотди шартномалари қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг савдо майдончаларидан ташқарида рўйхатдан ўтказилади ва унинг натижаси тўғрисидаги маълумот инвесторнинг шахсий кабинетига юборилади.
3. Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси деб қайта номлансин ҳамда унинг янгиланган таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси (А.Арипов):
икки ҳафта муддатда мазкур қарорга 1-, 1а- ва 2-иловалардаги активларни 2023 йилда савдога чиқариш графикларини тасдиқласин;
активларни савдога чиқаришда, зарурат бўлганда уларнинг амалдаги фаолият йўналишини сақлаб қолиш ёки негизида маълум бир йўналишдаги фаолиятни ташкил этиш каби шартларнинг белгиланишини инобатга олсин;
бир ой муддатда 1а-иловада белгиланган корхоналарнинг акцияларини халқ IPOсини ўтказиш асосида сотиш тартибини тасдиқласин.
4. Давактив агентлигининг “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ ва “Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси” АЖнинг камида 10 фоиз акцияларини маҳаллий фонд бозорида халқ IPOсини ўтказиш орқали оммавий жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
5. Белгилансинки:
а) фонд биржасига чиқарилган давлат акция пакетларини сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат савдо жараёнларида камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади;
б) барча давлат муассасаларининг асосий воситаларини сотиш ёки ижарага бериш “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади;
в) 2023 йил 1 июлдан бошлаб, жисмоний шахсларга “Давлат мулки” ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади;
г) 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб:
кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги ордер ва сертификат Давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали QR-код қўйилган ҳолда берилади;
онлайн аукцион савдоларида давлат мулки объектларини сотиб олган харидорлар билан шартномалар савдо натижаси бўйича баённома асосида “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо орқали) расмийлаштирилади;
ҳар чоракда тегишли вазирлик ва идоралар ходимларининг жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинади;
инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш тартиби бекор қилиниб, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг электрон базасини“Давлат мулки” ахборот тизимига интеграция қилиш тадбиркорлар электрон тизимга киритадиган маълумотлар орқали ҳисоботларни олиш йўлга қўйилади.
6. Вазирлар Маҳкамаси:
а) икки ҳафта муддатда тугатиладиган ва қайта ташкил этиладиган давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат муассасалари рўйхати;
б) уч ой муддатда мазкур қарорга 3-иловага мувофиқ муниципал мулк объектларини белгилаш мезонларини инобатга олиб:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига асосан тасарруф этиладиган республика мулкларининг рўйхати;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгашлари ҳамда улар билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан тасарруф этиладиган давлат мулки объектларининг рўйхати тасдиқланишини таъминласин.
7. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Давактив агентлиги билан биргаликда мазкур қарорга 1-иловада келтирилган корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқларни хатловдан ўтказиб, уларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритиб борсин.
8. Давактив агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда 2023 йил 1 сентябрга қадар давлат ихтиёридаги истироҳат боғларини хатловдан ўтказиб, уларнинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
Бунда, ҳудудлардаги барча давлат истироҳат боғларининг тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари”ни ташкил этган ҳолда уларга ўтказилиши назарда тутилсин.
9. Давактив агентлиги (А.Ортиқов):
а) 2023 йил 1 июнга қадар майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини жисмоний шахслар аризалари бўйича хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тартибини тасдиқласин;
б) қуйидагиларни:
2023 йил 1 июлга қадар республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулки (муниципал мулк) объектларини бошқариш тўғрисидаги қарор лойиҳасини;
2023 йил 1 августга қадар Адлия вазирлиги билан биргаликда Давлат уй-жой фондига қарашли уйдаги квартирага (уйнинг бир қисмига) мулк ҳуқуқини эътироф этиш ваколатини маҳаллий ҳокимликларга ўтказишни назарда тутган ҳолда, Давлат уй-жой фондига қарашли уйдаги квартирани (уйнинг бир қисмини) хусусийлаштириш бўйича ягона давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламент лойиҳасини;
уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ