18.04.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 18 апрель куни Европа Иттифоқи делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш соҳасида эришилган ютуқлар ҳамда ЕИ институтлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги қадамлар кўриб чиқилди.
Европа томонидан қабулда ЕИнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси ва натижадорлиги катта мамнуният билан қайд этилди.
Барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда. Кейинги йилларда Европа томонидан тақдим этилган “GSP+” шароитлари туфайли ўзаро савдо ҳажми ва муваффақиятли инвестиция лойиҳалари сони жадал ортиб бормоқда. Бундан ташқари, маданий-гуманитар соҳада муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.
ЕИ вакиллари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар стратегиясини қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини, гендер тенгликни ривожлантириш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва бошқа йўналишларда эришилган муваффақиятлар юксак баҳоланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича бўлажак референдумнинг аҳамияти қайд этилди.
Европа томони, хусусан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолатларини янада кучайтиришни, шу жумладан “Миранда қоидалари” ва “Хабеас корпус” институтини жорий қилишни, ижтимоий ва экологик ҳуқуқлар, ёшлар ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришни, ўлим жазоси бекор қилинганини мустаҳкамлаб қўйишни ва бошқа нормаларни кўзда тутувчи ўзгартиришларни олқишлади.
Минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди, бўлажак қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.