30.03.2023
Кегейли туманида Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.
Тадбир аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Беруний туманидаги “Беруний буғдой кластер” ҳамда “Райҳон аппарел”, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” заводининг 3-босқичи, Қўнғирот туманидаги “ККРаси кемикал”, Нукус шаҳридаги “Азимут ҳотел”, Тўрткўл туманидаги “Хозагро” вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди. Бу корхоналарда жами 1 минг 100 та доимий иш ўрни яратилади, улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, ушбу янги корхоналарни ишга туширди.
Бу Қорақалпоғистон Республикасидаги ривожланишнинг изчил давоми аслида. Сўнгги олти йилда ҳудудда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. Тадбиркорлар сони 2 баравар кўпайиб, 46 мингта доимий иш ўрни яратилган. Илгари саноати энг паст бўлган 6 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар ошиб, Қорақалпоғистондаги улуши 12 фоизга етган.
Умуман, бу даврда Қорақалпоғистонда саноат 1,3 баравар ўсиб, 61 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Айниқса, кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, текстиль ва тўқимачилик, фармацевтика саноати маҳсулотлари тайёрлаш 2 баравардан зиёд ўсган.
Ўтган йил 31 августда давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва катта дастур қабул қилинган эди. Булар билан 2023 йилнинг ўзида 670 миллиард сўм ва 340 миллион доллар маблағлар ажратилди.
Тадбиркорларга жозибадор бизнес муҳитини яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланди. Бу орқали Қорақалпоғистоннинг барча тадбиркорлари ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм қолаяпти.
Фақат ушбу ҳудуд тадбиркорларига тижорат кредитларининг 75 фоизига Тадбиркорлик жамғармаси кафиллиги берилиши белгиланди. Бундай имкониятлар соҳалар ривожига қўшимча туртки берди.
– Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Бунинг натижалари барча туманларда кўринаяпти ва бу ишлар тўхтамайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган учта янги ташаббус билдирди.
Биринчиси, Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади.
Иккинчиси, кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулклар бўйича тегишли ҳужжатлар қилиб берилади.
Учинчиси, аҳоли талабини инобатга олиб, жорий йилда 4 мингта уй-жой қурилади. Бунга қўшимча, замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилади.
Йиғилишда иш ўринларини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қорақалпоғистонда 72 минг расмий ишсиз бор. Ҳар йили 43 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Шуларни ҳисобга олиб, 193 минг иш ўрни яратиш ва Қорақалпоғистонни “ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш мақсад қилиб қўйилди. Бу борада йирик корхона ва кластерлар, кончилик, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва қишлоқ хўжалигидаги имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари мўл ва арзон бўлишини таъминлаш мақсадида 2022 йилда аҳолига 6 минг 600 гектар ер брилган эди, бу йил яна 6 минг гектар ажратилмоқда. Бу орқали сабзи, пиёз, картошка каби кундалик маҳсулотларга эҳтиёж қопланади. Бўстон каналини бетонлаш ҳисобига Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида 100 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. Дала четларида 3,6 минг гектарда кади, узум ва сабзавот етиштириб, 42 минг тонна маҳсулот олинади.
Қорақалпоғистонда 51 та мактабда ўқувчилар сони меъёрдан 2 баравар кўп. 208 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти яхши эмас. 120 километр магистрал ҳамда энг серқатнов 600 километр ички йўлларни таъмирлаш керак. Шу боис 9 та туманда мактабгача таълим муассасалари қуриш, мактаб ва шифохоналарни таъмирлашга, шу жумладан иссиқлик таъминотига қўшимча маблағ ажратилиши белгиланди.
Йўлларни таъмирлаш, электр энергияси тақчиллиги чораларини кўриш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистонлик фаоллар бу марраларни бажариш ўзларига боғлиқ экани, ҳамма бирлашиб ишласа, натижалар янада яхши бўлишини таъкидлашди.