27.03.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан 27 март куни ўтган телефон орқали мулоқотида олий даражада эришилган келишувлар ижросининг таҳлили батафсил кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Миср етакчилари суҳбатни муборак Рамазон ойи кириб келгани билан бир-бирини самимий қутлашдан бошлаб, дўст халқларимизга фаровонлик, тинчлик-осойишталик ва равнақ тиладилар.
Икки мамлакат етакчи компанияларининг энергетика, тоғ-кон, чарм ва заргарлик тармоқлари, соғлиқни сақлаш ва телекоммуникация соҳалари каби йўналишларда аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун фаол мулоқотларни давом эттириш ва қулай шароитларни шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Шу мақсадда икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.