03.06.2017
Давлатимиз раҳбари Андижон шаҳридаги эски «Андижонмаш» акциядорлик жамиятида бўлди. Бу ерда ташкил этилиши режалаштирилаётган кичик саноат зонаси лойиҳаси билан танишди.
Бўш турган ер майдони 19,16 гектар бўлган мазкур ҳудудда ташкил қилинадиган саноат зонасида енгил саноат, электрокабель, чарм-пойабзал маҳсулотлари, эшик-ром, мебель, дори-дармон, пластмасса ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари қайта ишланади. 2 минг янги иш ўрни очилади.
Саноат зонасида тадбиркорлар ва тижорат банклари томонидан 127 миллиард сўмлик 15 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
“Engelberg Group” МЧЖнинг янги фабрикаси ана шу лойиҳалардан бири. Алюмин профилли ромлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона Туркия ва Германиядан келтириладиган замонавий технологиялар билан жиҳозланади. “Роҳат савдо сервис” МЧЖ томонидан суспензиялар, тиббий мазлар, ампулалар, сироп ва таблеткалар ишлаб чиқарилади.
Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятда изчил ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятдаги хусусийлаштирилган ва бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Бу борада шаҳар ва туманларда қўшимча хатлов ишлари олиб борилмоқда. Шу кунга қадар 5 минг 697 бино-иншоот хатловдан ўтказилди, уларнинг 283 таси бўш турганлиги аниқланган. Шулардан 210 тасида янги лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган.
Президентимизга тақдим қилинган лойиҳалар кичик ва йирик ГЭСлар қуриш, газ таъминоти тизимини такомиллаштириш, цемент ва оҳак ишлаб чиқариш каби йўналишларга мўлжалланган.
Булоқбоши туманида Хитой технологияси асосида йилига 21 минг тонна кимёвий чўктирилган бўр маҳсулоти ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Маҳсулот тўлиқ маҳаллий хомашё – оҳактошдан олинади. Корхона ишга тушгач, чет элдан сотиб олинаётган шу турдаги маҳсулотга бўлган талаб қондирилади, уни экспорт қилиш йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳа ташаббускорлари – тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
“Ўзфармсаноат” компанияси ва тижорат банклари томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган фармацевтика соҳасини ривожлантириш дастури лойиҳасига Президентимиз алоҳида эътибор қаратди.
«Трастбанк» томонидан Андижон туманида “Zamin Bio Health” жамиятида йиллик қуввати 10 миллион флакон инсулин ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳа амалга оширилгач, 100 киши иш билан таъминланади.
“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ва тижорат банклари томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган мазкур соҳани ривожлантириш дастури лойиҳаси тақдимоти яратиладиган иш ўринларининг кўплиги билан эътиборни тортди.
Президентимиз “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси Андижон вилоятида амалга оширишни режалаштирган лойиҳалар билан танишди.
Бунда енгил автомобилларнинг янги моделларини ишлаб чиқариш, ускуна ва жиҳозларни модернизация қилиш, енгил автомобиллар қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, янги моделдаги автомобиллар учун интерьер, штампланган, пайвандланган панеллар, радиатор, кондиционер тизимлари, ўриндиқлар, овоз сўндиргич тизими қисмлари, газ чиқариш тизимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Президентимиз лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.