06.03.2023
Ҳурматли конференция қатнашчилари!
Қадрли меҳмонлар!
Аввало, сизларни жадид маърифатпарварларининг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти, илмий-ижодий меросини ўрганишга бағишланган халқаро конференциянинг очилиши билан табриклайман.
Ушбу нуфузли анжуманни ташкил этиш ва ўтказишда бизни қўллаб-қувватлаган Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, Халқаро турк академияси, Турк маданияти ва мероси халқаро фонди, Туркий давлатлар парламентлари ассамблеяси раҳбарлари ва вакилларига, барча хорижий олимларга чин қалбимдан ташаккур билдираман.
Азиз дўстлар!
XIX аср охири ва XX аср бошларида бир қатор шарқ ва мусулмон мамлакатларида вужудга келган жадидчилик ҳаракати Туркистон ўлкасида теран тарихий илдизларга эгадир. Юртимиз улкан ижтимоий-сиёсий ва маърифий аҳамиятга эга ушбу жараёнлардан четда қолмагани, аксинча, бу ҳаракатнинг марказларидан бирига айланганини таъкидлаш лозим.
Ўз замонининг илғор намояндалари бўлган жадидлар ғоят мураккаб ва қийин шароитда билим ва маърифат тарқатиш, таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ этиш орқали миллий тараққиётга эришиш ғояси билан майдонга чиқдилар.
Шу мақсадда ўз маблағлари ҳисобидан мактаб ва театрлар, нашриёт ва кутубхоналар, газета ва журналлар ташкил қилдилар, қобилиятли ёшларни чет элларга ўқишга юбордилар. Уларнинг бу олижаноб ташаббус ва ҳаракатлари жамият ҳаётида кучли акс садо бериб, қудратли тўлқинга айланди.
Ўйлайманки, тарихда икки буюк Ренессансга замин бўлган минтақамизда учинчи Ренессансни айнан жадид аждодларимиз амалга оширишлари мумкин эди. Афсуски, мустабид тузум уларнинг эзгу ғоя ва амалий ҳаракатларини тўла рўёбга чиқаришга имкон бермади.
Биз бугун мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти, ҳуқуқий демократик давлат барпо этар эканмиз, жадид боболаримизнинг гуманистик қарашларига таянамиз, уларнинг меросидан маънавий куч-қувват оламиз.
Юртимизда мустабид тузум даврида сиёсий қатағонга учраган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида кенг нишонланмоқда. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолият олиб бормоқда. Жадидчилик ҳаракати тарихига оид илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильмлар кўплаб яратилмоқда. Улуғ маърифатпарварларимиз номлари билан аталадиган ёдгорлик мажмуалари, таълим муассасалари, музейлар, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда.
Ўтган уч йил мобайнида Ўзбекистон Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган тўрт юздан зиёд ватандошларимизнинг номлари оқланди. Уларнинг аксарият қисмини жадидчилик ҳаракати вакиллари ташкил этиши айниқса эътиборлидир.
Ҳурматли дўстлар!
Биз маърифатпарвар боболаримизнинг муқаддас орзуларини рўёбга чиқариш учун мамлакатимизда янги Ренессанс пойдеворини яратишни стратегик вазифа қилиб белгилаганмиз. Шу мақсадда илм-фан, таълим-тарбия, маданият соҳаларида туб ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз.
Бу борада аввало таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз.
Кейинги олти йилда республикамизда мактабгача таълим ташкилотлари сони қарийб 6 баробар кўпайиб, 4988 тадан 29420 тага, олий ўқув юртлари сони эса 77 тадан 213 тага етказилди. Юртимизда янги турдаги Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ инсонлар этиб тарбиялашда тараққийпарвар аждодларимизнинг ақл-заковати, ирода ва матонати барчамиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Биз халқаро илмий марказлар, дунё олимлари билан ҳамкорликда жадидлар фаолиятини янада чуқур ўрганишни долзарб вазифа деб ҳисоблаймиз. Бу ноёб мерос орқали бугунги кунда инсониятни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топа оламиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади.
Анжуманнинг барча қатнашчиларига сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, конференция ишига эса муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти