01.03.2023
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориБаҳор ва табиат уйғонишининг тимсоли, шарқона янги йилнинг бошланиши бўлган Наврўзи оламни баланд руҳ ва катта шодиёна билан нишонлаш азал-азалдан эл-юртимиз учун гўзал анъана ҳисобланади.
Халқимизнинг кўп асрлик эзгу қадриятларини, унинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ айём мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига айланди.
Наврўзи оламнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яхшилик ва бағрикенглик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш каби олижаноб ғоялар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларнинг мақсад ва мазмунига тўла ҳамоҳангдир.
Ҳозирги кунда жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, дўстлик ва биродарлик туйғуларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодимиз қалби ва онгида Ватанимизнинг бугуни ва келажагига дахлдорлик туйғусини кучайтиришда Наврўз байрамининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Эл-юртимиз яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат фасли сифатида эъзозлайдиган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам деб эътироф этилган Наврўзнинг маънавий ҳаётимиздаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу айёмни миллий қадрият ва урф-одатларимизга уйғун тарзда, ҳар томонлама муносиб даражада нишонлаш мақсадида:
1. 2023 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юксак савияда нишонлансин.
2. Қуйидагилар:
2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 1-иловага мувофиқ;
2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита 2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш бўйича “йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳамда ушбу айёмнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланишини таъминласин.
3. Байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:
Наврўз айёмига хос янгиланиш ва бунёдкорлик руҳини, она заминга меҳр ва эътибор, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни ифода этадиган, кишиларни бугунги тинч ва фаровон ҳаётни қадрлаб, атроф-муҳит ҳамда унинг неъматларини асраб-авайлашга, эзгу орзу-мақсадлар билан яшашга ундайдиган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;
мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва инсон қадрини улуғлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришларни Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналари билан мувофиқ тарзда, таъсирчан бадиий воситалар орқали акс эттириш;
ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз байрами арафасида барча шаҳар ва қишлоқларда, овул ва маҳаллаларда умумхалқ ҳашарлари, кенг қамровли ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват фазилатларини давом эттириб, муҳтарам нуронийларимизни ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшаётган кишиларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож фуқароларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини ўтказиш;
юртимизда миллатлараро дўстлик ва фуқаролараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, шу мақсадда амалга оширилаётган тизимли ишларнинг амалий натижаларини, Ўзбекистон фуқароси бўлган турли миллат ва элатлар вакиллари томонидан Наврўз умумхалқ байрамини нишонлашга оид тадбирларни ташкил этиш ва кенг ёритиш;
жойларда бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар ва бахшилар, шунингдек, истеъдодли анъанавий ижрочилар ва эстрада артистларини жалб этиш;
Наврўз сайилларининг дастурларини тайёрлашда қадимий урф-одатларимиз ва халқ ўйинлари, маданий меросимизнинг ёрқин намуналари бўлган куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш;
байрам тадбирлари доирасида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар уюштириш, китоб расталари, кўчма савдо дўконларини ташкил қилиш, кўклам таомларини тайёрлаш ва уларнинг савдосини йўлга қўйиш;
оммавий ахборот воситаларида Наврўзнинг тарихи ва моҳиятини, ҳудудларда, шунингдек, чет эллардаги ватандошларимиз давраларида байрамни нишонлаш бўйича шаклланган урф-одат ва анъаналарни кенг ёритиш.
4. Маданият ва туризм вазирлиги (О.А.Назарбеков):
Республика Маънавият ва маърифат маркази (М.М.Ҳожиматов), Ёзувчилар уюшмаси (С.С.Саидов) билан биргаликда бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида Наврўз байрамига бағишлаб ўтказиладиган театрлаштирилган концерт томошасининг дастури ва сценарийсини ишлаб чиқсин;
мазкур концерт томошасини тажрибали сценарист ва режиссёрлар, композитор ва бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларини жалб этган ҳолда юқори бадиий савияда тайёрлаш чораларини кўрсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бир ҳафта муддатда Наврўз умумхалқ сайилларига ҳар томонлама муносиб тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича ҳудудий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари билан боғлиқ харажатлар:
Тошкент шаҳрида – республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.Қ.Абдураҳмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ