28.02.2023
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган вазифаларга мувофиқ аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларимизни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида:
1. Жамоатчилигимиз ва халқимиз билан кенг муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Давлат дастури ижросини самарали, қатъий тартиб-интизом асосида ташкил этиб, 10 кун муддатда ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла кесимида амалий чора-тадбирларни белгиласин ҳамда кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирокида мунтазам равишда масъул шахсларнинг ҳисоботини эшитиб борсин.
Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларга Давлат дастурининг бажарилишини туманлар, шаҳарлар ва маҳаллаларга бориб ўрганиш, масъул давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб бориш тавсия этилсин.
2. Халқимизнинг оғирини енгил қилиш, аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш ва уларнинг харажатларини тежаш мақсадида, 2023 йил 1 июлдан бошлаб:
а) барча давлат органлари ва ташкилотларида “Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш” чора-тадбирлари белгилансин.
Вазирлар ва бошқа мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари 15 кун муддатда ўз тизимида масофадан туриб, шу жумладан, мобил иловалар орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаб, аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилсин;
б) давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 300 тага, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 570 тага етказилсин;
в) аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилсин;
г) электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда кўрсатиш (фуқаро мурожаатини кутмасдан, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан) таклифини юбориш йўлга қўйилсин.
3. 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформа”сига ўтказилсин ҳамда субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилсин.
Бунда, субсидиялар ажратиш тўғрисидаги аризаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали топшириш имкониятини яратиш ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар ва бошқа коррупциявий омилларни бартараф этиш таъминлансин.
4. Фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилсин.
5. Ногиронликни белгилашда фуқароларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида:
а) 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади;
б) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б.Мусаев) 2023 йил 1 апрелга қадар ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳасини киритсин, унда:
фуқароларнинг меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасидан келиб чиқиб ногиронликни белгилаш амалиётидан воз кечиб, унинг ўрнига жаҳон стандартлари асосида ногиронликни белгилашга ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётга ижтимоий мослашуви ва уларнинг соғлиғини қайта тиклашга;
ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматлардаги ахборот технологияларидан, имо-ишора тилидан ҳамда мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланиш имкониятларини яратишга эътибор қаратилсин.
6. “Янги Ўзбекистон” массивларини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2023 йилда:
“Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 1,6 бараварга оширилиб, 90 мингга етказилсин. Бунда, уй-жой ҳамда ижтимоий ва савдо объектларини лойиҳалаштириш ва қуришда автотранспорт воситаларининг тураргоҳлари, шу жумладан, кўп қаватли ва ерости автотураргоҳлар мажбурий равишда барпо этилиши таъминлансин;
32 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат бюджетидан етарли маблағлар йўналтирилсин;
аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилсин;
халқаро ва маҳаллий фонд биржаларида “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖнинг ипотека облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш учун компаниянинг устав фонди 100 миллион АҚШ доллари эквивалентига етказилсин. Бунда, ипотека облигацияларини жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағлар ипотека кредитлари учун ресурс сифатида банкларга жойлаштирилсин.
7. Ташаббусли бюджет амалиётини ҳамда маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш мақсадида:
2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 триллион сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтирилсин;
2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм ажратилсин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев) уч ой муддатда лойиҳаларни жамоатчилик фикри ва “Очиқ бюджет” порталида тўпланган овозлар асосида молиялаштиришнинг самарали тизимини яратсин ва амалиётга киритсин.
Бунда, овоз бериш жараёнларини холис ва маъмурий аралашувларсиз ташкиллаштиришнинг аниқ механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилсин.
8. Таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида:
а) 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилсин;
б) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, жамоа бўлиб ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим дастурлари амалиётга киритилсин.
Бунда:
умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-4-синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш;
5-9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш;
10-11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиёти жорий қилинсин;
в) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилсин.
Бунда, овқат турлари ўқувчиларнинг ёши ва соғлиғи ҳолатига кўра меъёрланган ҳолда етказиб берилиши ҳамда санитария талабларига жавоб бериши таъминлансин;
г) 2023 йил 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида:
янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилсин;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинсин;
д) профессионал таълим тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг талабларига мос бўлган малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида:
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилсин;
2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида малакали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган 1 тадан намунавий профессионал таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилсин;
е) 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилсин.
9. Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни яқинлаштириш ва фуқароларни сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, шунингдек, беморларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида:
а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов):
2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш;
18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион нафар аҳолини юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет, 3 миллион нафар аҳолини онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувларидан ўтказиш;
спинал мушак атрофияси билан касалланган 112 нафар болани дори воситалари билан таъминлаш;
250 нафардан ортиқ заиф эшитувчи болада кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш, шунингдек, бундай операциялар ўтказилган 132 нафар болада нутқ процессорларини алмаштириш чораларини кўрсин;
б) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилсин. Бунда:
вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш Навоий ва Сирдарё вилоятларида – 2023 йил 1 июлдан бошлаб, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида – 2023 йил 1 октябрдан бошлаб, республиканинг бошқа ҳудудларида – 2024 йил 1 январдан бошлаб электрон шаклга ўтказилсин.
2024 йил 1 январдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқлансин;
в) 2023 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилсин;
г) 2023 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор ва стационар шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўлами 30 минг нафарга етказилсин.
10. Аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилсин:
аҳолига смартфон ва мобил иловалар ёрдамида ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш, тўғри овқатланиш бўйича мобил илова яратиш;
болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талаб ва чекловларни кучайтириш;
таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан, таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхатини тасдиқлаш ва уларнинг истеъмолини камайтириш;
маҳаллий маҳсулотлар турларидан келиб чиқиб, аҳолининг ҳар бир хавф гуруҳи ва касаллик турлари учун алоҳида-алоҳида соғлом овқатланишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш;
ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, болалар, катталар ва кексалар учун қисқа тўғри овқатланиш бўйича тавсиялар, соғломлаштириш машқлари ва гигиена қоидалари тўпламини яратиш;
иш жойларида ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши ва соғлом овқатланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш.
11. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқнома амал қилиш муддати давомида чет эл фуқаролари хориждан олиб келинган шахсий автотранспорт воситасини олиб чиқиб кетиш муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган йиғимни тўлашдан озод этилсин.
12. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида 2023 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилсин.
Адлия вазирлиги (А.Ташкулов) Бош прокуратура (Н.Йўлдошев) билан биргаликда бир ой муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни маъмурий юрисдикцияга ўтказиш орқали бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида 2023 йилда:
сув ресурсларини бошқаришда узлуксиз тизимни йўлга қўйиш ҳамда сувни тежайдиган рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сувни етказиб беришдаги табиий йўқотишлар ҳажми
10 фоизгача камайтирилиши;
қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқ ставкасини ошириш орқали сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисми туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтирилиши таъминлансин.
Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Хамраев) 2023 йил якунига қадар:
а) сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали камида 7 миллиард метр куб сув иқтисод қилинишини ҳамда 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғоришга йўналтирилишини таъминласин;
б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев) билан биргаликда:
сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизимини жорий этиш мақсадида 13 мингта сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш билан боғлиқ барча харажатларни Давлат бюджети маблағлари ва халқаро молия институтлари грантлари ҳисобидан молиялаштириш;
16 та йирик насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун киритсин.
14. Адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасида қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳалари белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилсин:
жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;
жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш;
адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талабини бекор қилиш.
Олий суд (Б.Исламов), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов) ва Бош прокуратура (Н.Йўлдошев) мазкур бандда назарда тутилган масалалар бўйича тегишли қонунлар лойиҳаларининг Давлат дастурида белгиланган муддатларда ишлаб чиқилиб, киритилишини таъминласин.
15. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини “шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилиш мақсадида:
а) 2023 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилсин;
б) 2023 йил 1 декабрдан бошлаб транспорт воситасининг эгасига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни (ишончнома ва бошқалар) тақдим этган ҳолда, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ўтказганлиги ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилсин.
Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилиши белгилансин.
16. Адлия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати:
Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсияларни ишлаб чиқсин;
Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилиши ҳамда келишилишида амалий ёрдам кўрсатиб борсин;
Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминласин;
мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссиясига киритиб борсин.
17. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) мунтазам равишда Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари, шу жумладан, машҳур давлат арбоблари, тажрибали сиёсатшунос, ҳуқуқшунос, иқтисодчи ва бошқа мутахассислар иштирокида кенг шарҳлаб борилишини ҳамда унинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка тушунтирилишини таъминласин.
18. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича республика комиссиясига юклансин.
Амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ