23.02.2023
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориАмалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, ердан оқилона фойдаланиш ва кўп қаватли ишлаб чиқариш биноларини қуришни ҳамда ҳудудларнинг саноат салоҳиятини кенгайтиришни солиқ юкини пасайтириш ҳисобига рағбатлантириш мақсадида:
1. 2023 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 майга қадар эксперимент тариқасида республика бюджетидан пахта ва (ёки) ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига уларнинг ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя қилинганда қайтариб бериш тартиби жорий этилсин:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳар бир гектар ер учун ойига камида бир нафар ишчининг бандлиги таъминланганда;
ҳар бир нафар ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгиланганда;
пахта ва (ёки) ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги ўтган йил якуни бўйича Солиқ кодексининг 57-моддаси талабларига жавоб берганда.
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси бир ой муддатда республика бюджетидан пахта ва (ёки) ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларининг ҳисоб рақамларига уларнинг ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25 санасидан кейин тўлиқ миқдорда қайтаришнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқсин.
3. Белгилансинки, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари, шу жумладан, 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган бинолар юзасидан (республиканинг шаҳарлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида жойлашган бинолар бундан мустасно) юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисобланган суммани уч қаватли бинога – 0,9, тўрт қаватли бинога – 0,8, беш қаватли бинога – 0,7, олти қаватли бинога – 0,6, етти ва ундан юқори қаватли бинога – 0,5 пасайтирувчи коэффициентни қўллаган ҳолда, бино фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тўлайди. Бунда, ушбу бандда белгиланган пасайтирувчи коэффициент:
маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ёрдамчи хоналар билан (офис учун хоналар ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотиш учун, касбни эгаллаш мақсадида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш хоналари ва ҳ.к.) бирга, агар уларнинг майдони янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш биносининг умумий майдонининг 20 фоизидан ошмаган бўлса;
ишлаб чиқариш мақсадларида бино бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар томонидан биргаликда фойдаланилаётган бўлса, бундай бинонинг ҳар бир мулкдори томонидан қўлланилади.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ