24.02.2023
Давлатимиз раҳбари Қарши туманидаги Янги Батош маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишди.
Бу ерда 4 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, тадбиркорлик ривожланмоқда. Тўқимачилик корхонаси, дорихона, минибанк, озиқ-овқат дўконлари ва хизмат кўрсатиш устахоналари аҳоли хизматида.
Маҳаллада Касаначилик маркази ташкил этилмоқда. Президент унда яратилаётган шароитларни кўздан кечирди.
Бу ерда тикувчилик, чармдўзлик, гиламчилик маҳсулотлари тайёрланиши билан бирга касаначиларга иш ҳам ўргатилади. Ҳоким ёрдамчиси ҳамда хотин-қизлар фаоли томонидан ишсиз фуқаролар аниқланиб, қизиқиш ва хоҳишларига кўра йўналишлар бўйича усталарга бириктирилади. Буюртмаларни тайёрлашни тўлиқ ўзлаштирган касаначиларга уйида ишлаши учун керакли дастгоҳ ҳамда хомашё берилади. Буюртмачи ва касаначи ўртасида тузилган шартномалар ҳоким ёрдамчиси томонидан “Ягона меҳнат миллий тизими”га киритилади.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги ҳунармандларни хомашё билан таъминлаш, аҳоли зич маҳаллалардаги коллежларнинг маълум хоналарини касаначиларга ажратиш бўйича топшириқлар берди.
- Ўзи ҳунар ўрганишнинг энг катта замини - маҳалла. Бу анъанамиздан фойдаланиб, касаначилик асосида, устоз-шогирдлик асосида ёшларни ҳунарли қилиш мумкин. Бу уларга, айниқса, хотин-қизларга ҳам маънавий, ҳам моддий куч бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Марказ Янги Батошдан ташқари унга туташ Батош, Хониён, Тараққиёт, Дашт, Жумабозор каби маҳаллаларга ҳам хизмат қилади. У тўлиқ ишга тушса, қарийб 24 минг нафар аҳоли бандлигида муҳим омил бўлади.