17.01.2023
17 январь кунининг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапурга давлат ташрифи доирасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган Сингапур миллий университети ҳузуридаги Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабига ташриф буюрди.
Сингапурнинг биринчи Бош вазири ва ушбу мамлакат “иқтисодий мўъжизаси” муаллифи Ли Куан Ю шарафига номланган мактаб давлат сиёсати ва халқаро муносабатлар соҳасида магистратура дастурлари асосида кадрлар тайёрлашга, илмий ва сиёсий тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган.
Қатор йиллар давомида мактаб олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу ерда хорижий мамлакатларнинг юқори даражадаги мансабдор шахсларини ўқитиш учун қисқа муддатли дастурлар ҳам ташкил этилган.
Маълумки, Сингапур эришган иқтисодий ва ижтимоий муваффақиятларда чуқур ўйланган кадрлар сиёсати, малакали, масъулиятни ҳис этган ва ҳалол раҳбар кадрларни тайёрлашга устувор эътибор муҳим ўрин тутган. Мамлакатимиз етакчиси ҳам ўз фаолиятининг бошиданоқ ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб келади. Шу маънода, Сингапурнинг давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш ва қўллаш катта аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари мактаб фаолияти билан батафсил танишиб, ўқув муассасаси раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Президенти ҳузурида Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси ва Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаш маросими бўлди.
Сўнг Президентимиз Сингапурнинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда Сингапур меҳнат вазири – савдо ва саноат иккинчи вазири Ленг Си Танг, Сингапур бизнес федерацияси раиси Минг Ян Лим, ушбу мамлакатнинг Indorama, Meinhardt group, CPG Corporation, Changi Airports, Сингапур менеджментни ривожлантириш институти, TMC Academy, Virtus Health каби 15 та йирик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёев учрашув иштирокчиларини қутлаб, унинг янги 2023 йилдаги илк ташрифи айнан Сингапурга бўлаётгани Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан мустаҳкам ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга алоҳида эътиборидан далолат эканига эътибор қаратди.
Юртимиздаги тизимли ислоҳотлар туфайли инвестициялар ҳажми ЯИМнинг 30 фоизидан ортиқ даражага етди. 2022 йилнинг ўзида Ўзбекистон иқтисодиётига 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди.
Куни кеча ўтган Ўзбекистон-Сингапур бизнес форумининг натижалари мамнуният билан қайд этилди: унинг доирасида умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларлик янги инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланди.
- Бу ҳамкорлигимиз анча фаоллашганидан, муваффақиятли кечаётганидан, Ўзбекистон-Сингапур муносабатлари амалий ва сифатли мазмун билан бойиганидан далолат беради, - деди Президентимиз.
Лекин шериклик салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатларимиз икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қодир.
- Сингапур компанияларининг илғор тажрибаси бизда катта қизиқиш уйғотмоқда, - деди давлатимиз раҳбари. – Ишончим комилки, сингапурлик ҳамкорларнинг инновация ва технологиялари Ўзбекистоннинг ресурслари ва кадрлар салоҳиятига қўшилса, бўлажак қўшма лойиҳалар барқарор ривожланади.
Ўзбекистон етакчиси узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишларни кўрсатиб ўтди. Сингапур компанияларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштироки, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, кимё ва тўқимачилик, “яшил” иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.
Ўзбекистон Сингапур тадбиркорларини зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатли харидлар шаклида кенг қўллаб-қувватлаш, бошқа кўмак чораларини тақдим этишга тайёр экани билдирилди.
Юртимиздаги ислоҳотлар хорижий ҳамкорлар орасида Ўзбекистоннинг ишончли ва барқарор шерик сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлаб, Президент Шавкат Мирзиёев сингапурлик ишбилармонларни ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун очилаётган имкониятлардан фойдаланиш ва иқтисодиётимизга фаол инвестиция киритишга чақирди.
Шерикликни кенгайтириш юзасидан батафсил фикр алмашилди. Сингапур бизнеси вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолади, мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилган аниқ лойиҳаларини тақдимот қилди.
Ишбилармонлар делегациясининг ҳар бир аъзоси билан суҳбатлашиб, давлатимиз раҳбари тадбиркорларни яратилган қулай инвестиция муҳити билан шахсан танишиш учун мамлакатимизга таклиф қилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон томони мутасаддиларига тадбирда айтилган барча лойиҳаларни, уларни амалга оширишнинг босқичма-босқич механизмларини, аниқ муддат ва ижрочиларини киритган ҳолда тегишли Амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга самарали давлат ташрифи якунига етди.
“Чанги” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Сингапурнинг расмий шахслари кузатиб қўйди. Давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.