12.09.2016
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўра оладиган ва стратегик фикр юритадиган буюк шахс сифатида бутун дунёда юксак обрў-эътибор қозонган эди. Хорижий мамлакатларнинг давлат ва сиёсат арбоблари, фуқаролари у кишининг вафотини чуқур қайғу билан қабул қилди, халқимизга ҳамдард бўлди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида 12 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.
Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйдилар ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди.
Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов қадрдон дўсти бўлганини, бир-бирини ҳамиша яхши тушунгани ва қўллаб-қувватлаганини, биргаликда халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаганини, Президентимиз Ўзбекистонда тинчлик ва фаровонликни таъминлаганини алоҳида таъкидлади.
– Ўзбекистонликларнинг барча авлодлари Ислом Каримовни ҳурмат билан ёдга олишига ишончим комил. Унинг улуғвор мероси, давлат раҳбари сифатидаги фаолияти ўзбек халқи, Ўзбекистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилади, асрлар давомида ўрганилади. Ўзбекистоннинг тикланиши ва ҳар томонлама ривожланиши, аҳоли фаровонлиги ошиши унинг номи билан боғлиқ. Ислом Каримов ўзбек халқини, Ўзбекистонни замонавий дунёга танитди. Биз ана шундай буюк инсондан айрилдик, – деди Қозоғистон Президенти.
Олий мартабали меҳмон Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримовага чуқур ҳамдардлик изҳор этди.
Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик 1998 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва бошқа ҳужжатлар асосида тараққий этмоқда.
Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевга халқимизнинг буюк фарзанди, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу ташриф меҳр-оқибат ва аҳиллик айёми – Қурбон ҳайити кунларида амалга оширилгани Ислом Каримов билан Нурсултон Назарбоевнинг муносабатлари, дўстлиги юксак даражада бўлганини намоён этди. Бу дўстлик халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорликка асос бўлганини, бундай яқин муносабатлар бундан кейин ҳам изчил давом этишини алоҳида таъкидлади.
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, унинг иқтисодиёти ва сиёсатини белгилаб берган улуғ давлат арбоби, ўзбек халқининг буюк фарзанди, дунё миқёсидаги лидер бўлганини алоҳида таъкидлади. Ислом Каримов халқаро анжуманларда ҳар доим ҳал қилувчи ўрин тутганини, энг мураккаб пайтларда ҳам тинчлик ва барқарорликни таъминлаганини, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги ривожига улкан ҳисса қўшганини қайд этди. Мамлакатларимиз ўртасидаги бу алоқаларни изчил давом эттириш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди.