23.12.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ФармониСўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланган самарали фаолият юритувчи бошқарув тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали уларнинг тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди, шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди.
Давлат органлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш ҳисобидан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яхшилаш мақсадида 30 га яқин турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат ташкилотлари томонидан 60 дан ортиқ ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди.
“Электрон ҳукумат” тизимининг фойдаланувчилари сони 4 миллиондан ошиб, у орқали давлат идораларининг 130 дан ортиқ ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари яратилди.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қарийб 350 турдаги хизматлар онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури ижросини таъминлаш мақсадида:
1. 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда – Вазирлар Маҳкамаси/Ҳукумат) аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилсин.
Белгилансинки, Ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари:
тегишли соҳада ягона давлат сиёсатини олиб бориш ва уни ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун масъул ва жавобгар ҳисобланади;
тизимдаги кадрлар сиёсатининг Вазирлар Маҳкамаси аппаратидан мустақил равишда давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ юритилишини таъминлайди.
2. Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилсин.
3. Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида:
Бош вазирнинг 4 нафаргача ўринбосарлари лавозими;
Ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган ижро этувчи тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда Ҳукумат ваколатларига оид бошқа долзарб масалаларни (кейинги ўринларда – масалалар) Вазирлар Маҳкамасига киритиш, кўриб чиқиш ва ахборот беришнинг қуйидаги тартиби жорий қилинсин:
а) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва масалалар Ҳукуматга бевосита вазирлар ва бошқа мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари томонидан белгиланган тартибда киритилади.
Бунда, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва хўжалик бирлашмалари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа масалалар тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга ошираётган вазир ёки бошқа мустақил ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари орқали киритилади;
б) келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаментига кўриб чиқиш, молиявий-иқтисодий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, тартибга солиш таъсири ва манфаатлар тўқнашувини баҳолаш ҳамда ахборот бериш учун киритилади;
в) ахборот беришга тайёр бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа масалалар Вазирлар Маҳкамасида коллегиал тарзда маъқулланади ёки рад қилинади;
г) маъқулланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда, зарур ҳолларда, бошқа масалалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилади (ёки қабул қилинади);
д) Вазирлар Маҳкамасида масалаларни коллегиал тарзда кўриб чиқишда, заруратга кўра, оммавий ахборот воситалари таклиф қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов) бир ой муддатда мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, киритиш, кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишишнинг аниқ тартиби ва муддатларини, уларнинг ижросини назорат қилишни назарда тутувчи Ҳукуматнинг янгиланган регламентини киритсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Бош вазирнинг амалдаги ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси ва унинг ўринбосарлари янги тизим ишга тушгунга қадар юклатилган вазифаларнинг тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарилишини таъминлайди;
Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг тузилмаларини мақбуллаштириш муносабати билан бўшаётган маблағлар Бош вазир котибияти ўрнак кўрсатган бошқарув ходимларининг натижадорлиги асосида қўшимча рағбатлантиришга йўналтирилади.
Адлия вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
Вазирлар Маҳкамасида қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларининг амалга оширилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш тартиби;
амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар ва бошқа коллегиал органларга раҳбарларни қайта тақсимлаш бўйича таклиф киритсин.
7. Бош вазирга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
масалаларни тартибга солиш ва устувор вазифаларни ҳал қилишнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда Бош вазир котибиятининг умумий штатлари сони доирасида унинг ижро этувчи тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг долзарб йўналишларини ўрганиш ва улар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун ишчи гуруҳлар ва келишув комиссиялари ташкил қилиш;
Бош вазир котибиятининг ўрнак кўрсатган бошқарув ходимларини натижадорлик асосида қўшимча рағбатлантириш учун маблағлар миқдорларини белгилаш.
8. Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов) бир ой муддатда:
Бош вазир ўринбосарларининг функционал вазифаларини тасдиқлаш;
Бош вазир котибиятининг штат жадвалини тасдиқлаш;
Бош вазир котибияти тўғрисидаги, унинг барча бўлинмалари функциялари, ваколатлари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулиятини батафсил белгилаб берувчи низомни ишлаб чиқиш;
Бош вазир котибиятининг янги ташкил этилган таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;
фаолияти тугатилаётган таркибий бўлинмаларнинг ходимларини вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларда раҳбар ва масъул лавозимларга тайинлаш бўйича чоралар кўрсин, зарур ҳолларда, таклиф киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги кенгашининг Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи доирасида 2023 йил 1 январдан бошлаб ихчам, профессионал бошқарув тамойилларига асосланган ва самарадорликка йўналтирилган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларни ўз ичига оладиган яхлит тизимини шакллантириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
10. Белгилансинки:
вазирлик – тегишли соҳаларда ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи, муайян йўналишда ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳамда тизимдаги раҳбарий фаолиятни яккабошчилик асосида ташкил этадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
қўмита – тегишли соҳа ичидаги тармоқ фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва тартибга солувчи ҳамда тизимдаги раҳбарий фаолиятни коллегиал асосда ташкил этадиган, шунингдек, вазирликнинг ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
агентлик – асосий вазифаси сифатида тегишли соҳада давлат хизматларини кўрсатиш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқни қўллаш функцияларини амалга оширувчи, шунингдек, вазирлик ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
инспекция – асосий вазифаси сифатида тегишли соҳа ва тармоқларда давлат назорати ва текширувни амалга оширувчи, шунингдек, вазирлик ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ алоҳида мақомга эга ҳамда бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ва (ёки) Вазирлар Маҳкамасига бўйсунадиган қўмита, агентлик ва инспекциялар ташкил этилиши мумкин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги кенгашининг Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи доирасида 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сонини 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сонини 25 тадан 21 тагача қисқартириш бўйича таклифи маъқуллансин.
12. Белгилансинки, Вазирлар Маҳкамаси тизимини қуйидаги вазирликлар ташкил этади:
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
Табиат ресурслари вазирлиги;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
Сув хўжалиги вазирлиги;
Рақамли технологиялар вазирлиги;
Адлия вазирлиги;
Транспорт вазирлиги;
Маданият ва туризм вазирлиги;
Мудофаа вазирлиги;
Энергетика вазирлиги;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
Ташқи ишлар вазирлиги;
Ички ишлар вазирлиги;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
13. Қуйидагилар:
2023 йил 1 январдан бошлаб қайта ташкил этилаётган республика давлат бошқаруви органларининг рўйхати 2-иловага мувофиқ;
2023 йил 1 январдан бошлаб вазифа ва функциялари тегишли вазирлик ва идораларга ўтказилган ҳолда тугатилаётган республика давлат бошқаруви органларининг рўйхати 3-иловага мувофиқ;
2023 йил 1 январдан бошлаб ташкилий бўйсунуви ўзгараётган республика давлат бошқаруви органларининг рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, мазкур Фармон доирасида штат бирликларини мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади.
14. Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов) бир ҳафта муддатда:
ушбу Фармонга мувофиқ қайта ташкил этилаётган республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар режа-графиги;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини тартибга солувчи намунавий низомни тасдиқласин.
Бунда, республика ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари ва унинг ўринбосарлари масъулият доираси ҳамда республика, вилоят ва туман даражасидаги бўлинмаларнинг вазифа ва функцияларини аниқ чегаралаш, шунингдек, ҳудудлар кесимида фаолият самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ҳамда иш кўрсаткичлари (индикаторлари) белгилансин.
15. 2023 йил 1 январдан бошлаб республика ижро этувчи ҳокимият органларининг самарали иш фаолиятини йўлга қўйиш учун масъулиятини янада ошириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳар бир республика ижро этувчи ҳокимият органининг йил давомида эришиши зарур бўлган мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) белгиланади;
республика ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари ҳар йил бошида ўзининг ўринбосарлари кесимида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришиш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиб, жамоатчиликка тақдим қилади;
ҳаракатлар дастурига асосан республика ижро этувчи ҳокимият органининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришиш бўйича ҳудудий ривожланиш дастурини ишлаб чиқиб, жамоатчиликка тақдим қилади;
республика ижро этувчи ҳокимият органи ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари йил якунига қадар ҳаракатлар ва ҳудудий ривожланиш дастурлари амалга оширилиши ва мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришиш ҳолати юзасидан ҳисобот бериши ва очиқ эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Белгилансинки, республика ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда жамоатчилик олдида бевосита ҳисобдор бўлади.
16. Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг институционал мустақиллигини ошириш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ташкилий тузилмаси, штат бирликлари ва раҳбар ўринбосарларининг сони, шунингдек, фаолият йўналишлари белгилаб берилади.
Бунда:
марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмалар тузилмаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинади;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига ажратилган маблағлар доирасида ҳамда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларнинг тузилмаси ва штат бирликларини тасдиқлаш ҳуқуқи тақдим этилади;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига ҳудуддаги эҳтиёж ва шароитлардан келиб чиқиб, муайян вилоят ёки туман (шаҳар) бўлинмаларини ташкил этиш ёки уларни туманлараро (вилоятлараро) шаклда тузиш ваколати берилади. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда республика ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасида ташкил этилиши мажбурий бўлган бўлинма ва лавозимлар рўйхати, уларга бўлган мезонлар ҳамда раҳбар ва ижрочи ходимлар ўртасидаги нисбат бўйича меъёрларни белгилашни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгаши мазкур Фармон амалга оширилишини мувофиқлаштириш ҳамда қуйидаги мақсадли кўрсаткичларга эришишни таъминлаш учун масъул этиб белгилансин:
ижро этувчи ҳокимият органлари штат бирликлари, шу жумладан раҳбар лавозимларини 30 фоизгача мақбуллаштириш ва адолатли меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш;
маъмурий ислоҳотлар доирасида трансформация қилинаётган ижро этувчи ҳокимият органларининг мазкур Фармонда белгиланган янги талаблардан келиб чиққан ҳолда самарали фаолиятини йўлга қўйиш;
раҳбарларнинг молиявий ва институционал мустақиллигини ошириш орқали ҳудудлар билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш;
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг функцияларини тартибга солиш орқали уларни камида 10 фоизга қисқартириш;
хусусий секторга ўтказиладиган давлат функциялари сонини камида 3 баробарга ошириш, давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмларини кенг жорий этиш;
ижро этувчи ҳокимият органларининг тизимида раҳбар ва ижрочи ходимларнинг муносиб нисбатига эришиш;
раҳбарларнинг аҳоли таклифлари асосида фаолиятини йўлга қўйиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини кучайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгаши (С.У. Умурзаков) мазкур Фармондан келиб чиққан ҳолда маъмурий ислоҳотлар биринчи босқичида республика ижро этувчи ҳокимият органларини 2023 йил 1 январга қадар, иккинчи босқичида эса маҳаллий давлат ҳокимияти органларини 2023 йил 1 апрелга қадар ислоҳ қилиш бўйича чоралар кўрилишини таъминласин.
18. Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов) 2023 йил 1 февралга қадар мазкур Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидагиларни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини киритсин:
Ҳукумат аъзоларининг Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаш механизмларини белгилаш, уларнинг Вазирлар Маҳкамасида қарорлар қабул қилиш жараёнидаги мақомини ошириш;
ҳудудлар, инфратузилма, иқтисодиёт, молия, пул-кредит, шунингдек, ижтимоий соҳанинг ривожланишини таъминлашда Ҳукуматнинг масъулиятини тубдан ошириш;
Ҳукумат аъзоларининг бошқарув, кадр, молия ва бошқа йўналишлардаги мустақиллигини ошириш ва масъулиятини кучайтириш;
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, шу жумладан ҳудудий бўлинмалар кесимидаги ҳар бирининг мақоми, уларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ тартиби ҳамда бир-биридан фарқловчи мезонларни белгилаш.
19. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари кенг ёритилишини ташкил этсин.
20. Адлия вазирлиги бир ой муддатда ушбу Фармондан келиб чиқиб, қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан таклифлар киритсин.
21. Фармон ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев