icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ҳар бир ҳужжат вақтида ва сифатли ижро этилиши шарт

29.05.2017

29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Хитой мамлакатларига ташрифлари давомида ҳамда Туркия раҳбари билан ўтказилган олий даражадаги учрашувлари якунлари бўйича имзоланган битимлар, шартномалар ва муайян соҳаларда ўзаро шерикликни ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш жараёнининг ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Бош вазир, унинг ўринбосарлари, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. 

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошқарди. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон расмий делегациясининг Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга жорий йилдаги ташрифлари 2016 йилги Президент сайловидан кейинги илк хорижий сафарлар бўлиб, уларнинг натижалари стратегик шериклар билан ўзаро муносабатларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. 

Қайд этиш керак, ҳар бир ташриф якунида битим ва шартномалар қаторида қиймати бир неча миллиард АҚШ долларига тенг бўлган кўплаб лойиҳалар имзоланди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур давлатлар раҳбарлари билан музокаралар чоғида ҳар бир лойиҳани алоҳида муҳокама қилиб, тўла амалга оширишга оид масалалар, жумладан, молиялаштириш имкониятлари юзасидан атрофлича фикр алмашди. Лойиҳаларнинг “йўл хариталари” тасдиқланиб, уларнинг босқичлари, ижро механизмлари ва масъул шахслар белгилаб олинди. 

Давлатимиз раҳбари бу борада муҳим келишувларга эришилганига қарамай, айрим раҳбар ходимлар имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлашга эскича ёндашаётгани, иқтисодий ҳаётимизда устувор аҳамият касб этадиган, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш имконини берадиган бу масалага етарлича масъулият билан қарамаётганини чуқур таҳлил асосида, аниқ мисоллар орқали кўрсатиб берди. 

Барча зарур ҳужжатлар қабул қилингани, янги тузилмалар ташкил этилгани, экспортчи ва сармоядорлар учун ҳар томонлама қулайлик ва имтиёзлар берилгани, бир сўз билан айтганда, мамлакатимиздаги халқаро иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик субъектларининг самарали ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилганига қарамасдан, ҳозирча аниқ натижалар кўзга ташланмаяпти, ижро муддатлари ортга сурилмоқда. 

Бунинг сабабларидан бири ишончли хорижий шерик ва молия манбалари мавжуд бўлмаган ҳолда самарасиз лойиҳалар тайёрлаш, амалда фойда бермайдиган ҳужжатлар имзолаш ҳолатлари билан боғлиқдир. Бундай лойиҳаларнинг мониторингини юритиш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти. Иқтисодиётимизга хорижий сармояларни жалб этиш борасидаги аҳвол қониқарли эмас. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу масалада камчилик ва қолоқликка йўл қўяётган ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятига танқидий нуқтаи назардан баҳо берди. 

Хусусан, Туркманистонга ташриф асносида қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, автомобиллар, қурилиш материаллари, маиший техника ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича умумий қиймати 151 миллион АҚШ долларига тенг ҳужжатлар имзоланган эди. Ўтган уч ой давомида экспорт ҳажми 12 миллион долларни ташкил этди. Бу умумий келишилган миқдорнинг 8 фоизи, холос. 

Қозоғистон, Россия ва Хитойга ташрифлар ҳамда Туркия раҳбари билан ўтказилган музокараларда ҳам бир неча миллиард долларлик йирик келишувларга эришилди. Лекин уларнинг ижросига оид натижалар кутилганидек эмас. 

Давлатимиз раҳбари йиғилишда ҳисобот берган мутасадди раҳбарлар ўз масъулиятини кескин ошириши зарурлигини, бажарилмаётган ва кечикаётган лойиҳа ва шартномалар учун улар шахсан жавобгар эканини алоҳида таъкидлади. Ҳар бир лойиҳанинг бажарилиши бўйича биринчи галдаги чора-тадбирларни аниқ-равшан белгилаш, молиялаштириш ва ижро жараёнлари бўйича замонавий ва тизимли асосда мониторинг олиб бориш юзасидан топшириқлар берилди. 

Шериклик тўғрисидаги ҳужжатнинг имзоланиши аввало унинг ижроси билан муҳимдир. Давлатимиз раҳбари фақат қоғозда акс этадиган, амалда ҳеч қандай фойда бермайдиган лойиҳалар тузишдек эскича амалиётдан бутунлай воз кечиш, бундай одат ва кайфият билан ишлашга мутлақо чек қўйиш лозимлигига алоҳида урғу берди. 

Эришилган барча келишувларнинг молиявий манбалари, ижро механизмлари, логистикаси, масъул идоралар ва шахслар ҳамда бошқа масалалар тўлиқ ҳал қилинган бўлиши, иш пухта ва қатъий амалга оширилиши керак. 

Президентимиз тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига чет давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш борасида мақсадли инвестицион стратегия ҳамда қабул қилинган келишувлар ижросини таъминлаш бўйича Низом ишлаб чиқиш вазифасини топширди. 

Ушбу тизимни такомиллаштириш мақсадида масъул ижрочиларнинг ҳар ҳафтада бир марта Вазирлар Маҳкамасида ва ҳар ойда бир марта Президент ҳузурида хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган жорий ва ишлаб чиқилиши кўзда тутилаётган янги инвестицион лойиҳалар юзасидан ҳисобот бериш тартиби ўрнатилади. 

Лойиҳаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши, мутасаддиларнинг ижро интизоми, масъул шахсларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишини назорат қилиш Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура зиммасига юкланди. 

Йиғилишда дабдабали рақамлар ва баландпарвоз ҳисоботлар ортидан қувиш эмас, янгича самарали усул ва механизмларни татбиқ этиш, аҳволни қисқа муддатда синчиклаб ўрганиб чиқиш ва зарур чора-тадбирлар белгилаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo
image