25.11.2022
Навоий шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, сессияни очиқ мулоқот тарзида ўтказишни таклиф этди.
– Бугунги учрашувимиздан энг катта мақсад-муддаомиз – очиқ мулоқот. Навоий вилоятидаги 330 та маҳалла, 1 миллион 50 минг аҳолининг дардини баралла айтиб, чорасини топишимиз керак. Ҳурматли депутатлар, нуронийлар, ўғил-қизларим, юракдаги гапларингизни, жойлардаги муаммони очиқ айтсангиз, менга дўст бўласизлар. Ҳамма масалаларга халқимиз билан бамаслаҳат ечим топсак, натижа бўлади. Бу учрашувдан мен ҳам рози бўлайин, халқимиз ҳам рози бўлсин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мулоқотда Навоий вилояти ривожининг бугунги ҳолати таҳлил қилинди. Охирги уч йилда ҳудудда 2 миллиард долларлик йирик саноат лойиҳалари ишга тушган. Бунинг натижасида 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, йилига қўшимча 1 триллион сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар экспорт таъминланган.
Вилоятда иқтисодиётни янада ривожлантириш учун катта захира ва имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, импорт бўлаётган маҳсулотларни кооперация асосида маҳаллий тадбиркорлар ишлаб чиқарса бўлади. Қишлоқ хўжалигида чорвачилик тармоғи тўла ишга солинмаяпти. Мева-сабзавот сақлаш қувватлари кам. Ижтимоий соҳада ҳам аҳолини қийнаётган масалалар бор.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент Навоий вилояти ҳокими лавозимига Нормат Турсунов номзодини тавсия этди.
Н.Турсунов 1972 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Кўп йиллар давлат солиқ тизимида ишлаган. У 2021 йил ноябрь ойидан буён Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари номзодни лавозимга тасдиқлашдан аввал очиқ мулоқот қилиб, унинг режаларини эшитишни таклиф этди. Нормат Турсунов вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини тақдимот қилди.
Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш чораларини белгилаб берди.
Тадбиркорликни ривожлантириш учун келгуси йилда 26 та маҳаллий саноат маркази ва кичик саноат зоналари ташкил этиш, оилавий тадбиркорлик дастурлари учун 600 миллиард сўм йўналтириш вазифаси қўйилди. Умуман, Навоий вилоятини “камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудуд”га айлантириш мумкинлиги таъкидланди.
Саноат соҳасида келгуси йилда 186 та лойиҳани амалга ошириб, 15 мингта иш ўрни яратиш чоралари белгиланди. Бу импортни қисқартириб, экспортни 250 миллион долларга етказишда муҳим омил бўлади.
Хатирчи, Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа ва Нурота туманларидаги 72 та маҳалла картошка, сабзавот, узум ва анор етиштиришга ихтисослашган.
Давлатимиз раҳбари бу имкониятларни кенгайтириш учун мазкур маҳаллалар атрофидаги 5 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш зарурлигини таъкидлади. Яйлов ўсимликлари уруғчилиги хўжалиги, каврак плантациялари, агрологистика марказларини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Ижтимоий соҳани ривожлантириш, мактаб ва боғчалар барпо этиш, аҳолини уй-жой ва ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Умуман, 2023 йилда вилоятда ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қўшимча 655 миллиард сўм, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга яна 750 миллиард сўм ресурс ажратилиши маълум қилинди.
Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режаларини муҳокама қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Навоий вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Нормат Турсунов Навоий вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбари белгиланган режалар энди ҳаётга кўчиши, барча ташкилотлар ҳоким атрофида бирлашиб, халққа хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.