16.11.2022
Муҳтарам фестиваль қатнашчилари!
Қадрли дўстлар!
Авваламбор, Туркманистоннинг бетакрор Дашогуз шаҳрида бўлиб ўтаётган бугунги дўстлик фестивали юксак даражада ташкил этилгани учун Туркманистон Президенти ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга ҳамда барча ташкилотчиларга ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман.
Ҳеч шубҳасиз, ўзаро тарихий-маданий алоқалар ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги кўп асрлик биродарликнинг мустаҳкам тамал тоши бўлиб келмоқда. Чин қардошлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада кучайтиришга қаратилган ушбу муҳим тадбир эса элу юртларимизнинг умумий эзгу мақсадлари ва орзу-интилишлари муштарак эканини яна бир бор яққол тасдиқлайди.
Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда барча устувор соҳаларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Шу ўринда Туркманистон Президенти ҳурматли Сердар Бердимуҳамедовнинг жорий йил июль ойида Тошкентга амалга оширган тарихий ташрифи стратегик шериклигимизни янада чуқурлаштиришга катта куч ва шиддат бағишлаганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Шунингдек, кўп қиррали муносабатларимизнинг юксак ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳида ривожланиб боришида Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси муҳтарам Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедов Жаноби Олийларининг ҳам мисли кўрилмаган ҳиссаси борлигини айтиб ўтишни истар эдим.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Қардош халқларимиз ўртасида маданий-маърифий алоқалар йил сайин фаоллашиб бораяпти, турли концерт ва фестиваллар, кўргазмалар ташкил этилмоқда, маданият ва кино кунлари ўтказилмоқда, юртимизда туркман миллий маданият марказлари ишламоқда.
Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Фанлар академияси томонидан тайёрланган 100 жилддан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” номли асарлар мажмуасининг 10 та жилди туркман адабиёти намуналарига ажратилди. Ушбу жамланмадан Озодий, Андалиб, Махтумқули, Мулланафас, Берди Кербобаев, Хидир Деряев, Отажон Тўғон каби ўнлаб машҳур мумтоз ва замонавий шоир-ёзувчиларнинг сара асарлари жой олгани айниқса эътиборлидир.
Шунингдек, 2018 йилда Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига туркман халқининг буюк фарзанди, мутафаккир шоир, туркман адабиётининг ёрқин намояндаси Махтумқули номи берилиб, сўлим хиёбон барпо этилди, шоир сиймоси акс этган барельеф ўрнатилди.
Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Туркманлар” маҳалласида жойлашган қадимий “Улли ҳовли” ёдгорлик мажмуаси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Пойтахтимиз марказида бунёд этилган “Ашхобод” боғи минглаб ватандошларимиз ва пойтахтимиз меҳмонларининг севимли гўшасига айланиб улгурди.
Туркманистонда истиқомат қилаётган ўзбеклар учун алоҳида эътибор кўрсатиб келинмоқда. Яқинда бетакрор Ашхобод шаҳрида барпо этилган муҳташам “Тошкент” боғи эса ўзбек ва туркман халқларининг абадий дўстлиги рамзи бўлиб қолади.
Ишончим комилки, икки қардош ва азалий дўст элларимизнинг қалбларини бир-бирига чамбарчас боғлайдиган бу каби маданият байрамлари ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан бундан кейин ҳам изчил давом этади.
Фестивалнинг барча иштирокчиларига мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва эзгу фаолиятларида янги муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти