18.10.2022
Президент Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасига бориб, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси билан танишди.
– Тошкент – азим пойтахтимиз, мамлакатимизнинг энг катта шаҳри. Беш йилда инвестицияга, тадбиркорларга шароит яратдик, янги уйлар, замонавий иншоотлар қурилди. Бу ҳам керак. Энди келажакни ўйлаб, стратегияни аниқ белгилаб олмасак, ўн йилдан кейин шаҳарда яшаш қийин бўлиб кетади. Қўшимча босимни инфратузилма кўтармайди. Энди хато қилишга ҳақимиз йўқ. Халқ учун яратилиши керак бўлган қулайликларни ҳисобга олиб, лойиҳани 50 йил олдин тўғри қилмасак, шаҳарнинг архитектураси ҳам, иқтисодиёти ҳам, экологияси ҳам бўлмайди, – деди Президент.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг ҳудуди 43 минг гектар, аҳоли сони 3 миллионга яқинлашган. Инфратузилма тармоқларига юклама ортган. Транспортлар ҳам кун сайин кўпайиб, йўл ҳаракати қийинлашиб бормоқда. Чанг, тутун экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу боис Президентимиз бу масалани алоҳида эътиборга олиб, пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, келгусидаги қурилишларни шаҳар ташқарисида қилиш вазифасини қўйган эди. Хусусан, ўтган йили “Янги Ўзбекистон” боғининг очилиш маросимида ҳамда тошкентлик сайловчилар билан учрашувда бу борада концепция тайёрланаётгани айтилган эди.
Пойтахтимиз келажаги билан боғлиқ бўлгани учун бу масалага жиддий ва пухта ёндашилди. “ТошкентбошпланЛИТИ” корхонасида чет эллик ва маҳаллий лойиҳачилар икки йил давомида ишлашди. Аҳолининг ўсиши, транспорт ва муҳандислик тармоқлари, иқлим ўзгаришлари таҳлил қилиниб, шу асосида транспорт тугунлари ва аҳоли пунктларини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди.
Ташриф чоғида Президентимизга мазкур стратегия ҳақида ахборот берилди.
Кўзда тутилаётган ишлардан бири шуки, Тошкент шаҳри кадастри рақамлаштирилиб, ҳудудларнинг тоифаси очиқ-ошкора қайд этиб қўйилади. Аҳоли ўз маҳалласи ёки тадбиркорлар бизнес очмоқчи бўлган ерининг қандай ҳудудда жойлашганини интернет орқали бемалол кўриши мумкин бўлади.
Тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилади. Бунинг учун аҳоли уйидан 15 дақиқа пиёда юрадиган масофада бекат бўлиши талаб этилади. Шунингдек, “Park and ride” тамойили асосида, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспорти бекатлари билан боғланади.
Яна бир муҳим чора – биноларга ижтимоий талаблар белгилаш. Масалан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб, мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ ўрни, кўкаламзорлаштириш майдони каби меъёрлар қўйилади.
Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси “Янги Тошкент” концепцияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтимизнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.
Шундан келиб чиқиб, истиқболли ривожланиш ва қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган.
Глобал исиш кузатилаётган бугунги дунёда яшиллик жуда муҳим. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 7 минг гектар яшил майдонлар мавжуд. Президентимиз илгари сурган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасидан келиб чиқиб, Бош режа лойиҳасида бунга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, катта ҳалқа йўли атрофида “яшил камар” яратиш, шаҳардан ўтган каналлар бўйида тематик боғлар ташкил этиш кўзда тутилган. Умуман, пойтахтимизда яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган.
– Шаҳарни ривожлантириш бўйича бу стратагеямизни дунёдаги етук мутахассислар ҳам маъқуллади. Энди ҳар бир жой бўйича халқ фикрини олиб, ақл билан, сифатли қуриш керак. Бу янги шаҳар халқимизга муносиб, иқлимимизга мос, замонавий бўлиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу улкан лойиҳага ёш мутахассисларни жалб этиб, тажрибасини шакллантириш, туман ва шаҳарлар архитектурасини мутаносиб ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Шу боис Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Наманган каби бошқа шаҳарларимизда ҳам лойиҳалаштириш марказлари очиш бўйича кўрсатма берилди.
Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейини реконструкция қилиш, Сурхондарё вилояти Денов тумани марказининг архитектура қиёфасини замонавийлаштириш лойиҳалари ҳам тақдимот қилинди.