13.10.2022
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан билан учрашув ўтказди.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Вьетнам делегацияси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Вьетнам Президенти Нгуен Суан Фукнинг самимий саломини етказди.
Музокаралар чоғида шоличилик, пахтачилик, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва тўқимачилик маҳсулотларини, автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва электроника ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар қайд этилди.
Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш мақсадида яқин ойларда экспертлар даражасида ўзаро ташрифлар ўтказилиши, Ҳукуматлараро комиссия фаолияти қайта тикланиши ҳамда Ўзбекистон-Вьетнам Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилиши юзасидан келишиб олинди.
Парламентлараро муносабатларни йўлга қўйиш, таълимга оид ва бошқа қўшма гуманитар дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.