16.08.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориМаҳалла институти имкониятларидан кенг фойдаланиш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳар бир маҳалла учун бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланмайдиган Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасини (кейинги ўринларда – жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилансинки:
а) қуйидагилар жамғармалар маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
маҳалладаги ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда;
маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар;
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси тавсияси асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари (кредит, грант, беғараз ёрдам ва бошқалар);
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;
б) қуйидагилар жамғармалар маблағларидан молиялаштириладиган асосий йўналишлар ҳисобланади:
маҳалла ҳудудидаги ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимини таъмирлаш ва тиклаш;
маҳалла биноси, маҳалла ҳудудида жойлашган спорт майдони, нуронийлар чойхонаси, ёшлар маркази, болалар майдончаси, кутубхона, маданият марказини қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни инвентар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш;
маҳалла ҳудудида инфратузилмани ривожлантириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда уларнинг турар жойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш.
3. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги:
а) 2023 йил 1 январга қадар:
Кадастр агентлиги билан биргаликда ҳар бир маҳалланинг аниқ чегаралари белгиланишини;
Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда маҳаллаларнинг ягона классификатори ишлаб чиқилиб, Давлат статистика қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминласин;
б) Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллалар ташкил этилиши мезонларини улар ҳудудидаги хонадонлар сонидан келиб чиққан ҳолда белгилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) Молия вазирлиги билан биргаликда доимий равишда жамғармалар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ҳамкорликда ишларни олиб борсин ва 2023 йил 1 январга қадар амалга оширилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин;
г) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–168-сон қарорининг 3-бандига иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
6. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири в.б. Т.А.Худайбергенов ҳамда молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ