05.08.2022
Ҳурматли темир йўл соҳаси ходимлари!
Муҳтарам фахрийлар!
Аввало, сиз, азизларни – моҳир ишчи ва хизматчилар, қурувчи ва муҳандислар, машинист ва вагон кузатувчиларини, шу тизимда сидқидилдан меҳнат қилаётган юртдошларимизни Темир йўл транспорти ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Жондан азиз Ватанимиз мустақиллигининг шонли 31 йиллик байрами арафасида нишонланаётган ушбу қувончли айёмда сизларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятингиз ҳақида сўз юритар эканмиз, истиқлол даврида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳам катта тараққиёт йўлини босиб ўтганини мамнуният билан таъкидлаймиз.
Мустақиллик йилларида 2 минг 400 километрдан ортиқ янги темир йўллар барпо этилгани, мавжуд темир йўлларнинг 3 минг километрдан зиёди электрлаштирилгани, 1 минг 100 километр қисми қайта тиклангани соҳада тарихан қисқа даврда улкан ишлар амалга оширилганидан далолат беради.
Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан мамлакатимизда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг талаб ва эҳтиёжларини таъминлайдиган замонавий темир йўл тизими барпо этилиб, кечаю кундуз самарали фаолият кўрсатиб келаётгани албатта эътиборлидир.
Муҳтарам соҳа ходимлари!
Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улкан ва эзгу мақсадни ўз олдимизга қўйган эканмиз, замонавий тараққиёт омили бўлган темир йўл соҳаси ривожига алоҳида аҳамият беришимиз табиийдир.
Шу мақсадда кейинги йилларда шу борада амалга ошираётган кенг кўламли ишларимиз туфайли Ўзбекистоннинг транзит салоҳияти ва нуфузи ортиб бормоқда.
Ҳеч шубҳасиз, юртимизда темир йўл тармоқларининг кенгайиб бораётгани барча ҳудудларимизни ўзаро мутаносиб ривожлантириш, бой минерал хомашё ресурсларини комплекс ўзлаштиришда янги-янги имкониятлар очмоқда. Шу маънода, темир йўллар – мамлакатнинг ҳаётбахш қон томирларидир, деган ибора айни ҳақиқатдир.
Албатта, халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда темир йўл энг қулай ва хавфсиз транспорт тури эканини барчамиз яхши биламиз. Айниқса, “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил барча ислоҳотларимиз марказига қўйилаётган бугунги кунда ушбу транспортнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти янада ортиб бормоқда, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Шунинг учун темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, хизматлар сифатини яхшилаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Хусусан, локомотивлар, юк ва йўловчи вагонлари парки модернизация қилиниб, янги вокзаллар, муҳандислик иншоотлари барпо этилмоқда, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг билим ва тажрибасини мунтазам ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Юнусобод, Сирғали ер ости ва ер усти метро йўналишлари фойдаланишга топширилгани, қадимий Хива шаҳрига темир йўл тармоғи тортилиб, замонавий вокзал барпо этилгани ва бошқа йирик лойиҳаларни қайд этиш ўринлидир.
Бу ишларнинг узвий давоми сифатида Тошкент шаҳрида ер усти метросининг ҳалқа йўлини қуриш, Бухоро – Мискин темир йўл тармоғини электрлаштириш, Шовот – Қораўзак янги темир йўл линияси ҳамда Амударё узра темир ва автомобиль йўллари кўпригини барпо этиш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда ҳозирги шиддатли тараққиёт даврида соҳани янада ривожлантириш бўйича олдимизда ўта муҳим ва долзарб вазифалар турганини, ўйлайманки, сизлар яхши тушунасиз. Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси талаблари асосида мамлакатимиз темир йўл тизимини модернизация қилиш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этган ҳолда, йирик ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янгича фикрлайдиган, халқимиз ва Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган замонавий кадрларни тайёрлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз керак.
Ишончим комил, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг кўпмиллатли ва аҳил жамоаси ўзининг фидокорона меҳнати, бунёдкорлик салоҳияти билан ана шу вазифаларни муваффақиятли ҳал этиб, мамлакатимиз темир йўл соҳаси ривожини албатта янги босқичга олиб чиқади.
Қадрли ватандошлар!
Бугун – мана шу қутлуғ айёмда соҳа ходимлари меҳнатидан баҳраманд бўлиб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг эзгу тилакларини ифода этган ҳолда, сиз, азизларга жонажон Ватанимиз равнақи ва фаровонлиги йўлидаги самарали меҳнатингиз учун ўз номимдан, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдираман.
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ишларингизда ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман.
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти